ЖАБРДИЙДА

– жиноят, худди шунингдек, ақли норасо шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши шахсга маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар етказган деб ҳисоблаш учун далиллар бўлган тақдирда, бундай шахс жабрланувчи деб эътироф этилгунга қадар жабрдийда ҳисобланади.

ЖАБРЛАНУВЧИ

– жиноят натижасида зарар кўрган шахс

ЖАВОБГАР

– фуқаролик процессида иштирок этадиган тарафлардан бири ҳисобланади. Ж. суд томонидан даъвогарнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари юзасидан жавоб бериш учун жалб қилинган шахс.

ЖАВОБГАРЛИК АСОСЛАРИ

– Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят таркибининг барча аломатлари мавжуд бўлган қилмишнинг содир этилиши.

ЖАВОБГАРЛИКНИНГ МУҚАРРАРЛИГИ ПРИНЦИПИ

– қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт.

ЖАВОБГАРНИ ҚИДИРИШ

– фуқаролик суд ишларини юритишда айрим туркумдаги ишларни судда кўрилишида жавобгар қидирилиши шарт. Жумладан, ФПКнинг 140-моддаига кўра, алимент ундириш ҳақидаги, майиб бўлиш ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлиги, шунингдек боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар бўйича жавобгарнинг (қарздорнинг) амалдаги яшаш жойи номаълум бўлса, жавобгар (қарздор) қидирилиши шарт. Бундай ҳолларда суд ички ишлар органлари жавобгарни (қарздорни) қидириши тўғрисида ажрим чиқаради.

ЖАВОБГАРНИНГ ПРОЦЕССУАЛ ХУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

– жавобгар ишда иштирок этувчи тарафлардан бири хисобланади. Жавобгарнинг хуқуқлари: иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни судда кўриш давомида туғиладиган ҳамма масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш, суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва буйруғи устидан шикоят қилиш, суд чиқарган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва буйруқнинг мажбурий ижросини талаб қилиш, суд ижрочисининг ҳаракатлари вақтида ҳозир бўлиш ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Шунингдек, жавобгарнинг махсус процессуал хуқуқлари хам мавжуд. Улар қуйидагилар: даъвогарнинг талабини тўлиқ ёки қисман тан олиш, келишув битими тузиш, эътироз билдириш, қарши даъво келтириш ва бошқалар. Жавобгарнинг мажбуриятлари: барча процессуал ҳуқуқлардан инсофли равишда фойдаланиши, судга ўз вақтида етиб келиши ва ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажариши, далилларни тақдим этиш, суд харажатларини тўлиш ва бошқ.

ЖАЗО

– жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланадиган ва мақкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чораси.

ЖАЗО МУДДАТИ

– суд томонидан жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсга Жиноят кодексида белгиланган жазолардан бирини тайинлаш асосида белгиланган муддат.

ЖАЗО ТАЙИНЛАШНИНГ УМУМИЙ АСОСЛАРИ

– жиноят содир этишда қонунда белгиланган тартибда айбли деб топилган шахс жазога тортилади. Суд Жиноят кодекси Махсус қисмининг жиноят содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган моддасида белгиланган доирада Умумий қисмининг қоидаларига мувофиқ жазо тайинлайди. Суд жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олади.