18.01.2020

Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларига протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларга эхтиёжманд бўлган фуқаролар томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

Шунга кўра, “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида 2020 йилнинг 18 январь куни вазирлик биносида таниқли фан, санъат ва адабиёт намоёндалари ва ногиронлиги бўлган шахслар иштирокида навбатдаги хайрия тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида ногиронлиги бўлган шахсларни қийнаб келаётган тизимли муаммолар ҳақида мурожаат ва таклифлар қабул қилинди. Такидлангандек, уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилади.

Маълумот учун, Адлия вазирлиги кўмаги билан Ўзбекистон ногиронлар жамиятига Хитой Халқ Республикасининг “Шанхай ногиронлар” федерацияси томонидан юборилган 1 200 ортиқ протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари Давлат божхона омборларидан имтиёзли асосда олиб чиқилган ва жамиятнинг омборларига олиб борилган.

Мазкур тадбир орқали протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларнинг 868 тасини ушбу воситаларга муҳтож бўлган фуқароларга жамиятнинг ҳудудий бўлимлари орқали етказиб берилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббусининг тўртинчи ташаббуси ижроси юзасидан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда турли хилдаги бадиий адабиётлар ҳам вилоятларга юборилди.

Бундан ташқари, тадбир якунида иштирокчилар учун дастурхон ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, вазирлик томонидан Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси каби ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш бўйича 2018 йилдан бошлаб “Биз биргамиз!” (“Мы вместе!” “We are together!”) ижтимоий лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Лойиҳа доирасида шу кунга қадар 3 та хайрия тадбири ўтказилган. Ушу тадбирлар натижасида 70 нафар иштирокчилар томонидан маҳсулотларнинг 300 000 000 (уч юз миллион) сўмга яқин савдоси амалга оширилиб, “ECOBOZOR” савдо мажмуаси билан шартномалар имзоланиб, уларни ўз маҳсулотларини сотишлари учун имтиёзли савдо растаси билан таъминланди.