ЯРОҚСИЗ ВОСИТА БИЛАН СУИҚАСД ҚИЛИШ

– шахсни жиноят содир этишда ишлатган қуроли ёки воситаси ишламай қолиши ёки яроқсиз бўлиб чиқиши.

ЯРОҚСИЗ МАҲСУЛОТ

– бу стандарт талабларга жавоб бермайдиган, технология шартларига мос келмайдиган, яроқсизлиги туфайли бевосита ундан фойдаланиш мумкин бўлмаган маҳсулотдир. Яроқсизлик тўлиқ ёки қисман бўлиши мумкин. Қисман яроқсиз маҳсулотдан у қайта ишлаб чиқилганидан (тузатилганидан) кейин бевосита фойдаланиш мумкин бўлади. Агар маҳсулотдан фойдаланиб бўлмаса ва унга кўп сарф-харажатни талаб қилганлиги боис қўшимча ишлов бериб бўлмаса, у тўлиқ яроқсиз маҳсулот ҳисобланади. Ходимнинг айбисиз яроқсиз маҳсулот тайёрланганда унинг ўртача иш ҳақи сақланади. Ходимнинг айби билан тайёрланган қисман яроқсиз маҳсулот учун камайтирилган ишбай баҳолар бўйича ҳақ тўланади, бундай баҳолар жамоа шартномасида белгилаб қўйилади, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

ЯРОҚСИЗ ПРЕДМЕТГА СУИҚАСД ҚИЛИШ

– шахснинг янглишиб ўзи тажовуз қилмоқчи бўлган предмет ўрнига бошқа предметга тажовуз қилиши.

ЯШАШ ЖОЙИ

– фуқаронинг доимий ёки асосан яшаб турган жойидир. Ўн тўрт ёшгача бўлган болаларнинг ёки васийликда бўлган фуқароларнинг қонуний вакиллари – ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийлари яшайдиган жой – яшаш жойи ҳисобланади. Яшаш жойида фуқаролар тегишлича рўйхатдан ўтадилар.

ЯШАШ ҲУҚУҚИ

– инсоннинг халқаро ҳуқуқ ва аксарият кўпчилик демократия мамлакатлари конституциялари билан ҳимояланган асосий шахсий ҳуқуқларидан бири. Яшаш ҳуқуқининг мазмуни кўпқиррали ва турли давлатларда турлича талқин қилинади. Масалан, жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинган мамлакатлар (Австралия, Австрия, ГФР, Франция ва бошқа 40 дан ортиқ мамлакат)да бирорта инсон содир этган жинояти қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто давлат томонидан ҳам яшашдан маҳрум этилиши мумкин эмас (мутлақ яшаш ҳуқуқи). Қатор мамлакатлар конституцияларида қонун йўли билан ўлим жазоси белгиланиши мумкин бўлган жиноятлар доираси, ўлим жазоси қўлланилиши мумкин бўлмаган шахслар доираси (масалан, аёллар ва балоғат ёшига етмаганлар), ўлим жазосини қўллаш хавфи туғилганда қўшимча процессуал кафолатларни белгилаш йўли билан аниқлаштирилади. Ўзбекистон Республикаси Кон.нинг 24-м.га кўра, я.ҳ. ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқдир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш знг оғир жиноятдир. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро Пактнинг 6-м. 1-б.да: “ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи унинг ажралмас ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ қонун билан муҳофаза қилинади. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан инсонни яшашдан маҳрум қила олмайди”, деб белгиланган.

ЯШИРИН ОВОЗ БЕРИШ

– овоз беришнинг бир тури. Бу очиқ овоз беришга нисбатан демократик ҳисобланади. Сабаби, овоз берувчи алоҳида хонада ҳеч кимнинг аралашувисиз овоз беради, демак, унга ҳеч ким таъсир кўрсата олмайди, натижада, у ўз хоҳишига кўра овоз беради. Яширин овоз беришда овоз бериш натижаси ҳам ҳеч кимга маълум бўлмайди, чунки сайлов қоғозлари бир хил, уларда ҳеч қандай белги, рақам йўқ. Бу ҳам сайловчига эркин овоз бериш имкониятини туғдиради.

ЯШИРИН ШИРКАТ

– оддий ширкат шартномасида унинг мавжудлигини учинчи шахсларга маълум қилмаслик шарти асосида тузилади. Яширин ширкат иштирокчиларидан ҳар бири учинчи шахслар билан муносабатларда шерикларининг умумий манфаатларини кўзлаб ўз номидан тузган битимлар бўйича ўзининг бутун мол-мулки билан жавоб беради. Шериклар ўртасидаги муносабатларда, уларнинг биргаликдаги фаолияти жараёнида юзага келган мажбуриятлар умумий ҳисобланади (ФК, 975-м.).

ЯҚИН ҚАРИНДОШЛАР

– қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан, фарзандликка олинганлар, неваралар, шунингдек, эр-хотиннинг ота-онаси, ака-ука ва опа-сингиллари.