ХАБАР БЕРМАСЛИК

– одил судловга қарши жиноят тури бўлиб, тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда давлат ҳокимияти ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаслик.

ХАВФ ОСТИДА ҚОЛДИРИШ

– ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмасликда, башарти, айбдор бундай аҳволдаги шахсга ёрдам бериши шарт ва бундай имкониятга эга бўлган ёхуд айбдорнинг ўзи жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйиши ва бу ҳол баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келиши.

ХАВФЛИ ХОССАЛАРГА ЭГА БЎЛГАН АШЁЛАРНИ САҚЛАШ

– агар юк топширувчи тез ёнадиган, портлаш хавфи бўлган ёки ўз табиатига кўра хавфли бўлган ашёларни сақлаш учун топшираётган вақтда сақловчини уларнинг хоссалари ҳақида огоҳлантирмаган бўлса, омонат сақловчи бу ашёларни кўрилган зиённи юк топширувчига тўламаган ҳолда истаган вақтда зарарсизлантириши ёки йўқ қилиб ташлаши мумкин. Юк топширувчи бундай ашёлар сақланиши муносабати билан сақловчига ва учинчи шахсларга етказилган зарар учун жавоб беради.

ХАВФЛИ ЧИҚИНДИЛАР

– таркибида хавфли (заҳарлилик, юқумлилик, портловчанлик, тез алангаланиб ёнғин чиқарувчанлик, реакцияга тез киришувчанлик, радиоактивлик) хусусиятлардан лоақал биттасига эга моддалар мавжуд бўлган, бундай моддалар фуқаролар соғлиғи ва ҳаётига, атроф- муҳитга ўзи мустақил тарзда ҳам, шунингдек, бошқа моддаларга қўшилганда ҳам бевосита ёки потенциал хавф туғдирадиган миқдорда ва шаклда мавжуд бўлган чиқиндилар.

ХАВФЛИ ЮКЛАР

– муайян омиллар мавжуд бўлганда ўз хоссалари ва хусусиятларига кўра ташиш жараёнида, ортиш-тушириш ишларини бажариш ва сақлаш чоғида портлаш, ёнғин чиқишига ёки ташилаётган юклар, техника воситалари, қурилмалар, бинолар ва иншоотлар, бошқа объектларнинг шикастланишига, шунингдек, одамлар ҳаёти ёки соғлиғига зиён етишига, ҳайвонларнинг нобуд бўлишига, атроф табиий муҳитнинг зарарланишига сабаб бўлиши эҳтимоли бор моддалар, материаллар, буюмлар, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият чиқиндилари.

ХАЙР -ЭҲСОН

– умумфойдали мақсадларда қилинган фуқароларга, даволаш, тарбия, ижтимоий ҳимоя муассасаларига ва шунга ўхшаш бошқа муассасаларга, хайрия, илмий ва ўқув муассасаларига, фондларга, музейлар ва бошқа маданият муассасаларига, жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларга, шунингдек давлатга ва бошқа фуқаролик ҳуқуқи субъектларига қилиниши мумкин.

ХАЙФСАН

– меҳнат қонунчилиги бўйича интизомий жазо чораси.

ХАЛҚ

– конституциявий ҳуқуқ фанида, одатда, муайян давлатнинг ягона ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий бирлигини ташкил этадиган барча аҳолисини назарда тутувчи тушунча (айрим мамлакатларнинг конституциявий таълимотида “кўп миллатли халқ” ибораси қўлланилади). Шу маънода ҳозирги Конс.ларда х. “давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи” сифатида тавсифланади (бунга ЎзР Конс.нинг 7-м. мисол бўла олади). X. тушунчаси бошқалардан ажратилган, муайян давлатнинг ҳудудига боғланмаган миллий-маданий бирликни ҳам англатади (айни чоғда х. тушунчаси баъзан “миллат” тушунчасининг синоними бўлиб ҳам келади). Х.қа халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида ҳам ёндашилади (аввало, ўз такдирини ўзи ҳал этиш ҳуқуқи тўғрисида сўз юритилган ҳолларда шундай ёндашилади).

ХАЛҚ ВАКИЛЛИГИ

– халқ ҳокимиятига хос хусусият бўлиб, у орқали халқ ҳокимиятни ўзларининг сайлайдиган вакиллари орқали амалга оширади. Маълумки, Ўзбекистон Конституциясининг 76-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан – Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати – беш йил.

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КЕНГАШЛАРИ

– Ўзбекистон Республикаси­нинг маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларидир. Улар депутатлардан иборат бўлиб, бу органлар вилоятларда, туманларда ва шаҳарларда ташкил қилинади. Шаҳар таркибидаги туманларда ва туманга бўйсунувчи шаҳарларда халқ депутатлари кенгашлари ташкил қилинмайди. Кенгашлар шу ҳудуддаги фуқаролар томонидан умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади. Уларга 21 ёшга тўлган фуқаролар сайланади. Вилоят кенгашлари ва Тошкент шаҳар кенгашига 60 тагача, туман ва шаҳар кенгашларига 30 тагача депутат сайланади. Халқ депутатлари кенгашларини сайлаш тартиби сайлов тўғрисидаги Қонунда, уларнинг тизими, вазифаси, ваколатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунида белгиланган.