26.06.2020

Шу кунларда  адлия вазири Русланбек Давлетов ижтимоий-иқтисодий соҳадаги қонунчиликнинг амалдаги  ижроси қандай таъминланаётганлиги ўрганиш мақсадида  Наманган вилоятида хизмат сафарида.

Даставвал вилоятнинг йирик корхонаси ҳисобланган “ART SOFT HOLDING” МЧЖ фаолиятидаги масалалар таҳлил қилинди.
Таъкидлаш керакки, тўқимачилик саноати ҳар бир давлат иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Пахта экспорти бўйича етакчи бўлган мамлакатимиз учун бу соҳа айниқса жуда аҳамиятлидир. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 7 мингдан ортиқ тўқимачилик корхоналари фаолият олиб бораётган бўлса, шундан 1676 таси Наманган вилоятига тўғри келади. Енгил саноат ва тўқимачилик муҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми эса жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 249 млрд. сўмни ташкил этмоқда.

Ўрганиш давомида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларда белгиланган имтиёз ва преференциялар, тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиш масалалари, шунингдек кластерларнинг ҳуқуқий мақоми ва давлат ҳокимияти органлари билан муносабатлари муҳокама этилди.

Шу билан бир қаторда, Наманган туманида фаолият кўрсатувчи “Musaffo iqlim trans servis” кўп тармоқли фермер хўжалигига ҳам ташриф буюрилиб, корхона фаолияти билан танишилди ҳамда у ердаги мавжуд муаммолар ўрганилди. Учрашув давомида корхона раҳбарининг маҳсулотларни Европа давлатларига экспорт қилиш учун стандартларни халқаро миқёсда ўтказиш борасидаги таклиф ва мулоҳазаларини тинглади.

Хизмат сафари давомида Р.Давлетов Наманган шаҳар адлия бўлими ҳузурида эксперимент тариқасида илк бор ташкил этилаётган “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш маркази” жойлаштирилиши режалаштирилаётган шаҳримизнинг И.Каримов кўчасида жойлашган бинода бўлиб, у ерда марказ ходимларига яратилаётган шарт-шароитлар, келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими