АВТОНОМ ТУЗИЛМА

– автоном республикалар, автоном вилоятлар, автоном округлар ва б. автоном бирликларга нисбатан қўлланиладиган умумлаштирувчи тушунча.

АВТОНОМИЯ

(юн. аutonomia – ўз-ўзини бошқариш, сўзма-сўз қонуннинг ўзи, autos- ўзини + nomos-қонун сўзларидан) – ҳуқукда кенг маънода маълум бир давлат ёки бошқа тузилмалар, юридик шахслар, ҳудудий, миллий ва б. уюшмаларнинг мавжуд бўлиши ва фаолият кўрсатишини ташкил этиш ва таъминлаш б-н боғлиқ муносабатларда ўзини ўзи бошкариши, мустақиллигидир. А. субьекти, яъни кимга берилганлигига асосан: ташкилотлар А. ва хамжамият А. ажратилади.

АВТОРИТАР РЕЖИМ

(лот. аutoritas – ҳокимият, обрў, нуфуз ва эътибор; таъсир этиш) – давлат режимининг нодемократик турларидан бири бўлиб, бунда ҳокимият якка шахснинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг қўлида тўпланган бўлади. А.р.да, одатда, шахсий диктатура элементлари мавжуд бўлади. А.р.да ҳақиқий ҳокимият тор элита доира қўлида бўлиб, шахсий манфаатлар давлат манфаатлари йўлида қурбон қилинади.

АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ

– йўловчилар, багаж, юк ташишга ҳамда махсус ишларни бажаришга мўлжалланган автомобиллар, шатакчи автомобиллар, тиркама ва ярим тиркамалар.

АГГРАВАЦИЯ

– касаллик белгиларини бўрттириб кўрсатиш.

АГРАР ҲУҚУҚ

– қишлоқ хўжалик фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар мажмуи.

АГРЕМАН

(фр. agreer – розилик) –аккредитловчи давлат томонидан муайян шахсни ўз дипломатик ваколатхонаси раҳбари сифатида тайинланишига қабул қилувчи давлатнинг берган ёзма розилиги. Аккредитация қилган давлатнинг дипломатик ваколатхонаси раҳбари сифатида муайян шахснинг тайинланишига қабул қилувчи давлатнинг розилиги. Агреман фақат дипломатик ваколатхона раҳбари (элчи, вакил, ишончли вакил) лавозимигагина сўралади. Бошқа дипломатик ходимларга, жумладан, муваққат ишлар вакилига ҳам агреман сўраш талаб қилинмайди, хожати ҳам йўқ. Агреман, қоида бўйича, Ташқи ишлар идораси ёки аккредитация қилаяпган давлатнинг дипломатик ваколатхонаси орқали сўралади. Агреман олингунга қадар дипломатик ваколатхона раҳбари лавозимига тайинлаш мумкин эмас. Шу ҳужжатни олгунга қадар мўлжалланган тайинлаш ҳақидаги хабарни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмайди. Агреман сўраш фактини ҳам ошкор қилиш мумкин эмас. Кўп ҳолатларда агреманни бериш рад этилгани хабар қилинмайди. Маълум муддат (4-8 ҳафта) ичида жавоб бўлмаса, номзод маъқул бўлмаганига ишора ҳисобланади. Дипломатик муносабатлар ҳақидаги 1961 й. Вена конвенциясига биноан, агреманни рад этиш сабабини билдириш мажбурий эмас.

АД РЕФЕРЕНДУМ

(лот. ad referendum) – шартномани шартли равишда имзолаш ёки ҳужжат матнига давлатнинг ваколатли органи ёки шахси томонидан тасдиқланишигача розилик билдириш.

АДВОКАТ

– олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин.

АДВОКАТЛАР ПАЛАТАСИ

– Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотдир. Адвокатлар палатаси ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда адвокатуранинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади. Адвокатлар палатаси адвокатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида фаолият кўрсатади. Адвокатлар палатасининг вазифалари ва ваколатларига ўхшаш вазифалар ва ваколатларга эга бўлган бошқа ташкилотларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.