Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг юқори малакали ҳуқуқшунос кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, замонавий билимлар асосида ҳуқуқшунос кадрларнинг касбий тайёргарлигини ҳамда уларни қайта тайёрлашни тубдан яхшилаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги ПФ-1791-сон Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 21 июлдаги 364-сонли қарори билан Адлия вазирлиги қошида Юристлар малакасини ошириш маркази ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июнда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги” 531-сон қарори  қабул қилинди.

Марказнинг асосий мақсади - Адлия органлари ҳамда адвокатура ходимларини, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, бошқа ташкилотларнинг юридик хизмати ходимларини (юрисконсультларини) қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳисобланади.

Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

тингловчиларни қабул қилинаётган янги қонунлар ва амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, давлат ва жамият қурилиши соҳасини янада демократлаштириш жараёнлари, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллашнинг замонавий талаблари ҳамда ушбу соҳадаги ҳалқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар тажрибаси билан яқиндан таништириш;

ўқув, илмий-методик ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш учун республиканинг етакчи таълим, илмий-тадқиқот муассасалари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, шунингдек ҳалқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларининг тажрибали олимлари, бошқа ходимлари ва экспертларини жалб этиш, шу жумладан шартнома асосида жалб этиш.

Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:

давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизими, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг йўналишлари ва замонавий талаблари асосида адлия, юридик хизмат, адвокатура бўйича ҳуқуқшунос ва бошқа кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

бошқа соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича шартнома асосида ўқишлар ташкил этиш;

ҳуқуқшунослик соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш;

ҳуқуқшунос кадрларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш борасида тавсиялар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш;

ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Марказда Адлия вазирлиги марказий аппарати, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари,  давлат хизматлари агентлиги, давлат нотариал идоралари ходимлари ва адвокатлар, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари (юристконсультлар) малака оширадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги  интеллектуал  мулк  агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4380-сон қарорига мувофиқ, Юристлар малакасини ошириш марказига интеллектуал мулк соҳасидаги кадрларнинг малакасини, шу жумладан пуллик асосда ошириш бўйича қўшимча вазифалар юклатилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2019 йил 31 январдаги 54-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Медиаторларни тайёрлаш дастури”га мувофиқ 2019-2020-ўқув йилидан бошлаб Марказда профессионал медиаторларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун 1 ойлик курслар ташкил этилмоқда.

Марказ директор, директорнинг ўқув-услубий ва илмий ишлар бўйича биринчи ўринбосари ҳамда молия-иқтисод ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосарига эга.

Марказда:

Фуқаровий-ҳуқуқий фанлар кафедраси;

Жиноят-ҳуқуқий фанлар кафедраси;

Давлат ва жамият қурилиши кафедраси;

Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси;

Қонунчилик техникаси ва коррупцияга қарши экспертиза кафедраси;

Ижтимоий фанлар ва психология, юридик  этика кафедраси мавжуд.

Марказда:

Бухгалтерия;

Ахборот-ресурс маркази;

Фан, инновация ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш бўлими;

Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва масофадан ўқитишни ташкил этиш бўлими;

Ўқув жараёнини ташкил этиш ва назорат қилиш бўлими;

Таълим жараёни сифатини услубий таъминлаш, мониторинг қилиш ва баҳолаш бўлими;

Халқаро ҳамкорлик бўлими;

“Буюртмалар портфели” ва маркетингни шакллантириш бўлими;

Таҳририй-нашриёт бўлими;

Маъмурий-хўжалик бўлими фаолият юритади.

Ўзбекистон Республикасининг соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда Буюртмачилар талабларига мувофиқ Малака ошириш курсларида таълим олиш муддати 2 ҳафтагача, қайта тайёрлаш курсларида 3 ойгача давом этади.

Марказда кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари асосида ташкил этилган.

Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган Намунавий ўқув дастурлари ва ишчи ўқув дастурларига асосан амалга оширилади. Ўқув дастурларини ишлаб чиқишда давр талабларидан келиб чиқиб юридик кадрлар олдида турган вазифалар, ҳуқуқшунослик фани ва амалиётининг энг сўнгги ютуқлари инобатга олинади.

Ўқув дастурларига юридик фанлар ва мутахассислик мавзулари билан бирга, тингловчиларнинг раҳбарлик ва вақтни самарали ташкил этиш ва бошқариш кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашишга қаратилган “Вақтни идора этиш ва иш жараёнини самарали ташкил қилиш”, “Низоли вазиятларни ҳал этиш”, “Фуқаролар ва процесс иштирокчилари билан мулоқотда бўлиш кўникмалари”, “Бошқарув кўникмаларини ўстириш”, “Иш жойида стрессни идора эта билиш”, “Нотиқлик маданияти”, “Юридик нутқ маданияти” каби мавзуларда машғулотлар киритилган.

