ОБИДА

– тарихий қимматга эга бўлган ёки ноёб архитектура намунаси ҳисобланган мажмуаларга давлат томонидан махсус мақомнинг берилиши. Маълум бино–иншоотлар, уларнинг алоҳида қисмлари, бинолар мажмуаси, ҳайкаллар, боғлар ва шу кабилар обида бўлиши мумкин.

ОБЛИГАЦИЯ

– Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда қарз шартномаси облигациялар чиқариш ва сотиш йўли билан тузилиши мумкин. Облигация қимматли қоғоз бўлиб, уни сақловчининг облигацияни чиқарган шахсдан облигацияда назарда тутилган муддатда облигациянинг номинал қийматини ёки бошқа мулкий эквивалентини олиш ҳуқуқини тасдиқлайди. Облигация уни сақловчига облигациянинг номинал қийматидан облигацияда қайд этилган миқдорда фоизлар олиш ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни ҳам беради.

ОБЪЕКТ

– (лот. нарса) – субъектга қарама–қарши бўлган ҳамда инсоннинг амалий ва билиш фаолияти қаратилган объектив реаллик(ҳуқуқда) ҳамда қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатлар.

ОВОЗ БЕРИШ

– референдум ва сайловда иштирокчиларнинг истак-хоҳишини амалга ошириш шакли. Овоз бериш яширин ёки очиқ бўлиши мумкин. Овоз бериш демократик ўтиши, овоз берувчига ташқи таъсир бўлмаслиги учун яширин овоз бериш тартиби ўрнатилади. Референдумда бирор-бир масалага овоз берилса, сайловда шахсга нисбатан овоз берилади. Овоз бериш фақат умумий сайловларда эмас, вакиллик органларининг фаолиятида ҳам қўлланилади. У ерда ҳар бир масала овозга қўйилиб, ҳал қилинади. Қандай масалалар очиқ овоз билан, қандай масалалар яширин овоз бериш йўли билан ҳал қилиниши қонун ва бошқа ҳужжатларда белгилаб қўйилади.

ОДАМ САВДОСИ

– куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ё бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

ОДАМ ЎЛДИРИШ

– ҳуқуққа хилоф равишда қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасидан бошқа кишини ҳаётдан маҳрум қилиш. Ёшидан, унинг соғлиғи ёки яшаш қобилиятидан қатъи назар, ҳар қандай кишининг ҳаёти жиноят қонуни билан қўриқланади. Шу сабабли чақалоқ, кекса, соғлом ёки касал одамни ҳаётдан маҳрум қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат одам ўлдириш деб тан олинади.

ОДАТ ҲУҚУҚИ

узоқ давр мобайнида амалда бўлиш натижасида шаклланган ва давлат томонидан умуммажбурий қоида сифатида тан олинган юриш–туриш қоидаси.

ОДДИЙ ДИСПОЗИЦИЯ

– жиноят таркибининг белгилари кўрсатилмай, фақат жиноятнинг номини акс эттирувчи диспозиция

ОДДИЙ ШИРКАТ ШАРТНОМАСИ – оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) бўйича шериклар (иштирокчилар) деб аталувчи икки ёки ундан ортиқ шахс фойда олиш ёки қонунга зид бўлмаган бошқа мақсадга эришиш учун ўз ҳиссаларини қўшиш ва юридик шахс тузмасдан биргаликда иш қилиш мажбуриятини оладилар.

Фақат якка тадбиркорлар ва (ёки) тижорат ташкилотлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тузиладиган оддий ширкат шартномасининг тарафлари бўлишлари мумкин.
Оддий ширкат шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим.

ОДИЛ СУДЛОВ

– Ўзбекистон Республикасида фақат суд томонидан амалга оширилади.