04.05.2020

«Салом Сардоба, биз биргамиз!» хайрия акцияси доирасида 70 миллион сўм йиғилди

Аввал хабар берганимиздек, Адлия вазирлиги ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Сардоба сув омборида юз берган офат натижасида жабр кўрганларга кўмаклашиш мақсадида “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акциясига старт берилган эди.

Тошкент шаҳрида хайрия ёрдамини қабул қилиш пункти очилган. Бугуннинг ўзида пойтахт аҳолиси 1000 нафардан зиёд одамга мўлжалланган болалар ва катталар устки кийимлари, кўрпа-тўшак ва ёстиқлар, оёқ-кийим, идиш-товоқ, гигиена воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар ўйинчоқларини олиб келишди. Кўнгиллилар барча нарсаларни йиғиб, Сирдарё вилоятига жўнатиш учун тайёрлаб қўйдилар.

Бундан ташқари, махсус очилган ҳисоб рақами (20212000100981895003) га бефарқ бўлмаган фуқароларимиз, хориждаги ватандошларимиз, бизнесменлар, турли ташкилот ва корхоналардан пул маблағлари келиб тушмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, умумий ҳисобда 70 миллион сўм маблағ келиб тушган.

Хусусан, жисмоний шахслардан:

Payme орқали — 17 971 230 сўм;

Click орқали — 8 894 440 сўм;

юридик шахслардан эса ҳисоб рақамга — 41 636 595 сўм келиб тушган.

Йиғилган маблағларга зарур истеъмол товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ҳамда бошқа буюмлар сотиб олинади.

Барчага кўрсатаётган бағрикенглик ва эзгулик, «Салом, Сардоба, биз биргамиз!» хайрия акциясида иштирок этиш истагида бўлганликлари ва мураккаб аҳволда қолган сирдарёликларни қўллаб-қувватлаётганлари учун чуқур миннатдорлик изҳор этамиз.

Акция давом этмоқда. Хайрия ёрдамлари “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси ёнидаги автотураргоҳ яқинида қабул қилинмоқда. Мўлжал — “Ёшлик” кафеси.

«Тезкор штаб»нинг телефон рақамлари: 91-572-11-00, 71-239-33-23, 97-157-80-65.