Ўқув юкламасининг қарийб 60 фоизи амалий машғулотларга, 40 фоизи эса тингловчиларни ўтказилаётган ислоҳотлар билан, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан таништиришга бағишланади.

Марказнинг илмий салоҳияти 74 фоизни ташкил этади.

Марказга ҳар йили машғулотлар олиб боришга мамлакатимизнинг етакчи олимлари ва мутахассисларини, шунингдек, парламент аъзолари, Адлия вазирлиги, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Республика суд экспертизаси маркази, Адвокатлар палатаси ва бошқа давлат органлари ҳамда жамоат бирлашмаларининг тажрибали амалиётчи ходимларини жалб этилмоқда.

1997-2019 йилларда Марказда 30 мингдан ортиқ тингловчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқитилган. 2000 йилларда ҳар бир ўқув йилида ўртача 600 нафардан 800 нафаргача тингловчи малака оширган бўлса, 2017/2018 ҳамда 2018/2019 ўқув илларида бу кўрсаткич йилига 3000 нафар тингловчини ташкил этмоқда.

Марказнинг 8000 дан ортиқ китоб фондига эга Ахборот-ресурс маркази мавжуд, у электрон ахборот тармоғига уланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг асарлари ҳамда юридик адабиётларнинг электрон вариантларидан, шунингдек, Lex.uz, Norma, Yurida каби ҳуқуқий ахборот тизимларидан  фойдаланиш мумкин.

Марказда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида яхши халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Марказ БМТнинг Тараққиёт дастури, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакиллиги, ЮНИСЕФ, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар координатори, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения), АҚШнинг USAID, ГТЦ (ГФР), Ф.Эбберт номидаги (ГФР) фондлари каби Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатиб турган халқаро ва хорижий ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Халқаро ҳамкорлар кўмагида ҳар йили Марказнинг профессор- ўқитувчилари учун семинарлар, қисқа муддатли ўқув курслари (“ёзги мактаб”) ташкил этилади.

Марказ АҚШ, Хитой, Германия, Франция, Венгрия, Словакия, Швеция, Польша, Испания, Португалия, Руминия ва бошқа давлатлардаги турдош ўқув муассасалари билан икки томонлама алоқаларни йўлга қўйган.

Марказнинг профессор-ўқитувчилар таркиби, шунингдек ходимлари юридик масалалар бўйича ўқувчилар кенг оммасига мўлжаллаб махсус адабиётлар тайёрлаш юзасидан фаол иш олиб бормоқдалар. Марказнинг Нашриёт бўлими халқаро ҳамкорлар кўмагида ўқув ва амалий қўлланмаларни, материаллар ва норматив ҳужжатлар тўпламларини, монографияларни, маъруза матнлари ва бошқа илмий адабиётларни оммавий нусхада чоп этмоқда. Кейинги уч йилнинг ўзида Марказ томонидан “Инсон ҳуқуқлари”, “Одам савдосига қарши кураш соҳасидаги миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари”, “Инсон ҳуқуқлари таълимига оид БМТ ҳужжатлари”, “Адвокатлик фаолиятининг халқаро стандартлари”, “Судебная система и подготовка судей в зарубежных странах”, “Конституциявий ҳуқуқ”,Судлар фаолиятига замонавий ахборот-комуникация  технологияларини жорий этиш ва бу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари”, “Интелектуал мулк ҳукуқини химоя қилишнинг долзарб масалалари”, “Формирование международной и национальных систем противодействия коррупции”, “Становление морально-этических стандартов государственной службы в зарубежных странах”, “Институционализация ответственности юридических лиц за коррупционные преступления в постсоветских странах”, “Международные стандарты привлечения юридических лиц к ответственности за совершение коррупциионных правонарушений”, “Ўзбекистон Республикаси Оила қонунчилиги”, “Бола ҳуқуқларини таъминлашда фарзандликка олиш институти”, “Ўзбекистон Республикасининг жиноят ҳуқуқи махсус қисм чизмалар альбоми”, “Юридик шахсларнинг коррупцион ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлигини тартибга солувчи халқаро стандартлар тизими”,   “Халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро шартномалар тўплами”, “Иқтисодий ишлар бўйича халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари”, “Фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари”, “Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий ислоҳотларнинг асосий жиҳатлари”, “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари”,  “Жиноят қонунчилиги нормаларини қўллашга оид масалалар тўплами”, “Практикум по гражданскому процессу” ва бошқа ўнлаб китоблар чиқарилди.

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Катта Дархон кўчаси, 6-уй.