ЮЗНИНГ ТУЗАТИБ БЎЛМАЙДИГАН ДАРАЖАДА ХУНУКЛАШУВИ

– етказилган жароҳатни ёки унинг изини оддий жарроҳлик йўли билан бартараф қилиб бўлмаслик ва бу жароҳатнинг шахс хуснини бузишида ифодаланадиган тиббий ва эстетик мезонлар йиғиндиси.

ЮК

– ташиш учун темир йўл транспорти корхонаси томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган, ўз вақтида элтиб берилиши ва сақланиши учун темир йўл жавобгар бўлган темир йўл ташиш объекти.

ЮК БАГАЖИ

– йўловчилар ва почта–багаж поездларида ташиладиган темир йўл ташиш объекти.

ЮК ЖЎНАТУВЧИ (ЖЎНАТУВЧИ)

– ўз номидан ёхуд юк ёки юк багажи эгаси номидан иш кўрувчи ва ташиш ҳужжатларида қайд этилган юридик ёки жисмоний шахс.

ЮКНИ ОЛУВЧИ

(ОЛУВЧИ) – юк ёки юк багажини олиш ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс.

ЮРИДИК АКТ ТУЗИЛГАН ЖОЙ МАМЛАКАТ ҚОНУНИ

– халқаро хусусий ҳуқуқда юридик акт қайси мамлакат худудида тузилган ёки имзоланган бўлса, унга нисбатан шу мамлакат қонуни қўлланилишини англатувчи коллизион норма.

ЮРИДИК АМАЛИЁТ

– бу ваколатли ҳуқуқ субъектларининг ижтимоий–ҳуқуқий тажрибага таянган ҳолда, ҳуқуқни қабул қилиш, уни шарҳлаш ва қўллашга қаратилган фаолияти.

ЮРИДИК АҲАМИЯТГА ЭГА БЎЛГАН ФАКТЛАРНИ АНИҚЛАШ

– фуқаролар ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқларини вужудга келиши, ўзгариши ёки тугашига сабаб бўладиган фактларнинг суд томонидан аниқланишига ва белгиланишига айтилади.

ЮРИДИК ЖАВОБГАРЛИК

– ҳуқуқбузарга нисбатан ҳуқуқ нормаларида кўзда тутилган санкциялар асосида давлатнинг мажбурлов чораларини қўллаш.

ЮРИДИК КОНФЛИКТОЛОГИЯ

– умумий конфликтологиянинг бир қисми (йўналиши) сифатида миллий (ички) ёки халқаро ҳуқуқ доирасида юзага келадиган, ривожланиб борадиган ва ҳал қилинадиган конфликтларни ўрганувчи юридик фан соҳаси.