БАГАЖ

– йўловчи олиб кетаётган ва сафар давомида йўловчилар вагонида унинг ёнида бўладиган буюмлар, товарлар ва бошқа моддий бойликлар.

БАДАНГА ЕНГИЛ ШИКАСТ ЕТКАЗИШ

Қаранг.: Енгил шикаст етказиш.

БАДАНГА ОҒИР ШИКАСТ ЕТКАЗИШ

– соғлигини бузишни истаган ҳолда баданга жисмоний таъсир кўрсатиш орқали ҳаёт учун хавфли шикаст (соғлиққа ҳақиқий зиён етказиш; меҳнат қобилиятини 33 % дан юқорисини йўқотиш; баданга эстетик зиён етказиш ва ҳомила тушишига сабаб бўлиши).

БАДАНГА ЎРТАЧА ОҒИР ШИКАСТ ЕТКАЗИШ

– 1) соғлиқнинг узоқ вақт, яъни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган даврга ёмонлашуви; 2) умумий меҳнат қобилиятининг ўн фоизидан ўттиз уч фоизигача йўқотилиши.

БАЁННОМА

– барча органлар томонидан юритиладиган фаолиятни, хусусан олиб бориладиган мажлисларни расмийлаштириш шакли. Суднинг ҳар бир мажлиси тўғрисида, шунингдек суд мажлисидан ташқари қилинган ҳар бир алоҳида процессуал ҳаракат тўғрисида баённома тузилади. Суд мажлиси баённомасига қаранг.

БАЁННОМАЛАР

– жиноят процессида тергов ва суд ҳаракатларини олиб бориш тартиби ва натижаларини қайд қиладиган процессуал ҳужжат.

БАЖАРУВЧИ

– жиноятни бевосита тўла ёки қисман содир этган ёхуд Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган шахслардан ёки бошқа воситалардан фойдаланиб, жиноят содир этган шахс.

БАЙРАМ (ИШЛАНМАЙДИГАН) КУНЛАРИ

– қуйидаги кунлар байрам (ишланмайдиган) кунларидир: 1 январь – Янги йил; 8 март – Хотин-қизлар куни; 21 март – Наврўз байрами; 9 май – Хотира ва қадрлаш куни; 1 сентябрь – Мустақиллик куни; 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни; 8 декабрь – Конституция куни; Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни; Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни (МК, 131-м.). Байрам кунлари ходимларни ишга жалб этиш ман этилади. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган алоҳида ҳолларда (МК, 130-м.) иш берувчи ходимларни ўз фармойиши билан ишга жалб қилиш мумкин. Иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

БАЙРОҚ

(инг. flag; голл.vlag) – ёғочга (ёки ипга) бириктирилган мато, бир хил рангдаги ёки ҳар хил рангдаги, аксарият ҳолларда давлат ёки бирон-бир ташкилотнинг рамзи

БАЙРОҚ ҚОНУНИ

– халқаро хусусий ҳуқуқда кема қайси бир давлат байроғи остида сузаётган бўлса, ўша давлатнинг қонуни қўлланилишини англатади.