ДАВЛАТ

– ижтимоий ҳодиса бўлиб, жамиятнинг ҳаракатланишида муҳим роль ўйновчи алоҳида бир ташкилотдир. У ҳар қандай жамият сиёсий тизимининг бир қисми (элементи), ҳокимиятни амалга оширувчи воситадир. Унинг фаолияти жамиятнинг ҳамма соҳасига таъсир қилади. У ваколатни халқдан олади ва ўзига тегишли ваколатни ўзининг махсус тузилмалари - давлат органлари орқали амалга оширади. “Давлат” сўзи кўпинча “мамлакат” сўзи ўрнида ҳам ишлатилади. Масалан, айрим ҳолларда “мамлакатимиз” деган сўз ўрнида “давлатимиз” деган сўзларни учратишимиз мумкин. Давлатнинг кўрсатмаси жамиятнинг ҳамма аъзолари – фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқаролари, мансабдор шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари учун мажбурийдир. Давлат қонун яратади ва ўзи ҳам қонунларга бўйсунади.

ДАВЛАТ АЙБЛОВИ

– жиноят процессида айб эълон қилиш, яъни жиноят қонуни билан тақиқланган қилмишни аниқ бир шахс томонидан содир қилинганлик исботланганлигини жиноий таъқиб органининг расмий тасдиқлаши.

ДАВЛАТ АЙБЛОВЧИСИ

– давлат айбловини қўллаб-қувватловчи мансабдор шахс.

ДАВЛАТ АППАРАТИ

– бу Д.м.нинг бир қисми бўлиб, у давлат ҳокимиятини амалга ошириш учун берилган ваколатларга эга бўлган давлат органлари мажмуидан иборатдир. Давлат аппаратини ташкил этиш ва фаолиятини амалга оширишга доир қуйидаги принциплар мавжуд: а) мамлакат барча аҳолисининг манфаатларини ҳимоя қилиш; б) қонунийлик; в) давлат аппаратини ташкил этишда халқчиллик (демократизм); г) профессионализм, шу жумладан, касб этикаси талабларига қатъий амал қилиш; д) ошкоралик, яъни давлат ҳуқуқий жараёнларида бўлаётган ҳодисалардан аҳолининг хабардорлиги; е) ҳокимият ваколатларининг тақсимланганлиги ва б..

ДАВЛАТ БАЙРОҒИ

– давлат рамзларидан бири бўлиб, давлатнинг ажратиб турувчи белгиси. У мамлакатимиз ҳудудида илгари мавжуд бўлган ғоят қудратли салтанатлар байроғига хос бўлган энг яхши анъаналарни давом эттирган ҳолда республиканинг табиатига хос бўлган хусусиятларни, халқнинг миллий ва маданий соҳалардаги ўзлигини акс эттиради. Байроқ махсус қонун билан тасдиқланади ва қаерларда, қачон ўрнатиб қўйилиши белгиланади. Ўзбекистон байроғидаги мовий ранг – Шарқда азалдан қўлланган бўлиб, осмон ва мусаффо сув рамзидир, оқ ранг – тинчлик ва поклик тимсоли, қизил чизиқлар – ҳаёт рамзи, томирлардан оққан қон ранги, яшил ранг Ўзбекистоннинг гўзал табиати рамзи. Ярим ой ва юлдузлар – мусаффо осмон ва тинчликни билдиради. Байроқ мамлакатимизнинг ўтмиши, бугунги куни ва келажагининг ёрқин рамзидир.

ДАВЛАТ БЕЛГИЛАРИ

– бу давлатни мустақил мамлакат сифатида эътироф этиш учун сабаб бўладиган тушунчалардир. Мустақил давлат бўлиш учун ҳар бир давлатнинг ўз ҳудуди, Конституцияси, аҳолиси (халқи), давлат рамзлари, фуқаролиги, армияси, олий ҳокимият органлари, пул бирлиги бўлиши зарур.

ДАВЛАТ БОЖИ

– суд ва бошқа органларда амалга ошириладиган муайян ҳаракатларни қоплаш учун олинадиган харажат. Судларга даъво аризалари, органлар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятлар, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича аризалар, судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан апелляция, кассация тартибида шикоятлар ва назорат тартибида протест келтириш тўғрисида аризалар, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисида аризалар, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида аризалар берганлик учун, шунингдек судлар томонидан ҳужжатларнинг нусхалари берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ундирилади.

ДАВЛАТ БОШЛИҒИ

– давлатнинг ўз ваколатларини ворислик (монарх - қирол, подшоҳ, император, шоҳ ва б.) ёки сайлов (президент, республика бошлиғи, республика раиси) тартибида оладиган олий мансабдор шахс. Кўпинча ижро этувчи ҳокимият бошлиғи. Бир қанча мамлакатларда Д.б. - бу ҳокимиятнинг барча тармоқлари устидан турувчи, уларнинг фаолиятини уюштирувчи ва мувофиқлаштирувчи шахс. Шунга қарамай, бундай Д.б. хукуматни тузади, бутун давлат аппарати (маъмурияти) фаолиятини йўналтириб боради. Д.б. мамлакат ичида ва ташқи алоқаларда давлат номидан иш кўради.
Монархия давлатларида - Буюк Британия, Дания, Швеция, Испания, Японияда – Д.б. монарх (король, император) бўлиб, унинг ҳокимияти қоидага кўра ҳукмрон шажара вакилидан кейингисига қонунга биноан мерос тариқасида ўтказилади. Республикаларда (Италия, Франция, ГФР, АҚШ ва б.) Д.б. президент бўлиб, у ёки бевосита аҳоли томонидан (Мексика, Панама, Колумбия) ёки билвосита (АҚШ, Аргентина) ёхуд кўп босқичли сайловлар (Италия, ГФР, Ҳиндистон) натижасида сайланади. Кўпчилик давлатларда индивидуал давлат раҳбари мавжуд, президентлик республикаларида давлат раҳбари айни пайтда ҳукумат раҳбари ҳам ҳисобланади.(АҚШ, Мексика, Аргентина). ЎзР Конс.сининг 89-м.сига кўра, ЎзР Президенти Д.б.дир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.

ДАВЛАТ БОШҚАРУВ ОРГАНИ

– бу ҳокимият органлари тизимининг бир қисми бўлган, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш ва ижросини таъминлаш мақсадида давлат томонидан ташкил этиладиган, бошқарув ҳаракатларининг махсус шакл ва услубларидан фойдаланиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида бошқарув функцияларини амалга оширадиган, тегишли тузилишга, компетенцияга, давлат ҳокимият ваколатларига ва давлат хизматчилари штатларига эга бўлган ташкилотдир.

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ

– бу ижтимоии бошқарувнинг бир тури бўлиб, жамиятни бошқаришдир. Айрим назариётчилар Д.б.ни кенг маънода - давлатнинг тартибга солиш фаолияти, махсус субъектларнинг ижтимоий муносабатларга таъсир этиши деб ҳисоблашади. Тор маънода эса, Д.б. – бу маъмурий, яъни давлат ҳокимияти ижро органларининг республика ва маъмурий-ҳудудий бўлинмалар доирасидаги ижро этувчи ва фармойиш берувчи фаолияти эканлиги қайд этилади. Д.б. жамият аъзоларининг биргаликдаги ҳаракатларини бир-бирига мослигини ва интизомини ҳам таъминлайди. Шунингдек, Д.б. ижроия ҳокимият идоралари томонидан давлат ҳаётининг муайян соҳаларига ва объектларига раҳбарликни амалга ошириш фаолиятидир.