04.05.2020

Адлия вазирлиги ўз жамоаси орасидан ҳар ойда энг яхши ходимни аниқлаб, рағбатлантириб бормоқда. Бу ходимларнинг меҳнат унумдорлигини ошишига, уларнинг ўз устида кўпроқ ишлашига ҳамда ташкилот фаолиятига бўлган меҳрнинг ортишига хизмат қилади.

Эндиликда Адлия вазирлиги марказий аппаратида ойнинг энг яхши ходимини аниқлаш икки босқичда амалга оширилиши белгиланди. Биринчи босқичда махсус комиссия аъзолари тақдим этилган номзодлар орасидан уч нафарини танлайди. Иккинчи босқичда ушбу фаолияти аъло деб баҳоланган номзодлар ўртасида вазирлик ходимлари онлайн равишда яширин овоз бериш орқали ойнинг энг яхши ходимини аниқлашди.
Хусусан, 2020 йил апрель ойи бўйича сўровнома натижаларига кўра, Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси бошлиғи Миржалол Давронбекович Аллакулиев ойнинг энг яхши ходими сифатида эътироф этилди.

“Ойнинг энг яхши ходими”ни аниқлаш жараёни адолатли ҳамда шаффоф ўтказилишига эътибор қаратилди.

Миржалол Аллакулиев 10 йилдан зиёд Адлия вазирлигида турли лавозимларда ишлаган. 2018 йилдан бошлаб Адлия вазирлиги Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

У коронавирус пандемияси даврида вирус кенг тарқалишини олдини олишга ва ижтимоий-иқтисодий соҳадаги унинг оқибатларини юмшатишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқилишида бевосита иштирок этди.

Бундан ташқари, бошқарма фаолияти йўналишидан келиб чиқиб, вазирлик томонидан ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритишда ҳамда ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини оширишда, шунингдек соҳа бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун моҳиятини аҳолига етказишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Адлия вазирлиги жамоаси Миржалол Давронбекович Аллакулиевни бундай эътирофга сазовор бўлганлиги муносабати билан табриклайди. Келгусидаги ишларида муваффақият, ғайрат ва шижоат доимий ҳамроҳ бўлишини тилайди.