ЛИЦЕНЗИЯ ДАЪВОГАРИ

– лицензияловчи органга фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган юридик ёки жисмоний шахс.

ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ

– фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошираётганда лицензиат томонидан бажарилиши мажбурий бўлган, қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар ва шартларнинг мажмуи.

ЛИЦЕНЗИЯ ШАРТНОМАСИ

– лицензия шартномаси бўйича интеллектуал фаолият натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган тараф (лицензиар) бошқа тарафга (лицензиатга) тегишли интеллектуал мулк объектидан фойдаланишга рухсатнома беради. Лицензия шартномаси бериладиган ҳуқуқларни, фойдаланиш чегаралари ва муддатларини аниқлаши лозим. Лицензия шартномаси пуллик ҳисобланади. Лицензия шартномаси лицензиатга қуйидагиларни беришни назарда тутиши мумкин: интеллектуал мулк объектидан, лицензиарнинг ундан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа шахсларга лицензия бериш ҳуқуқи сақланиб қолган ҳолда (оддий номутлақ лицензия) фойдаланиш ҳуқуқини; интеллектуал мулк объектидан, лицензиарнинг ундан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолган ҳолда, бироқ бошқа шахсларга лицензияни бериш ҳуқуқисиз (мутлақ лицензия) фойдаланиш ҳуқуқини;
қонунда йўл қўйиладиган бошқа турдаги лицензияларни. Агар лицензия шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лицензия оддий (номутлақ) деб ҳисобланади.

ЛИЦЕНЗИЯ ШАРТНОМАСИ

– фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензиатнинг лицензия олиши ва ундан фойдаланиши борасидаги лицензияловчи орган билан лицензия даъвогари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб турадиган ва улар ўртасида тузиладиган шартнома.

ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ

– берилган, тўхтатиб турилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган лицензиялар, шунингдек, амал қилиши тугатилган лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган лицензияловчи органларнинг маълумотлар базалари мажмуи.

ЛИЦЕНЗИЯЛАШ

– лицензия бериш тўғрисидаги аризани топшириш ва кўриб чиқиш, лицензияни қайта расмийлаштириш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш жараёни билан боғлиқ тадбирлар комплекси.

ЛИЦЕНЗИЯЛОВЧИ ОРГАНЛАР

– қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензиялашни амалга оширувчи махсус ваколатли органлар.

ЛОЙИҲА ВА ҚИДИРУВ ИШЛАРИ ПУДРАТ ШАРТНОМАСИ

– Лойиҳа ва қидирув ишлари пудрат шартномаси бўйича пудратчи (лойиҳаловчи, қидирувчи) буюртмачининг топшириғи бўйича белгиланган муддатда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва (ёки) қидирув ишларини бажариш мажбуриятини, буюртмачи эса уни қабул қилиб олиш ва ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лойиҳа ва қидирув ишлари шартномасини тасодифан бажариш мумкин бўлмаслиги хавфи буюртмачининг зиммасига тушади

ЛОМБАРДДА ОМОНАТ САҚЛАШ

– Ломбардда омонат сақлаш учун фуқаролардан шахсий истеъмолга мўлжалланган кўчар ашёлар қабул қилиниши мумкин.
Ашёни ломбардда омонат сақлаш шартномаси ломбард томонидан юк топширувчига (мижозга) унинг номи ёзилган сақлов паттаси бериш йўли билан расмийлаштирилади.
Ломбардга сақлаш учун топшириладиган ашё тарафларнинг келишуви билан сақлаш учун қабул қилиш пайтида ва жойида одатда савдода шу турдаги ва сифатдаги ашёга белгиланадиган нархларга мувофиқ баҳоланиши керак.
Ломбард сақлаш учун қабул қилинган ашёларни ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ чиқарилган нархнинг тўлиқ суммасида ўз ҳисобидан юк топширувчи фойдасига суғурталаши шарт

ЛОРДЛАР ПАЛАТАСИ

– Буюк Британия парламенти юқори палатасининг номи, унинг таркибига дунёвий ва диний лордлар (пэрлар) киради. Л.п. мерос асосида шакллантирилади ва таркиби ҳамда аъзолари сони ўзгариб туради (1999 й.да 1223 та эди). Л.п.да Бош вазир (формал-монарх) тайинлайдиган лорд-канцлер раислик қилади.