ЭВТАНАЗИЯ

– (юнончадан олинган бўлиб “eu” – яхши, “thanatos” - ўлим деган маънони билдиради) беморнинг илтимосига мувофиқ қандайдир йўллар ва воситалар орқали унинг яқинлашиб келаётган муқаррар ўлим жараёнини тезлаштириш; жумладан: ҳаётни таъминлаб турувчи усуллар ва воситаларни (сунъий қон алмаштирувчи, сунъий буйрак ва хоказо) тўхтатиш. Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича тиббиёт ходимларига эвтаназияни қўллаш рухсат этилмаган. Европа мамлакатларида эвтаназияга рухсат беришда бахс ва мунозаралар бўлмоқда.

ЭГАЛИК ҚИЛИШ ҲУҚУҚИНИ ВУЖУДГА КЕЛТИРУВЧИ МУДДАТ

– мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади. Кўчмас ва бошқа мол-мулкка давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган мулк ҳуқуқи ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли олган шахсда ана шундай рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мулк ҳуқуқини олганга қадар мол-мулкка ўзиники каби эгалик қилиб турган шахс ўз эгалигини мол-мулкнинг эгалари бўлмаган, шунингдек қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа асосларга кўра эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмаган учинчи шахслардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

ЭГАСИНИНГ НОМИ ЁЗИЛГАН ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР

– мулкий ҳуқуқларнинг реализация қилиниши ўз эгасининг рўйхатдан ўтказилишини талаб этадиган қимматли қоғозлар.

ЭГРИ СОЛИҚЛАР

– товарлар, ишлар ва хизматларга нарх ёки тарифга қўшимча шаклида белгиланадиган солиқлардир.

ЭГРИ ҚАСД

– шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаши, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етиши ва уларнинг юз беришига онгли равишда йўл қўйиши.

ЭКЗЕКВАТУРА

– консуллик функцияларини амалга ошириш учун одатда консуллик муассасаси жойлашган мамлакатнинг Ташқи ишлар вазирлиги томонидан бериладиган рухсатномаси.

ЭКОЛОГИК МОНИТОРИНГ

(атроф- муҳит мониторинги) – атроф муҳит ҳолати устидан кузатиш, баҳолаш ва ўзгаришларни башорат қилишнинг комплекс тизими.

ЭКОЛОГИК СЕРТИФИКАТ

– турар-жой, ер участкаси ва сув объектларининг сифат экологик хусусиятларини тасдиқловчи ҳужжат.

ЭКОЛОГИК СТАНДАРТ

– табиат объектларининг юридик аҳамиятга эга бўлган миқдор ёки сифат кўрсаткичлари.

ЭКОЛОГИК СУҒУРТА

– юридик шахс ва фуқаролар, уларнинг мулки объектлари ва даромадларининг экологик ва табиий офат, авария ва ҳалокатлардан ихтиёрий ва мажбурий давлат суғуртаси.