АДРЕСАТ

– почта, курьерлик жўнатмаси, пул маблағларининг почта ўтказмаси, телеграф хабари ёки бошқа хабар йўлланган юридик ёки жисмоний шахс.

АЁЛЛАР ЖИНОЯТЧИЛИГИ

– вояга етмаган ва катта ёшдаги аёллар томонидан содир этилган жиноятларнинг йиғиндисидан иборат. Аёллар жиноятчилигини ўрганишда айнан аёл жинсига мансуб шахсларнинг жиноят содир этишига таъсир кўрсатувчи криминологик омиллар ва сабабларга эътибор берилади.

АЁЛЛАР МЕҲНАТИ

– меҳнат ва у билан боғлиқ муносабатларда аёллар меҳнатидан фойдаланишни тартибга солувчи ҳуқуқий институт. Аёлларни ҳомиладорлиги ва уч ёшга тўлмаган боласи борлиги сабаб билан ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланади. Ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган болали аёлларни ишга қабул қилиш рад этилганда уни рад этиш сабаблари ҳақида ёзма маълумот берилиши лозим. Меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўлланиш тақиқланади, ер остидаги баъзи ишлар (жисмоний бўлмаган ишлар ёки санитария ва маиший хизмат кўрсатиш ишлари) бундан мустаснодир. Аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади.

АЁЛЛАР ҲУҚУҚИ

– биологик, ижтимоий, оилавий шароитидан келиб белгиланган аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлар мажмуи. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасига кўра, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. 1945 йилдан аёллар ҳуқуқи халқаро ҳуқуқ томонидан тартибга солинувчи муҳим объектлардан бирига айланди. Бу ҳуқуқлар 1948 йил Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясида ҳам ўз аксини топди ва унинг 16-моддасида эркак ва аёлнинг никоҳдаги тенглиги мустаҳкамлаб қўйилди.

АЖРАТИЛГАН МИНТАҚА

– 1) автомобиль йўли, унинг тегишли конструктив элементлари ва муҳандислик иншоотлари, шунингдек, автомобиль йўлидан фойдаланиш учун зарур бўлган бинолар, иншоотларни жойлаштириш, иҳота ва манзарали дарахтзорлар барпо этиш учун доимий фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган ер участкаси; 2) темир йўл транспортининг тупроқ кўтармаси, сунъий иншоотлар, йўл бинолари, темир йўл алоқаси ва электр таъминоти қурилмалари, темир йўл бекатлари, бошқа бинолар, иншоотлар ва йўл қурилмалари, шунингдек, ихота дарахтзорлари жойлашган ерлар.

АЖРИМ

– суд томонидан чиқариладиган процессуал ҳужжатлардан бири, суд қарорларининг бир тури сифатида қаралади. Ажримлар биринчи инстанция ва апелляция, кассация, назорат судлов инстанциялари томонидан ҳамда янги очилган ҳолатлар бўйича суд мажлисида ва суд мажлисидан ташқари фуқаролик суд ишларини юритишнинг барча босқичларида қонунда белгиланган асосларга мувофиқ чиқариладиган акт (процессуал ҳужжат) саналади.

АЙБ

– шахснинг ўзи томонидан содир этилган, ЖКда назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмиши (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик)га ва унинг ижтимоий хавфли оқибатларига нисбатан бўлган руҳий муносабатининг қасд ёки эҳтиётсизлик шаклидаги кўриниши.

АЙБ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

– шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлиши.

АЙБ ЭЪЛОН ҚИЛИШ

– терговчи, прокурорнинг шахсга унинг нимада айбланаётганлигини маълум қилишдан иборат процессуал ҳаракатидир.

АЙБИНИ БЎЙНИГА ОЛИБ АРЗ ҚИЛИШ

– бу ўзини одил судловга топшириш ва тегишли жазога тортилиш мақсадида шахснинг содир қилган жинояти ҳақида ўз ихтиёри билан хабар беришидир.