ҲАВО КЕМАСИ

– двигатель, енгил газлар, ҳаво оқими ёрдамида ҳаракатланадиган пассажирлар, юклар ташишга мўлжалланган ҳар қандай учувчи транспорт воситаси(вертолёт, планер, дирижабль, ҳаво ёстиқчасига ўрнатилган аппаратлар).

ҲАВО КЕМАСИНИ ОЛИБ ҚОЧИШ

– ҳаво кемаларидан фойдаланишнинг белгиланган тартибини бузган ҳолда, ҳаво кемасига ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан, ҳаво кемасига масъул шахсларнинг рухсатисиз, ҳар хил усуллар билан бир ердан иккинчи ерга ўтказилиши.

ҲАВО ЧЕГАРАЛАРИ

– шартли равишда белгиланадиган вертикал чизиқ бўлиб, муайян бир давлатнинг қуруқлик, сувлик ҳамда ҳаво бўшлиғи устидан ўтган ҳудудий чегара.

ҲАВО ҚАРОҚЧИЛИГИ

– ҳаво кемасини олиб қочиш, ҳаво кемаси ичидаги йўловчиларни гаровга олиш, гаровга олинганларни бошқа жойга ўтказиш ва гаровга олинганлардан турли хил ножўя мақсадлар йўлида фойдаланиш.

ҲАВО ҲУҚУҚИ

– самовий ҳудуддан фойдаланишга ҳамда ундан фойдаланувчиларнинг фаолиятига, шу жумладан, авиация фаолиятига тааллуқли бўлган муносабатларни тартибга солувчи нормалар йиғиндиси.

ҲАВОЛАКИ ДИСПОЗИЦИЯ

– муайян жиноятнинг белгилари кўрсатилмай, бу жиноятнинг белгиларини кўрсатиш учун бошқа бир жиноятнинг белгиларига ҳавола қилувчи диспозиция.

ҲАДЯ ВАЪДА ҚИЛИНГАНИДА ҲУҚУҚИЙ ВОРИСЛИК

– ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя ваъда қилинган ҳадя олувчининг ҳуқуқлари унинг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) ўтмайди.

ҲАДЯ ШАРТНОМАСИ

– бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

ҲАДЯ ШАРТНОМАСИНИ БАЖАРИШДАН БОШ ТОРТИШ

– шартнома тузилгандан сўнг ҳадя қилувчининг моддий аҳволи жиддий ёмонлашган бўлса, у келажакда ҳадя олувчига ашёни ёки мулк ҳуқуқини бериш ё бўлмаса, уни мулкий мажбуриятдан озод этиш ваъда қилинган шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.

ҲАДЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ

– ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади. Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга. Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин. Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин. Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.