ЧАКАНА ОЛДИ -СОТДИ ШАРТНОМАСИ

– тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган сотувчи сотиб олувчига шахсий мақсадларда, рўзғорда ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиладиган товарни топшириш мажбуриятини олади.

ЧАРТЕР (ФРАХТЛАШ) ШАРТНОМАСИ

– Чартер (фрахтлаш) шартномаси бўйича бир тараф (фрахтчи) иккинчи тарафга (фрахтловчига) ҳақ эвазига бир ёки бир неча транспорт воситаси сиғимининг ҳаммасини ёки бир қисмини йўловчи, багаж ва юк ташиш учун бир марта ёки бир неча марта қатнашга бериш мажбуриятини олади.
Чартер (фрахтлаш) шартномасини тузиш тартиби, унинг шакли ва турлари транспорт уставлари ва кодексларида белгилаб қўйилади.

ЧАҚИРИБ ОЛИШ ЁРЛИҒИ

– дипломатик ваколатхона раҳбариятининг эгаллаб турган лавозимидан чақириб олиниши ҳақида хабар берувчи ҳужжат.
Чақириб олиш ёрлиғи дипломатик вакил аккредитация қилинган мезбон давлат раҳбари номига ёзилади ва ушбу дипломатик вакилни тайинлаган давлат раҳбари имзолайди.
Юбориш тартиби ишонч ёрлиқларидагидай. Чақириқ ёрлиқларининг кириш қисмида чақириқ тўғрисида қисқача маълумот берилади, кейин асосий қисмида сабаби баён қилинади, дипломат давлатлараро дипломатик муносабатларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшганига умид билдирилади.
Қоидага кўра чақириб олиш ёрлиғини янги тайинланган дипломатик вакил ўз ишонч ёрлиғи билан биргаликда топширади. Чақириб олинаётган дипломатик вакил ўзи ҳам чақириб олиш ёрлиғини мезбон давлат раҳбарига шахсан топшириши мумкин, бироқ амалиётда бу ҳолат жуда кам учрайди.

ЧАҚИРИЛУВЧИЛАР

– ҳарбий хизматга чақириладиган ва туман (шаҳар) чақирув участкаларида қайд этилган шахслар.

ЧЕКЛАР БИЛАН ҲИСОБ -КИТОБ ҚИЛИШ

– Чек берувчининг чекда кўрсатилган суммани чек сақловчига тўлаш ҳақида банкка ҳеч қандай шарт қўйилмаган топшириғи мавжуд бўлган қимматли қоғоз чек дейилади. Чек билан ҳисоб-китоб қилинганида фақат чек берувчининг чек бериш йўли билан тасарруф этишга ҳақли бўлган маблағлари сақланаётган банкгина чек бўйича пул тўловчи қилиб кўрсатилиши мумкин. Чекни тақдим этиш муддати ўтмагунича уни чақириб олишга йўл қўйилмайди. Чекнинг берилиши - бажариш учун чек берилган пул мажбуриятини бекор қилмайди

ЧЕТ ЭЛ БАНКИ

– чет эл банкининг ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширадиган шуъба банки бўлиб, унинг устав капиталининг ҳаммаси чет эл банки томонидан тўланади.

ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИ

– муомалада бўлган ҳамда хорижий давлатда қонуний тўлов воситаси ҳисобланган банкнотлар, хазина билетлари ва тангалар кўринишидаги чет эл пул белгилари, муомаладан чиқарилган ёки чиқарилаётган ҳамда худди шу хорижий давлатнинг пул белгиларига алмаштирилиши лозим бўлган чет эл пул белгилари, шунингдек, ҳисобварақларда ва омонатларда бўлган хорижий давлатларнинг пул бирликларидаги ҳамда халқаро пул ёки ҳисоб-китоб бирликларидаги маблағлар.

ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИНИ ЯШИРИШ

– корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда валюта операцияларини амалга оширувчи шахслар томонидан чет эл валютасини Республиканинг ваколат берилган банкларидаги ҳисобварақларга ўтказмаслик ёки тўлиқ ўтказмаслик.

ЧЕТ ЭЛ ОИЛА ҲУҚУҚИ НОРМАЛАРИНИНГ МАЗМУНИНИ АНИҚЛАШ

– Суд ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи ва бошқа органлар чет эл оила ҳуқуқининг нормаларини қўллашда мазкур нормаларнинг мазмунини уларнинг тегишли чет эл давлатида расмий шарҳланиши ва амалиётда қўлланилишига мувофиқ тарзда аниқлайди.
Суд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ва бошқа органлар чет эл оила ҳуқуқи нормаларининг мазмунини аниқлаш мақсадида ёрдам ва тушунтириш олиш учун белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларларига мурожаат қилишлари ёхуд экспертларни жалб этишлари мумкин.
Манфаатдор шахслар талаб ёки эътирозларини тасдиқлаш учун ўзлари асосланаётган чет эл оила ҳуқуқи нормаларининг мазмунини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилишга ва чет эл оила ҳуқуқи нормаларининг мазмунини аниқлаш мақсадида судга ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ва ўзга органларга бошқа тарзда ёрдам беришга ҳақлидир.

ЧЕТ ЭЛ СУДЛАРИНИНГ ҚАРОРЛАРИ

дейилганда, фуқаролик ишлари бўйича қарорлар, жиноят ишлари бўйича ҳукмларнинг жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги қисми, шунингдек, агарда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган бўлса, чет давлат бошқа органларнинг ҳужжатлари тушунилади.