22.11.2019

Шу каби саволларга  жорий йилнинг 22 ноябрь куни Адлия вазирлиги томонидан “Қонунчиликдан янгиликлар” матбуот анжумани ва брифинги ташкил этилди. Тадбирда жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир ҳукумат қарори бўйича фуқароларга ва журналистларга тушунтириш берилди.

Келтирилишича, Қарор билан Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, Ер участкасини олиб қўйишга зарурат туғилганда ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади.

Ҳокимлик ёки инвестор томонидан дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ер участкаси олиб қўйилишидаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади.

Ресурслар етарли бўлганида ҳамда фойда харажатлардан устун келганда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан қабул қилинади.

Ҳокимликлар ер участкаси олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли эмас.

Олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасидаги кўчмас мулклар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади.

Ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида компенсация тури, миқдори ва бериш муддати келишилади ва ушбу келишув нотариал тартибда тасдиқланади.

Келишилган компенсация берилмагунча кўчмас мулклар бузиб ташланишига йўл қўйилмайди.

Мулкдорларга келишилган компенсация берилганидан сўнг:

 мулкдор томонидан кўчмас мулк бўшатиб берилади.

 ҳокимликлар томонидан кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси адлия органларига хулоса олиш учун юборилади.

 адлия органлари компенсация берилганлиги, уй-жойлар амалда тўлиқ бўшатилганлиги ва бошқа ҳолатларни ўрганади ва ўз хулосасини ҳокимликларга тақдим этади.

 адлия органларининг хулосаси ижобий бўлган тақдирдагина кўчмас мулкни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.

Мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларга:

эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ерларга участкаларига нисбатан татбиқ этилади;

мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ер участкалари олиб қўйилиши, кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш, фуқароларни кўчириш, шунингдек, компенсациялар беришда қонун талаблари ижросини назорат қилиш прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.

Тадбирда қарордаги янгиликлар тушунтирилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоблар берилди. Хусусан, бузиб ташланадиган кўчмас мулк объектини сотиб олиш мумкинлиги тартиби жорий қилинганлиги таъкидланди. Маълум бўлишича, шу вақтга қадар бундай тартиб мавжуд эмас эди. Бунда сотиб олган мулкдор мазкур қарорга мувофиқ тузилган Келишувдан келиб чиқувчи аввалги мулкдорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланиши маълум қилинди.

Шунингдек, тадбирда иштирок этганларга ҳафта мобайнида қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти бўйича маълумотлар берилди.