ИДОРАВИЙ АРХИВ

– юридик шахснинг архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи таркибий бўлинмаси.

ИЖАРА

– шартнома бўлиб, унга кўра, бир томон (ижарага берувчи), бошқа томонга (ижарага олувчи) бирор бир мулкни ҳақ эвазига вақтинча фойдаланишга бериш мажбуриятини олади.

ИЖАРА (ЛИЗИНГ) ТЎЛОВИ

– ижарачи (лизинг олувчи) тузилган ижара (лизинг) шартномаси асосида ижарага берувчига (лизинг берувчига) тўлайдиган сумма.

ИЖАРАГА БЕРУВЧИНИНГ (ЛИЗИНГ БЕРУВЧИНИНГ) ФОИЗЛИ ДАРОМАДИ

– бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган ижара (лизинг) тўлови суммаси билан ижара (лизинг) объектининг қийматини қоплаш суммаси ўртасидаги фарқ кўринишидаги ижара (лизинг) тўловининг бир қисми.

ИЖОД ЭРКИНЛИГИ

– ҳар ким илм, техника, адабиёт, санъат ва маданият соҳаларида эркин ижод қилиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқдан фойдаланиш натижасида илм-фан, техника ривожланади. Бундан давлат ҳам, ижодкор ҳам манфаатдор бўлади.

ИЖРО ВАРАҚАСИ

- суд қарорининг мажбурий ижроси қарорни қабул қилган суд берадиган ижро варақаси асосида амалга оширилади. Ижро варақаси ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан сўнг суд томонидан ундирувчига берилади, дарҳол ижро этиш ҳоллари бундан мустаснодир, бунда ижро варақаси ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин дарҳол берилади. Ҳар бир ҳал қилув қарори бўйича битта ижро варақаси берилади.

ИЖРО ИШИ ЮРИТИШ

– суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш мақсадида суд ижрочиси томонидан амалга ошириладиган ҳаракат тушунилади. Ижро ишини юритиш суд ижрочиси томонидан ижро ишини қўзғатиш тўғрисида қарор чиқариш орқали бошланади. Ижро ишини юритиш Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни ва қонун ости ҳужжатлари асосида амалга оширилади. Ҳуқуқнинг процессуал соҳасидир, унда вужудга келадиган барча муносабатлар бир хил, процесссуал хусусиятга эгадир.

ИЖРО ИШИ ЮРИТИШДА ВАКИЛЛИК

– бир шахснинг (вакилнинг) бошқа шахс (ваколат берувчининг) ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, шунингдек, суд ижрочиси томонидан ижро ҳужжатларини ижро этишда ваколат берувчига унинг ҳуқуқларини амалга оширишда ёрдам бериш учун унинг номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб ўзига берилган ваколатнома асосида амалга ошириладиган фаолият.

ИЖРО ИШИ ЮРИТИШДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ ШАХСЛАР

– бу маълум юридик манфаатга (моддий ва (ёки) процессуал-ҳуқуқий) эга бўлган ва ижро иши юритишда ўз номидан ёхуд бошқа шахслар номидан ўзининг манфаатлари, бошқа шахслар манфаатлари, давлат ва жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш учун иштирок этадиган ижро иши юритишнинг барча иштирокчиларидир.

ИЖРО ИШИ ЮРИТИШДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ ШАХСЛАР

– Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунига кўра, ижро ишини юритишда тарафлар (ундирувчи ва қарздор), холислар, вакиллар, таржимон, мутахассис иштирок этади. Шунингдек, ижро ишини юритишда давлат органлари, кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар иштирок этиши мумкин. Чунки, суд ижрочилари ижро ҳужжатларини ижросини таъинлаш мақсадида давлат органлари, кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади.