ЁЗИШМАЛАРНИНГ СИР САҚЛАНИШИ

– инсоннинг конституциявий ҳуқуқларидан бири бўлиб, у барча турдаги почта, телеграф жўнатмалари (хат, телеграмма, посилка, радиограмма ва б.), телефон сўзлашувлари ва бошқа ҳабарларнинг дахлсизлигини ўз ичига қамраб олади. Ҳеч кимнинг шахс иродасига зид ҳолатда унинг ёзишмалари, телефон сўзлашувлари, телеграф маълумотлари билан танишишга ҳаққи йўқ. Бундай ҳолда албатта прокурорнинг санкцияси ёки суднинг ажрими бўлиши шарт.

ЁЗМА ДАЛИЛЛАР

– ёзма далиллар иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар баён этилган ҳужжатлар, хизматга дахлдор ва шахсий ёзишмалар.

ЁЗМА ДАЛИЛЛАР

– мансабдор шахс ёки фуқаро томонидан сўз, рақам чизма ёки бошқа шаклда ёзилган ва иш учун аҳамиятли бўлган маълумотларни сақлаш, ўзгартириш, бериш учун мўлжалланган ҳужжат ёки бошқа ёзувлар.

ЁЗМА ХАТ -ХАБАРЛАР

– оддий, буюртма, қиймати эълон қилинган хатлар ва бандероллар, оддий, буюртма почта варақчалари ҳамда оддий, буюртма секограммалар, шунингдек, майда пакетлар.

ЁЛЛАНИШ

– тўқнашувчи (урушувчи) мамлакат фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмаган ёхуд тўқнашувчи тараф томонидан назорат қилинаётган ҳудудда доимий яшамайдиган ёки қуролли кучлар таркибида расмий мажбуриятларни бажариш учун ҳеч бир давлат томонидан ваколат берилмаган шахснинг чет давлат ҳудудида ёки тарафида қуролли тўқнашувда ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши.

ЁЛЛАНУВЧИ

– қуролли тўқнашувда жанг қилиш учун ҳарбий ҳаракатлар жойида ёки чет элдан махсус ёлланган, мазкур тарафнинг қуролли кучлари шахсий таркибига кирувчи шундай даража ва вазифадаги комбатант (ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашувчиники)дан анча ортиқ ҳақ ваъда қилиниб, шахсий наф олиш истагида бўлган шахс сифатида тўқнашувчи тарафларнинг фуқароси бўлмаган, тўқнашувчи тараф назорат қилаётган ҳудудда доимий яшамайдиган; тўқнашувчи тарафнинг қуролли кучлари шахсий таркибига кирмайдиган, давлат томонидан юборилмаган, унинг қуролли кучлари таркибига кирувчи шахс саналмайдиган шахс.

ЁЛҒОН ГУВОҲЛИК БЕРИШ

– судда ёхуд суриштирув ёки дастлабки тергов даврида гувоҳнинг ёки жабрланувчининг била туриб ёлғон кўрсатув бериши.

ЁЛҒОН ХАБАР БЕРИШ

– ёзма ёки оғзаки равишда бевосита айбдор ёки бошқа шахс томонидан содир этилган, тамом бўлган жиноят ҳақидаги ёки жиноятга тайёргарлик кўрилаётганлигини ёхуд тажовуз ҳақидаги ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабар бериш.

ЕНГИЛ ТАН ЖАРОҲАТИ

– 1) соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган баданга енгил шикаст етказиш; 2) соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш.

ЕНГИЛРОҚ ЖАЗО ТАЙИНЛАШ

– содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддасида назарда тутилган жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинланиши.