ПАКТ

(лот. pactum “шартнома”) – халқаро шартнома бўлиб, йирик сиёсий аҳамиятга эга бўлган ҳужжат.

ПАРИТЕТ ПРИНЦИПИ

(миллий раислик) – бирор-бир давлат фуқаролари ёки ҳуқуқий шахслари эга бўлган ҳуқуқий мавқега бошқа давлат фуқаролари ёки ҳуқуқий шахсларнинг ҳам амал қилишларини таъминловчи режим (талаб).

ПАРИТЕТ СУДЛАРИ

– қатор мамлакатларда давлатнинг маслаҳатлашув органлари ҳисобланиб, меҳнат низолари ва шунга ўхшаш масалаларни ҳал этиш учун таъсис этилган.

ПАРЛАМЕНТ

– бу сўзнинг асл маъноси “мунозара жойи”, французча “parlie” – гап-сўз, баҳс, “ment” – жой, ўрин демакдир. Демократик давлатларда олий вакиллик ва қонунчилик органининг номидир. Парламент биринчи марта XIII асрда Англияда ташкил қилинган. Олий вакиллик органлари бир неча мамлакатларда жумладан, Буюк Британия, Франция, Италия, Канада, Бельгияда тўғридан-тўғри парламент деб аталади. АҚШ ва баъзи Лотин Америкаси мамлакатларида Конгресс, Россияда Федерал Мажлис, Латвия, Польшада Сейм деб аталади. Ўзбекистонда эса, у Олий Мажлисдир. Парламентни ташкил қилиш тартиби, ваколат муддати, ваколат доираси турли мамлакатларда турлича бўлиб, улар Конституция ҳамда қонунларда белгилаб кўйилади.

ПАРЛАМЕНТ БАХСЛАРИ

– парламент фаолиятини амалга оширишнинг бир шакли. П.б.да у ёки бу қонун лойиҳалари бўйича чиқишлар бўлиб, унда депутатлар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирадилар.

ПАРЛАМЕНТ ГУРУҲИ

– парламент депутатлари тузадиган бирлашмаларнинг умумлашма номи.

ПАРЛАМЕНТ ИММУНИТЕТИ

– парламент депутатларининг дахлсизлиги ва жавобгарликка тортилмаслиги.
Депутатнинг жавобгарликка тортилмаслиги унинг сўз эркинлиги ва овоз бериш эркинлигида ифодаланиб, маъноси шундаки, парламент аъзоси олий вакиллик органи мажлисларида билдирган фикри ва берган овози учун жавобгарликка тортилмайди. Жавобгарликка тортилмаслик депутат учун имтиёз эмас, балки халқ манфаатини ифода этишдаги масъулиятдир.
ЎзР Конс.си депутатлик иммунитетини назарда тутувчи қоидани мустаҳкамлайди.

ПАРЛАМЕНТ КАНИКУЛЛАРИ

– парламент сессиялари орасидаги вақт; депутатлар томонидан дам олиш ва ўз округларида сайловчилар б-н ишлаш учун фойдаланилади.

ПАРЛАМЕНТ КОАЛИЦИЯСИ

– одатда, парламентда бошқа партия, ҳаракатларга қараганда кўпроқ депутатлик ўрнини олган (аммо барча депутатлар сонининг ярмидан кўпи бўлмаган қисмини олган, шу сабабли бир партия ҳукумат туза олмайдиган) партиянинг коалицион ҳукумат тузиш ва парламентнинг қўллаб-қуватлашни таъминлаш мақсадида бошқа бирон-бир партия, ҳаракат б-н бирлашуви.

ПАРЛАМЕНТ КОМИССИЯЛАРИ

– парламент томонидан тузиладиган ёрдамчи органлар. П.к. ичида қонунчилик комиссиялари муҳим ўрин тутади, чунки аксарият қонун лойиҳалари, резолюциялар лойиҳалари ва парламент томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлар уларнинг қўлидан ўтади. Ваколат муддати ва ваколат ҳажмига боғлиқ равишда П.к. доимий (парламентнинг бутун ваколати муддатига тузиладиган), вақтинчалик ҳамда махсус турларга бўлинади. Кўпгина давлатларда (АҚШ, Франция, Италия, ГФР, Финляндия ва б.ларда) парламентлар доимий қонунчилик комиссияларини тузади. Одатда бундай комиссиялар иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, ҳарбий ва ҳ.к. соҳаларга ихтисослаштирилади. Вақтинчалик комиссиялар (асосан ихтисослаштирилмаган) бирор-бир аниқ масалани кўриб чиқиш учун тузилади. Буюк Британия Жамоалар палатаси ихтисослаштирилмаган бир қатор доимий комиссияларни тузади (мас, А, В, С, Б ва б. комитетлар). АҚШ, Италия каби давлатларда такдим этилаётган қонун лойиҳалари бўйича кенг ваколатларга эга бўлган П.к.ни тузиш амалиёти қўлланади. П.к. одатда регламентга асосан сайлаш орқали тузилади ва ўз таркибида парламентдаги сиёсий партиялар муносабатини сақлаб қолади. Шунингдек, ҳукумат, жамоат ташкилотлари, корхоналар ва ҳ.к. фаолиятини текшириш мақсадида П.к. тузиш амалиёти ҳам кенг тарқалган. Баъзи мамлакатларда парламент тартибини енгиллаштириш мақсадида палаталарнинг умумий комитетлари тузилади (мас, Буюк Британия Жамоалар палатасининг Йўллар ва воситалар комитети). Мазкур комитетлар палатанинг барча депутатларини ўзида бириктиради, бироқ улар палата раиси эмас балки, тегишли комитет раиси раҳбарлиги остида ишлайдилар.