19.01.2020

Меҳнат қонунчилиги, хусусан, иш режими юзасидан меъёрлар йиллар давомидаги чуқур илмий ва амалий тадқиқотлар асосида инсон эҳтиёжи ва имкониятларидан келиб чиқиб шаклланиб келган. Қолаверса, меҳнат қонунчилиги соҳасида юқори стандартларнинг амал қилиши миллионлаб ишчиларнинг ҳаётига таъсир қилади.

Ривожланган кўпгина мамлакатларда узоқ иш режими мавжуд

         Шундай бўлсада, кўплаб мамлакатларда, жумладан хусусий ташкилотларда узоқ иш режимларида ишлаш муаммоси мавжуд. Маълумки, Япония, Жанубий Корея, МДҲ давлатлари ва бошқа хорижий давлатларда бундай муаммолар инсонлар ҳаётига салбий таъсир қилаётгани юзасидан кўплаб фактлар бор.

Ортиқча ишлаш стратегик мақсадларга тўсқинлик қилади

Ўзбекистонда ҳам иш вақти муаммоси мавжудлиги сир эмас, албатта.

Кузатишларга кўра, ортиқча ишлаш қисқа муддатли режалар учун қандайдир хизмат қилса, юқори натижали самарали меҳнат ва сермазмун ҳаёт фаолиятини йўлга қўйиш йўлида, шунингдек, катта стратегик мақсадлар учун салбий таъсир кўрсатади. Хусусан:

• ходимларнинг меҳнат унумдорлиги пасайишига;

• иш вақтининг нотўғри режалаштирилишига;

• энергия ресурсларнинг ортиқча сарф бўлишига;

• ходимнинг оилавий муаммоларга дуч келишига ва ижтимоий кўникмаларига салбий таъсир қилишига олиб келади.

         Aдлия вазирлиги хориж тажрибасини ўрганган ҳолда, меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди.

Тайм менежментнинг янги моделларидан фойдаланилади

Ушбу дастурнинг битта тадбири сифатида ходимларни кун мобайнида ўз фаолиятини тўғри режалаштириш юзасидан тушунтиришлар берилиб, тайм менежментнинг янги замонавий моделларидан фойдаланиш илгари сурилмоқда.

Хизмат компьютерлари автоматик тармоқдан узиб қўйилади

         Aдлия вазирлигида ходимларнинг иш вақти тугагандан кейин ўз фаолиятини тугатиши талаб этилмоқда. Энг кескин чора сифатида эса принципиал ёндашув асосида иш куни охирида барча ходимларнинг хизмат компьютерлари автоматик равишда тармоқдан узиб қўйилиш тартиби ҳам киритилди. Мазкур ҳолатда ходим ўз-ўзидан ишини тугатишига тўғри келади.

Якшанба куни ишга келган ходим бинога киритилмайди

         Бундан ташқари, якшанба куни ходимларни ишга чиқиши тақиқланган. Бу талабнинг бажарилиши қатъий назорат қилинмоқда. Яъни ходим кўрсатмага амал қилмасдан ишга келса ҳам у бинога киритилмайди.

Кўрилган чоралар кўзланган натижа бермоқда

         Мазкур чоралар натижасида ходимлар иш вақтидан унумли фойдаланишга ҳамда меҳнат жараёнини оптимал режалаштиришга мажбур бўлишмоқда ва бу ўз мевасини бермоқда.

         Ўз вақтида оиласи бағрига қайтган, етарлича дам олиб, позитив энергияга эга бўлган ходимларнинг меҳнат самарадорлиги ортиб бормоқда.

         Вазирлик ходимларининг меҳнат самарадорлиги баҳоланяпти

         Ҳозирда вазирликда кадрлар билан ишлашнинг замонавий KPI тизими асосида иш ташкил этилиб, ҳар бир ходимнинг меҳнат самарадорлиги индивидуал равишда баҳолаб борилмоқда.