ШАНТАЖ

– шахс учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, муайян нарсаларни талаб қилиши.

ШАРТЛИ БИТИМЛАР

– битим тузувчи тарафлар ҳуқуқ ва бурчларнинг келиб чиқишини, бекор бўлишини юз бериши ёки бермаслигини номаълум бўлган ҳолатларга боғлиқ қилиб тузиладиган битимлар

ШАРТЛИ ВАСИЯТНОМА

– васият қилувчи мероснинг олиниши учун меросхўр хулқ-атворининг хусусиятини қонуний равишда шарт қилиб қўйишга ҳақли. Меросхўрни тайинлаш ёки ворислик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги фармойишга киритилган ғайриқонуний шартлар ҳақиқий бўлмайди. Васиятномага киритилган бўлиб, меросхўр ўз саломатлигининг аҳволига кўра ёки бошқа объектив сабаблар туфайли бажара олмайдиган шартлар меросхўрнинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

ШАРТЛИ ҲУКМ ҚИЛИШ

– суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келганида қўлланадиган жазодан озод қилишнинг тури.

ШАРТНОМА БАЖАРИЛГАН ЖОЙ МАМЛАКАТ ҚОНУНИ

– халқаро хусусий ҳуқуқда шартнома қайси мамлакат худудида бажарилган бўлса, ушбу шартномага нисбатан шу мамлакат қонуни қўлланилишини англатувчи коллизион норма.

ШАРТНОМА БЎЙИЧА ЖАВОБГАРЛИКНИ СУҒУРТА ҚИЛИШ

– шартномани бузганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилишга қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.
Шартномани бузганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича фақат суғурта қилдирувчининг ўзининг жавобгарлик хавфи суғурталаниши мумкин. Ушбу талабга мувофиқ бўлмаган суғурта шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.
Шартномани бузганлик учун жавобгарлик хавфи, бу шартнома шартларига кўра суғурта қилдирувчи қайси тараф олдида тегишли жавобгарликни зиммасига олиши лозим бўлса, ўша тараф - наф олувчи фойдасига, ҳатто суғурта шартномаси бошқа шахс фойдасига тузилган ёхуд унда кимнинг фойдасига тузилгани айтилмаган тақдирда ҳам, суғурталанган ҳисобланади.

ШАРТНОМА ТУЗИШ ЭРКИНЛИГИ

– фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқлари ҳамда бурчларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар, уларни ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар

ШАРТНОМА ШАКЛЛАРИ

– эркнинг ифодаланиш усули шартнома шакли бўлиб, агар қонунда муайян турдаги шартномалар учун маълум бир шакл белгилаб қўйилган бўлмаса, шартнома битимлар тузиш учун назарда тутилган ҳар қандай шаклда – оғзаки, ёзма (оддий ёзма, нотариал тасдиқланиш ёки давлат рўйхатидан ўтказиладиган шаклда) тузилиши мумкин.

ШАХС ҲАЁТИГА ТАЖОВУЗ ҚИЛИШ

– шахсни ҳаётидан маҳрум қилиш мақсадида содир этиладиган ғайриқонуний қилмиш.

ШАХС ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ

– ҳуқуқ нормаларида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган шахснинг сиёсий ҳуқуқий ҳолатини ифодаловчи ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятлар тизимидир.