НАЗОРАТ ИНСТАНЦИЯСИ

– жиноят иши апелляция ёки кассация тартибида кўрилганидан сўнг чиқарилган суд қарорларига назорат тартибида киритилган шикоят ва протестларни мазмунан кўриб чиқиш ваколатига эга юқори турувчи суд инстанцияси.

НАЗОРАТ ТАРТИБИДА ТЕКШИРИШ

– хўжалик юритувчи субъектларнинг илгариги текширишда кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этиши устидан назорат қилувчи органлар амалга оширадиган текшириш.

НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР

– хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар.

НАЗОРАТСИЗ

– ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаганни таъминлаш, тарбиялаш ва унга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик оқибатида хулқ-атвори назоратсиз қолган вояга етмаган.

НАМОЙИШ

– фуқаролар гуруҳларининг плакатлар, транспарант (рамкага тортилган расм, шиор ва ш.к. ёзилган мато)лар ва б. кўргазмали ташвиқот воситаларидан фойдаланган ҳолда жамоавий кайфиятини ташкилий-оммавий билдириш. Оммавий тадбирларнинг бир кўриниши ҳисобланади. Н.лар эркинлиги фуқароларнинг асосий конституциявий сиёсий эркинликларидан биридир. Фуқароларнинг ўз ижтимоий фаолликларини митинглар, йиғилишлар ва Н.лар шаклида амалга ошириш ҳуқуқи ЎзР Конс.си 33-м.сида кафолатланган.

НАРСА ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ КЎЗДАН КЕЧИРИШ

– техник воситалардан фойдаланилган ҳолда, башарти нарса ёки ҳужжатларнинг йўқолишига ёхуд шикастланишига олиб келмаса, ўтказилиши мумкин бўлган тергов ҳаракати.

НАТУРАЛЛАШИШ

– туғилгандан кейин (шахснинг илтимосига кўра, никоҳ ёки болани асраб олиш ҳолатларида) бирон-бир давлатнинг фуқаролиги қабул қилинишини билдиради. Шахснинг илтимосига кўра Н. (фуқаролиги бўлган ёки чет эл фуқароси бўлган ҳолатлар) энг кўп тарқалган. Аризаларни кўриб чиқиш тартиби ва фуқароликка қабул қилиш шартлари давлат қонунлари б-н белгиланади. Кўпчилик мамлакатлар тажрибасига кўра мазкур давлатда муайян вақт мобайнида Ўзбекистонда 5 й. ва б.) яшаб туриш зарурияти, мазкур мамлакат тилини билиш, “яхши хулқ ва яхши ахлоқ”, муайян ёшга етиш, мазкур давлатда муқим яшаш учун жойлашиш истаги ва б. шартлар хосдир. Бу талабларда ривожланган мамлакатлар фуқаролигини қабул қилишга сиёсий, ижтимоий, миллий ва б. сабабларга кўра кераксиз топилган шахсларнинг натураллашувига рад жавоби бериш учун асос ва сабаблар вужудга келтиришга интилиш ўз ифодасини топган. Никоҳ ҳолатида Н. ҳам асосан давлатларнинг ички қонунчилиги б-н тартибга солинади. Натижада, кўпчилик ҳолатларда турмушга чиққан аёл фуқароликдан маҳрум бўлган шахс ёки фуқароликка эга бўлган шахс ҳолатига тушиб қолиши мумкин.

НАЦИОНАЛИЗАЦИЯ

– фуқароларга ҳамда юридик шахсларга қарашли национализация қилинаётган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини ҳақ тўлаш асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ихтиёрига ўтказишдан иборат. Мазкур мол-мулк кейинчалик денационализация қилинган тақдирда, агар қонунларда ўзгача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, собиқ мулкдорлар ушбу мол-мулкнинг қайтариб берилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

НЕГАТОР ДАЪВО

– мулкдорнинг ҳуқуқларини эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилиш бўлиб, яъни мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини ҳар қандай бузилишини, гарчи бу бузиш эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, бартараф этишни талаб қилиши мумкин эканлиги.

НЕУСТОЙКА

– қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кредиторга тўлаши шарт бўлган жарима ва пеня шаклидаги пул суммасидир.