ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР

– авариялар, фалокатлар, хавфли табиий ҳодисалар, табиий ёки бошқа офатлар натижасида юзага келган, инсонларнинг қурбон бўлишига, инсонларни соғлиғига ёки атроф муҳитга зарар етишига, катта моддий зарарлар ва кишиларнинг ҳаёт фаолиятлари шароитларининг бузилишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган муайян ҳудуддаги ҳолат.

ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРЛИГИ

– фуқаро муҳофазаси, авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатлар туфайли вужудга келган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш соҳасидаги ишларга раҳбарликни ҳамда уларни мувофиқлаштириб бориш ишларини амалга оширувчи марказий давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

ФАВҚУЛОДДА ЭЛЧИЛИК

– бошқа давлатга унинг таклифига биноан мамлакат мустақиллигининг эълон қилиниши, янги тайинланган президентнинг ўз лавозимини эгаллаши (монархия тузумидаги давлатларда давлат раҳбарига тож кийдирилиши), мамлакатнинг миллий байрамига айланган юбилей тантаналарида қатнашиш учун юборилади. Фавқулодда элчилик вафот этган давлат раҳбари ва бошқа юқори мансабдор шахсларнинг дафн этиш маросимларида қатнашиш учун ҳам юборилади.
Ҳозирги кун халқаро амалиётида фавқулодда элчилик кўпроқ махсус ҳукумат делегацияси деб аталади.
Баъзан фавқулодда элчилик вазифалари ушбу мамлакатда доимий асосда фаолият кўрсатаётган элчихона зиммасига юкланади.
Бир қатор ҳолатларда фавқулодда элчилик (махсус ҳукумат делегацияси), агар ерлик тартиб талаб қилса, мезбон давлат раҳбарига топшириш учун ишонч ёрлиғи билан таъминланади.

ФАВҚУЛОДДА ҲОЛАТЛАР

– 1) Конституциявий ҳуқуқнинг муҳим институтларидан бири, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, корхона, муассаса ва ташкилотлар фаолиятининг алоҳида режими бўлиб, бу режимга мувофиқ фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари махсус қонунларда белгиланган тартибда чекланади. Фавқулодда ҳолатлар ўрнатиш учун қуйидаги ҳолатлар асос бўла олади: 1) реал ташқи хафв; 2) оммавий тартибсизликлар; 3) йирик ҳалокат; 4) табиий офат, эпидемиялар. Кўпчилик мамлакатларда фавқулодда ҳолатни жорий этиш давлат бошлиқлари зиммасида бўлиб, парламент томонидан тасдиқланиши шарт ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида фавқулодда ҳолатни Ўзбекистон Президенти жорий этади. Бу ҳақдаги қарор уч кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тасдиғига киритилади. (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-модда, 15-банд).

ФАВҚУЛОДДА ҲОЛАТЛАР

– тарафларнинг хоҳиш-иродаси ва ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган, табиат ҳодисалари (зилзила, кўчкилар, бўрон, қурғоқчилик ва бошқалар), бошқа табиий офатлар ёки ижтимоий-иқтисодий вазиятлар (уруш ҳолати, қамал ҳолати, давлат манфаатларини кўзлаб импортни ҳамда экспортни тақиқлаш ва бошқалар) келтириб чиқарган муайян шароитлардаги фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлар бўлиб, қабул қилинган мажбуриятлар шулар туфайли бажарила олмайди.

ФАКТИК ХАТО

– жиноятнинг хусусиятлари ва ижтимоий хавфлилиги даражасини белгиловчи объектив белгиларига тегишли ҳолатларни нотўғри тасаввур қилиш.

ФАКУЛЬТАТИВ ОБЪЕКТ

– алоҳида олинган жиноятнинг асосий объектига (баъзан қўшимча) тажовуз қилишда зарар етказилиши мумкин ёки мумкин бўлмаган ижтимоий муносабат тури.

ФАОЛИЯТНИНГ ЛИЦЕНЗИЯЛАНАЁТГАН ТУРИ

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилиши учун лицензия олиш талаб қилинадиган фаолият тури.

ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ

– Фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва уларнинг манфаатларинигина кўзлаб йўл қўйилади.
Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг аризасига биноан ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи тавсиясига кўра туман, шаҳар ҳокими қарори билан амалга оширилади.

ФАРМОН

– РФ, Ўзбекистон, Белорус, Украина ва қатор бошқа давлатларда давлат бошлиғи (президент) чиқарадиган энг муҳим ҳужжатлар номи. Юқори мансабдор шахсларни лавозимга тайинлаш ва ундан озод қилиш, фақулодда