ЎЗ -ЎЗИГА ИШОНИШ

– жиноятни содир этган шахс ўз хулқ-атвори қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига кўзи ета туриб, эҳтиёткорлик чора-тадбирларига онгли равишда риоя этмаган ҳолда бундай оқибатлар келиб чиқмаслигига асоссиз равишда умид қилиши.

ЎЗ -ЎЗИДАН ҲАҚИҚИЙ БЎЛМАГАН БИТИМЛАР

– ФКда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топилишидан қатъи назар ҳақиқий эмас деб ҳисобланадиган битим. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўлланиш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкин. Суд бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли.

ЎЗАРОЛИК

– чет эл давлати жисмоний ва юридик шахсларига муайян ҳуқуқларни, мазкур ҳуқуқларни тақдим этувчи давлатнинг жисмоний ва юридик шахсларига мазкур чет эл давлатида худди шундай ҳуқуқлардан фойдаланиш шарти билан тақдим этилишидир.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИ

– Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлик қилади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган биринчи ўринбосарига, ўринбосарларига эга бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳамда унинг ўринбосарларини лавозимига тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида бош бошқармалар, бошқармалар ва бўлимлар ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг катта ёрдамчилари ва ёрдамчилари, бош бошқармалар, бошқармалар, бўлимларнинг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, катта прокурорлар, прокурорлар, алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчилар ва алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИ ҲУЗУРИДАГИ СОЛИҚ ВА ВАЛЮТАГА ОИД ЖИНОЯТЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ ДЕАРТАМЕНТИ ҲАМДА УНИНГ ЖОЙЛАРДАГИ БЎЛИНМАЛАРИ

– Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаменти ташкил этилади. Департаментга лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосарига тенглаштирилган, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Департамент бошлиғи раҳбарлик қилади. Департамент бошлиғининг ўринбосарлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига биноан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Ҳудудий бошқармаларнинг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, Департаментнинг туман ва шаҳар бўлимлари бошлиқлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар. Департаментни ҳамда унинг жойлардаги бўлинмаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИ

– Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган прокуратура органлари тизимига раҳбарлик қиладиган энг юқори масъул мансабдор шахс. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ваколат муддати – беш йил.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

– Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори прокуратура органларига раҳбарлик қилади ва улар фаолияти устидан назоратни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси билан мурожаат этиши мумкин; Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиши, унинг кўриб чиқиши учун масалалар киритиши ва кўрилаётган масала юзасидан фикр билдириши мумкин; Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисларида иштирок этади, кўрилаётган ишлар бўйича ва муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан фикр билдиради, қонун ҳужжатларини қўллаш билан боғлиқ масалалар бўйича Пленум тушунтиришлар бериши хусусида таклифлар киритади; Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми мажлисларида иштирок этади, муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан фикр билдиради, қонун ҳужжатларини қўллаш билан боғлиқ масалалар бўйича Пленум тушунтиришлар бериши хусусида таклифлар киритади; Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳайъатининг таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президентига киритади; прокуратура органлари ходимларига даражали унвонлар беради ва олий даражали унвонлар бериш тўғрисидаги тақдимнома билан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат этади; прокуратура органлари ходимларини Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларига тақдим этади; прокуратура органлари ходимларини “Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими” кўкрак нишони билан тақдирлайди; буйруқлар чиқаради ҳамда прокуратура органларининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди; чет эл давлатларининг тегишли органлари билан хамкорлик тўғрисидаги битимлар тузади; қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатлари (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлса, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарори асосида бекор қилинади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИНИНГ ҲИСОБДОРЛИГИ

– Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати олдида ҳисобдордир. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Президентига: қонунийлик ҳамда жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисида – мунтазам равишда; ўта оғир жиноятлар ва фавқулодда ҳодисалар тўғрисида – зудлик билан; прокуратура органлари амалга оширган ишлар тўғрисида – ҳар олти ойда ахборот тақдим этади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ўз фаолияти ҳақида мунтазам равишда ҳисобот беради.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БЮДЖЕТ ҲУҚУҚИ

– давлат бюджет қурилиши ва бюджет тизими, бюджет тизими даромадлари ва харажатлари тузилмаси, уларнинг турли даражадаги бюджетлар ўртасида тақсимланиши, давлат ва унинг маъмурий-ҳудудий тузилмалари ваколати, бюджет жараёни ва бюджет назоратини белгиловчи молиявий-ҳуқуқий меъёрлар мажмуи.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИНИНГ ТАРМОҒИ

– ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.