АДВОКАТНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

– адвокат ўз профессионал фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига, адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этиши, ўзига юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонунда назарда тутилган воситалари ҳамда усулларидан фойдаланиши шарт.

АДВОКАТНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

– адвокат Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида, шунингдек, агар олинган топшириқни бажариш зарурияти тақозо этса ва тегишли давлатларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаса, республика ташқарисида ҳам адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Муайян ишни олиб боришга адвокатнинг ваколатли эканлиги адвокатлик ордери билан тасдиқланади.

АДВОКАТНИНГ ГОНОРАРИ

– кўрсатилган юридик ёрдам учун жисмоний ва юридик шахслардан адвокатлар ҳайъати, фирмалар ва адвокатлик бюроларига келиб тушган маблағлар ҳисобидан адвокатларнинг хизмати учун тўланадиган пул кўринишидаги моддий маблағ тури. Адвокатга ҳақ тўлаш ишонч билдирувчи билан адвокат ўртасида ихтиёрий равишда тузиладиган битим (шартнома) асосида амалга оширилади.

АДВОКАТНИНГ ДАХЛСИЗЛИГИ

– адвокатнинг шахси дахлсиз. Адвокатнинг дахлсизлиги унинг уй-жойига, хизмат хонасига, фойдаланишидаги транспорти ва алоқа воситаларига, унинг хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир. Адвокатга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан қўзғатилиши мумкин.

АДВОКАТНИНГ ЁРДАМЧИСИ

– Ўзбекистон Республикасининг юридик маълумотига эга бўлган фуқароси Адвокатнинг ёрдамчиси бўлиши мумкин. Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек, судланганлиги бекор қилинмаган ёки олиб ташланмаган шахс. Адвокат ёрдамчиси адвокатнинг ҳуқуқларига эга эмас ва суриштирув, дастлабки тергов органларига ишни олиб бориш учун ҳамда суд ва бошқа давлат органларида иш олиб бориш учун қўйилмайди. Адвокат ёрдамчиси адвокатнинг кўрсатмасига биноан, унинг иш юритувида бўлган ишлар юзасидан адвокатнинг процессуал ваколатларига тегишли бўлмаган топшириғини бажаради.

АДВОКАТНИНГ ИНТИЗОМИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ

– адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди бузилганлиги унга нисбатан интизомий чоралар қўлланилишига сабаб бўлади. Интизомий иш юритиш Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси ёки адвокатга гувоҳнома берган адлия органи томонидан қўзғатилади.

АДВОКАТНИНГ СТАЖЁРИ

– камида уч йиллик иш стажига эга бўлган адвокат адвокат стажёрига эга бўлишга ҳақли. Олий юридик маълумотга эга бўлган шахс адвокатнинг стажёри бўлиши мумкин.
Стажировка адвокатлик тузилмасида ўталади. Адвокатнинг стажёри ўз фаолиятини адвокат раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади. Стажёр адвокатлик фаолияти билан мустақил равишда шуғулланишга ҳақли эмас.

АДВОКАТУРАНИНГ МАБЛАҒЛАРИ

– адвокатура нотижорат ташкилотдир ва фаолиятни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади. Адвокатуранинг лавозим штатлари, мансаб окладлари ва маъмурий-хўжалик харажатларининг сметалари молия органларида рўйхатдан ўтказилмаслиги лозим. Адвокатуранинг иш ҳақи фонди банклар томонидан назорат қилинмайди.

АДОЛАТ ҲУҚУҚИ

– англо-саксон ҳуқуқ оиласи амалда бўлган мамлакатлар ҳуқуқининг манбаси бўлиб, у Англияда XV асрдан бошлаб, Лорд канцлер томонидан мустақил судья сифатида Қирол ва унинг кенгаши номидан якка тартибда ишларни кўриши натижасида ва шу асосда тизимли равишда “адолат” доктринаси сифатида қабул қилинган қарорлар ҳисобланади.

АДОЛАТСИЗ СУД ҚАРОРИ

– ишнинг аниқланган ҳолатларига зид равишда ёки моддий ёхуд процессуал қонунни жиддий бузган ҳолда қабул қилинган суд ҳужжати (ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор).