АДВОКАТЛАР ҲАЙЪАТИ

– аъзоликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир. Адвокатлар ҳайъатининг таъсис ҳужжатлари унинг муассислари томонидан тасдиқланадиган устав ҳамда улар томонидан тузиладиган таъсис шартномасидир.

АДВОКАТЛИК БЮРОСИ

– адвокатлик фаолиятини якка тартибда амалга ошириш учун адвокат томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир. Адвокатлик бюросининг таъсис ҳужжати муассис томонидан тасдиқланадиган уставидир.

АДВОКАТЛИК ДОСЪЕСИ

– ишонч билдирувчининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоғида адвокат томонидан ягона папкада тўпланган иш материаллари, адвокатлик иш юритув ҳужжатлари. Масалан, даъво аризаси ва унга илова қилиниши лозим бўлган тасдиқловчи ҳужжатлар.

АДВОКАТЛИК ОРДЕРИ

– Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус шаклдаги адвокатнинг муайян иш бўйича ишонч билдирувчи манфаатларини суриштирув дастлабки тергов, судлар, шу жумладан, хўжалик суди, давлат бошқаруви, маъмурий органларда ҳимоя қилишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат. Адвокатнинг ишда иштирок этишига унинг томонидан адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан кейин йўл қўйилади.

АДВОКАТЛИК СИРИ

– адвокат адвокатлик сирини сақлашга мажбур. Адвокатдан ва унинг ёрдамчисидан адвокатлик предмети ҳисобланган ҳолатлар тўғрисида бирор-бир тушунтириш ёки кўрсатувлар беришни талаб қилиш, шунингдек улар ҳақида тезкор-қидирув фаолиятида, жиноят ишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ва бошқа ишларни юритишда фойдаланиш учун бирор-бир материал тақдим этишни талаб қилиш ман этилади.

АДВОКАТЛИК СЎРОВИ

– адвокат касбий фаолиятини амалга ошириш жараёнида юридик ёрдам кўрсатилиши муносабати билан давлат органларидан, корхона, муассаса, ташкилотлардан ҳамда жамоат бирлашмаларидан зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраши ва олиши.

АДВОКАТЛИК ФАОЛИЯТИ

– қонунда белгиланган тартибда адвокат мақомини олган шахслар томонидан ишонч билдирувчилар – жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш мақсадида профессионал асосда кўрсатиладиган малакали юридик ёрдам.

АДВОКАТЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

– адвокатнинг касбга оид ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади. Адвокатларнинг касбий фаолиятига у ёки бу тарзда аралашиш, улар ўз касбий вазифаларини бажараётганда олган муайян маълумотларни ошкор этишни талаб қилиш, шунингдек, адвокатлар бирлашмаларининг мансабдор шахсларидан ва техник ходимларидан худди шундай маълумотларни талаб қилиш таъқиқланади. Адвокат ўз касбий вазифаларини бажараётганида унга бирор-бир шаклда таъсир ўтказишга йўл қўйилмайди.

АДВОКАТЛИК ФИРМАСИ

– шерикликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир. Адвокатлик фирмасини таъсис этган адвокатлар оддий ёзма шаклда ўзаро шериклик шартномасини тузади.

АДВОКАТНИНГ БИТИМИ

– бу мижоз фуқаро, ташкилот билан шартнома бўйича вакил сифатидаги адвокат ўртасида муайян судда муайян моддий ҳуқуқлар ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларни ҳимоя қилиш бўйича муайян юридик ёрдам кўрсатиш учун ёзма равишда тузиладиган топшириқ шартномасидир.