Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази (Марказ) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3666-сон қарорига асосан ТДЮУ ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази негизида ташкил этилган.

Халқаро миқёсда Ўзбекистон Республикаси ва мамлакат ташкилотлари манфаатларини муносиб ифода эта оладиган юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш, олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш орқали юридик таълим олишга кенг имконият яратиш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Марказда қуйидаги йўналишларда курслар ташкил этилади:

– Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари;

– Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш курслари;

– Олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 июндаги “Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 453-сон қарори билан Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари ташкил этилган.

Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида фаолият олиб бориш учун етарли даражадаги билим олишни ва кўникма шакллантиришни назарда тутадиган олий таълимдан кейинги ўқитиш шакли ҳисобланади.

Мазкур курсларга тингловчиларни қабул қилиш Тошкент давлат юридик университети Кенгаши томонидан белгиланган ўринларга мувофиқ, тўлов-контракт асосида амалга оширилиб, қабул квотаси 100 (75 ўзбек, 25 рус) тани, тўлов-контракт миқдори эса 10 000 000 сўмни ташкил этади.

Қайта тайёрлаш курсларига ўқиш учун Юридик мутахассисликка қайта тайёрлашга рухсат этиладиган шахсларнинг олий таълим йўналишлари рўйхатида назарда тутилган
79 та олий таълим йўналишларини тамомлаган шахслар хужжат топширишлари мумкин.

Кусларга ҳужжатларни топшириш 2019 йилнинг 2 октябридан 31 октябрга қадар centertsul.uz ёки qabul.сеntertsul.uz сайтлари орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади.

Талабгор электрон аризага қуйидаги ҳужжатларини электрон равишда илова қилиши керак:

– паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат;

– олий маълумот тўғрисидаги диплом (ёки дипломдан кўчирма — Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида битирганлар учун) ва дипломнинг иловаси;

– 3,5 x 4,5 см ўлчамдаги рангли фотосурат.

Курсларга кириш имтиҳонлари юридик касбни танлашнинг асослантирилиши, ҳуқуқ соҳасидаги таянч билимлар ва таҳлилий фикрлашни аниқлаш нуқтаи назаридан суҳбат асосида 2019 йилнинг декабрь ойида ўтказилади.

Курсларда бевосита ўқув жараёни 2020 йилнинг январь ойидан бошланиб, 6 ой давом этади.

Курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахслар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида  юридик хизмат ходими, юрисконсульт, юрисконсульт ёрдамчиси ва юридик хизмат бошлиғи каби лавозимларда ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Мазкур курслар тингловчиларнинг халқаро инвеститсия, халқаро хусусий, тижорат ҳуқуқи, халқаро арбитражнинг моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаш, илғор адвокатлик техникаси, активларни халқаро қидириш ва уларни қайтариш, халқаро тергов қилиш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш ва бошқа шу каби муайян соҳага оид билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, қоида тариқасида, ҳар йили 15 ноябрга қадар вазирликлар ва идораларнинг, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг буюртмалари асосида кейинги календар йил учун таълим йўналишлари кесимида профессионал ўқитиш курслари тингловчиларнинг ойлик дастлабки рўйхати шакллантирилади.

Тингловчиларни қабул қилиш Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган ўринлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда ва суҳбат натижаларига кўра амалга оширилади. Суҳбат халқаро хусусий ва оммавий ҳуқуқ соҳасидаги билимлар, инглиз тилини билиш даражасини аниқлаш учун ўтказилади. Профессионал ўқитиш курсларида таълим олиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Ўқув жараёнида амалиётга йўналтирилган, шу жумладан, видео-конференс-алоқадан фойдаланган холда ўқитишнинг замонавий интерфаол усуллари қўлланилади. Марказда ўқув машғулотларини ўтказиш учун асосан хорижий юристлар ва тегишли чет эл мутахассисларини жалб қилиш шартнома асосда амалга оширилади.

Ўқув машғулотларини ўтказишга арбитраж, суд протсессларини ўз ичига олган халқаро ҳуқуқни қўллаш тажрибасига эга бўлган, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширувчи хорижий юридик компаниялар ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ходимлари ҳам жалб этилиши мумкин.

Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш курслари ҳамкор хорижий юридик компаниялар, арбитраж институтлари ва бошқа таълим муассасалари билан ҳамкорликда тайёрланган дастурлар асосида ташкил этилади.

Курсни муваффақиятли тугатган тингловчилар Адлия вазирлиги тавсиясига биноан хорижий юридик компаниялари, халқаро арбитраж институтлари ва бошқа тегишли ташкилотларда 2-3 ойлик муддатда стажировкага юборилиши белгиланган.

Курс якунида тингловчиларга Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган намунадаги сертификат берилади.

Марказда олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрлар учун “Юриспруденция” ва “Ҳуқуқшунослик” йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилган.

Мазкур курслар педагог кадрларнинг касбий билимлари, кўникмалари ва маҳоратларини узлуксиз янгилаб бориш механизмларини жорий этиш ҳамда замонавий талабларга мувофиқ таълим сифатини таъминлаш учун зарур даражадаги касбий тайёргарликни ўстиришга қаратилган.

Курсларда ўқув жараёни ўқув режа ва дастурларга мувофиқ олиб борилади.

“Юриспруденция” ва “Ҳуқуқшунослик” йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида дарс машғулотлари, тегишли равишда, 12 та модул доирасида назарий, амалий, шунингдек кўчма машғулотлар тарзида олиб борилади.

Курс давомида тингловчилар рейтинги 100 баллик тизимда баҳоланади.

Курсни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга малака аттестатлари берилади.