ЗАXИРА ЕРЛАР

– давлат ер фондининг юридик ва жисмоний шахслар эгалигига ҳамда фойдаланишига, ижарага берилмаган, мулк этиб реализация қилинмаган барча ерлари.

ЗАРАР

– ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек, бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда).

ЗАРАР ЕТКАЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИКНИ СУҒУРТА ҚИЛИШ

– бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказилиши оқибатида юзага келадиган мажбуриятлар юзасидан жавобгарлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта қилдирувчининг ўзининг ёки бундай жавобгарлик юкланиши мумкин бўлган бошқа шахснинг жавобгарлик хавфи суғурталаниши мумкин.
Зарар етказганлик учун жавобгарлик хавфи суғурталанган шахс суғурта шартномасида кўрсатилиши лозим. Агар бу шахс шартномада кўрсатилмаган бўлса, суғурта қилдирувчининг ўзининг жавобгарлик хавфи суғурталанган ҳисобланади.
Зарар етказганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилиш шартномаси, ҳатто шартнома зарар етказилганлиги учун жавобгар бўлган суғурта қилдирувчи ёки бошқа шахс фойдасига тузилган ёхуд шартномада у кимнинг фойдасига тузилгани кўрсатилмаган тақдирда ҳам, зарар етказилиши мумкин бўлган шахслар (наф олувчилар) фойдасига тузилган деб ҳисобланади.
Зарар етказганлик учун жавобгарлик уни суғурта қилиш мажбурий бўлгани сабабли суғурталанган тақдирда, шунингдек, қонунда ёки бундай жавобгарликни суғурта қилиш шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда суғурта шартномаси ўз фойдасига тузилган деб ҳисобланувчи шахс зарарни суғурта пули доирасида тўлаш тўғрисида бевосита суғурталовчига талаб қўйишга ҳақли.

ЗАРАР ЕТКАЗИЛГАН ЖОЙ МАМЛАКАТ ҚОНУНИ

(lex loci delecti commisi) – зарар қайси давлат ҳудудида етказилган бўлса, ушбу давлат ҳуқуқи қўлланиши лозимлигини белгиловчи коллизион боғланиш.

ЗАРАР КЕЛТИРУВЧИ КОМПЬЮТЕР ДАСТУРЛАРИ

– фойдаланувчи рухсат бермаган ҳаракатларни бажаришга ва шу тариқа компьютер тизимида сақланаётган ёки узатилаётган ахборот мулкдори (эгаси)га уни йўқ қилиб юбориш, тўсиб қўйиш, модификациялаштириш, ундан нусха кўчириш ёки уни қўлга киритиш тарзида зиён етказишга, шунингдек, ўзга нохуш оқибатларга сабаб бўлишга қодир бўлган, махсус яратилган дастурлар.

ЗАРАРЛИ КИМЁВИЙ МОДДАЛАР БИЛАН МУОМАЛАДА БЎЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗИШ

– хавфли чиқиндиларнинг ман қилинган турларини ишлаб чиқариш, ўтказиш, сақлаш, кўмиш, фойдаланиш, шунингдек, радиоактив, бактериологик, кимёвий моддалар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш, шу орқали инсон соғлиғи ва атроф табиий муҳитга зарар етказиш хавфини туғдириш.

ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ

– 1) жиноят ишини юритиш ваколатига эга шахсларнинг жиноят натижасида етказилган моддий зарарни қоплаши; 2) меҳнат шартномаси тарафлари (ходим ва иш берувчи)нинг ЎзР Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган меҳнат муносабатларида ўз мажбуриятларини бажармаслиги оқибатида зарар етказилиши билан боғлиқ мажбурият; 3) ҳуқуқни бузган шахс бунинг натижасида даромад олган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс бошқа зарар билан бир қаторда бой берилган фойда бундай даромаддан кам бўлмаган миқдорда тўланишини талаб қилишга ҳақли. Зарар – ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) дир. Агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин.

ЗАРУРИЙ МУДОФАА

- мудофааланувчи ёхуд бошқа кишининг шахси ёки ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини қонунга хилоф тажовузлардан тажовузчига зарар етказган ҳолда ҳимоя қилиш чоғида зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқилмасдан қилинган ҳаракат

ЗАРУРИЙ МУДОФАА

– мудофааланувчининг ёхуд бошқа шахснинг ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини уларга нисбатан ғайриҳуқуқий тажовуз қилаётган шахсга зарар етказиш йўли б–н ҳимоя қилиш. Зарурий мудофаа ҳуқуқи фуқароларнинг давлат ва жамоат манфаатларига, фуқароларга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳар қандай тажовуз қилишлардан ҳимоя қилишга оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.

ЗАРУРИЙ МУДОФАА ЧЕГАРАСИДАН ЧЕТГА ЧИҚИШ

– тажовузнинг хусусияти ва хавфлилиги даражасига бутунлай мувофиқ келмайдиган мудофаа, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш деб топилади. Ҳимоя тажовуз характери ва хавфлилигига мувофиқ бўлиши шарт. Лекин ҳимояланаётган шахс, одатда, ҳар доим ҳам тажовузнинг характери ва хавфлилигини аниқ англай олмайди ва жиноятнинг олдини олиш учун керакли бўлган зарарни етказади. Шу сабабли зарурий мудофаа ҳолатида бўлган шахс етказган зарар кўрсатилган тажовузга нисбатан кам, тенг ёки кўп бўлиши мумкин. Бироқ, бу ҳолат қилмишни зарурий мудофаа деб топмасликни англатмайди. Негаки, зарурий мудофаадаги муҳим ҳолат тажовуздан келиб чиқадиган зарарни камайтириш эмас, балки ижтимоий манфаатларни ҳимоялашдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 100-моддасида зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, одам ўлдирганлик, 107-моддасида зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.