ҚАЙИН -БЎЙИНЧИЛИК ВА ҚУДА-АНДАЧИЛИК

– эр (хотин) ва унинг яқин қариндошлари билан хотин (эр) қариндошларининг бир-бирига нисбатан муносабатлари (қайин-бўйинчилик ва қуда-андачилик) ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқармайди.

ҚАЙТА СУҒУРТА ҚИЛИШ

– суғурта шартномаси бўйича суғурталовчи ўз зиммасига олган суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлаш хавфи унинг томонидан тўлиқ ёки қисман бошқа суғурталовчида (суғурталовчиларда) у билан тузилган қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталаниши мумкин. Қайта суғурта қилиш шартномасини тузган суғурта шартномаси (асосий шартнома) бўйича суғурталовчи кейинги шартномада суғурта қилдирувчи ҳисобланади. Қайта суғурта қилишда суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлаш учун асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи олдида ушбу шартнома бўйича суғурталовчи жавобгар бўлиб қолаверади. Бироқ асосий суғурта шартномаси бўйича суғурталанувчи ҳисобланган суғурта ташкилоти суғурта ҳодисаси юз беришидан олдин тугатилган тақдирда, унинг ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларининг қайта суғурта қилинган қисми қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчига ўтади. Икки ёки бир нечта қайта суғурта қилиш шартномаларини кетма-кет тузишга йўл қўйилади. Бундай шартномаларнинг ҳар бири кейинги қайта суғурта қилиш шартномасига нисбатан асосий суғурта шартномаси деб ҳисобланади.

ҚАЙТА ЭКСПЕРТИЗА ЎТКАЗИШ

– эксперт хулосаси асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки экспертизани ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта экспертиза тайинланади.

ҚАЙТАРИБ БЕРИЛМАЙДИГАН АСОССИЗ ОРТТИРИЛГАН БОЙЛИК

– қуйидагилар асоссиз орттирилган бойлик сифатида қайтариб берилмайди: ижро этиш муддати тўлгунга қадар мажбуриятни бажариш юзасидан топширилган мол-мулк, агар мажбуриятда бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса; даъво муддати ўтганидан кейин мажбуриятни бажариш юзасидан топширилган мол-мулк; иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарар товони, алиментлар ва фуқарога турмуш кечириш воситаси сифатида берилган бошқа пул маблағлари, унинг томонидан виждонсизлик қилинмаганда ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмаганда; мавжуд бўлмаган мажбуриятни бажариш учун берилган пул суммалари ва бошқа мол-мулк, агар қўлга киритувчи мол-мулкни қайтаришни талаб қилаётган шахснинг мажбурият йўқлигини билганлигини ёхуд мол-мулкни хайрия мақсадларида берганлигини исботласа.

ҚАЛБАКИ ПУЛ, АКЦИЗ МАРКАСИ ЁКИ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР ЯСАШ, УЛАРНИ ЎТКАЗИШ

– 1) ўтказиш мақсадида қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалар, қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясаш; 2) уларни ўтказиш.

ҚАЛБАКИЛАШТИРИЛГАН ҲУЖЖАТ

Қаранг.: Сохталаштириш.

ҚАМОҚ

– шахсни батамом ажратган шароит остида сақлашдан иборат жазо чораси.

ҚАРАМ ХЎЖАЛИК ЖАМИЯТИ

– хўжалик жамиятида иштирок этувчи бошқа жамият хўжалик жамиятига қарашли овоз берадиган акцияларнинг йигирма фоизидан кўпроғига эга бўлган, жамияти қарам жамият ҳисобланади.

ҚАРЗ ШАРТНОМАСИ

– қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади

ҚАРЗ ШАРТНОМАСИ БЎЙИЧА ФОИЗЛАР

– агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли (пул ёки натура ҳолидаги) шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоизлар тўланиши керак. Фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Агар фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари шартномада белгиланган бўлмаса, улар асосий қарзни қайтариш учун шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади.