16.01.2020

         2020 йил 14 январь куни “Нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президентимиз томонидан имзоланди.

         Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, “Гаров тўғрисида”ги, “Нотариат тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги, “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги ва бошқа қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

         Айниқса, улар орасида “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар алоҳида эътиборга сазовор, чунки киритилган ўзгартиришларга кўра илк бора қонун даражасида хусусий нотариуслар фаолиятига оид нормалар мустаҳкамлб қўйилди.

         Хусусан, Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат нотариал идоралари нотариуслари билан бир қаторда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан амалга оширилиши белгиланди.

 

         Нотариус бўлишнинг энг юқори ёш чегараси неча ёш?

         Қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ нотариус бўлишнинг энг юқори ёш чегараси 65 ёш этиб белгилаб қўйилди.

         Шунингдек, суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида уч йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўтаган ҳолда соддалаштирилган тартибда нотариус бўлишлари мумкин бўлди.

         Нотариус ёрдамчи ва стажёрдан ташқари нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга эга бўлиши мумкинлиги қонунан мустаҳкамланди.

         Шунингдек, Қонун:

         нотариал ҳаракатларни амалга оширишда нотариусларнинг давлат нотариал идораси ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус бўлиб ишлашидан қатъи назар, тенг ҳуқуқларга эгалиги ва бир хил мажбуриятларни ўз зиммасига олиши;

давлат нотариал идоралари нотариуслари ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар бир хил юридик кучга эга бўлиши тўғрисидаги нормалар билан тўлдирилди.

 

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти қандай амалга оширилади?

Хусусий нотариал фаолиятни амалга ошириш лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади.

Лицензия Олий малака комиссиясининг нотариуслик ваколатларини бериш бўйича малака имтиҳони якунлари юзасидан чиқариладиган қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда берилади.

Хусусий нотариус мақомига эга бўлишга талабгорлар лицензия олиш учун малака имтиҳонини топширадилар.

Шу билан бирга, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш асослари белгиланган нормалар Қонунда ўз ифодасини топди.

Бундан ташқари хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал фаолиятни амалга оширишда нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномасини тузиши шарт ҳисобланади.    

Ушбу ҳолатда суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта суммаси қуйидаги энг кам миқдордан кам бўлиши мумкин эмас:

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятларнинг маъмурий марказларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг камида минг бараваридан;

бошқа аҳоли пунктларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш юз бараваридан.

Ушбу қоида нотариал ҳаракатларнинг нотўғри амалга оширилиши туфайли фуқароларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга ва уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

 

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар нималарга ҳақли?

“Нотариат тўғрисида”ги Қонун хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятига доир 8-1-модда билан тўлдирилди. Унга кўра бундай нотариуслар:

юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ўз идорасига эга бўлишга;

банк ҳисобварағи ва бошқа шахсий ҳисобварақлар очишга;

мулкий ҳамда шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлишга;

мажбуриятларни ўз зиммасига олишга;

ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишга;

судда ўз номидан иштирок этишга ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақлидир.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузмасдан туриб ўз фаолиятини амалга оширишга ҳам ҳақли эмас.

 

         Нотариал палатанинг ваколатлари белгиланди

         Эндиликда Қонунда Нотариал палатанинг мақоми ифодасини топди.

         Қонуннинг янги киритилган 22-6-моддасига кўра нотариал палатанинг конференцияси палатанинг юқори органи бўлиб, заруратга кўра, бироқ беш йилда камида бир марта чақирилади.

         22-7-моддага мувофиқ эса хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолияти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида Нотариал палата ҳузурида Компенсация фонди ташкил этилади.

         Шунингдек, Нотариал палата хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти устидан мониторингни амалга оширади.

         Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармалари хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилишда иштирок этади, яъни улар Палата тегишли ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда уни тавсия қилган нотариус томонидан амалга оширилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёрини ишга қабул қилиш ҳам Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси тавсиясига асосан ушбу бошқарма томонидан бириктирилган нотариус томонидан амалга оширилади. Шу билан бирга, хусусий нотариуслар томонидан нотариус стажёрини ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этишга йўл қўйилмайди.

         Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Нотариал палата билан биргаликда белгиланади.

         Бундан ташқари Олий малака комиссияси таркибига Нотариал палата вакиллари киритилади.

 

         Нотариуслар янги нотариал ҳаракатларни амалга оширади

         Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра нотариуслар томонидан қуйидаги янги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

         медиатор вазифасини бажариш;

         далилларни таъминлаш;

         муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлаш;

         электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга эканлигини тасдиқлаш.

         Мазкур ҳаракатларнинг амалга оширилиши фуқаролар ва тадбиркорларимизга кўплаб қулайликлар яратади.

 

         Хулоса қилиб айтганда, Қонун билан нотариат соҳасидаги бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши, шу жумладан, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилиши мамлакатимиз нотариат тизимида туб бурилиш ясайди.

         Нотариал хизматлардан фойдаланиш бўйича фуқароларимизга қўшимча қулайликлар яратади, унинг ишончли ва кафолатланган бўлишини таъминлайди.