Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш

Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш
Норматив-хуқуқий ҳужжат бўйича нотариал хизматнинг тавсифи, шу жумладан ушбу ҳужжатга ҳавола
Нотариал хизматнинг соддалаштирилган тавсифи

Нотариус қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилади.

Депозитга чет эл валютасидаги пул суммасини ҳам топшириш мумкин.

Хизматни олиш учун зарур бўлган ҳўжжатлар рўйхати, нусхалари сони ва асл ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги кўрсатилган

Жисмоний шахслар томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилишда нотариус қуйидаги ҳужжатларни талаб қилади:

  1. Фуқароларнинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:
    • Ўзбекистон фуқароларининг шахси — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;
    • ҳарбий хизматчиларнинг шахси — ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно);
    • ет эл фуқароларининг шахси — уларнинг миллий паспорти (қонун ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;
    • фуқаролиги бўлмаган шахс учун — Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси.
  2. пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида ёзма ариза;
  3. пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш учун асослар (қарз шартномаси, суд ҳужжатлари ва бошқалар);
  4. пул суммалари ва қимматли қоғозлар топшириладиган кредиторларнинг рўйхати;
  5. кредитор жойлашган манзилни тасдиқловчи ҳужжат.
  6. Бошқа ҳужжатлар (зарур бўлса).

 

Юридик шахслар томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилишда нотариус қуйидаги ҳужжатларни талаб қилади:

  1. Фуқароларнинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:
    • Ўзбекистон фуқароларининг шахси — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;
    • чет эл фуқароларининг шахси — уларнинг миллий паспорти (қонун ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;
    • фуқаролиги бўлмаган шахс учун — Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси.
  2. пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш ҳақида ёзма ариза;
  3. юридик шахс ижро органи раҳбарининг тайинланганлиги ҳақидаги ҳужжат (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо);
  4. тегишли инвестиция воситачиси ёки Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан берилган қимматли қоғозлар эгаларининг рўйхати;
  5. умумий мажлисда қатнашмаган кредиторларга (таъсисчи ёки акциядорга) умумий мажлис томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича юборилган хабарномалар реестри;
  6. кредитор жойлашган манзилни тасдиқловчи ҳужжат.
  7. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (юридик шахс).
  8. Бошқа ҳужжатлар (зарур бўлса).
Нотариал ҳаракатни иштирокчилари

Бир тараф: Мурожаат этувчи-Қарздор

Хизматни олиш нархи
  1. Давлат божи.
  2. Нотариал харакатларни амалга оширишга доим масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш учун.
  3. Нотариал тасдиқланадиган ҳужжатлар лойиҳаларини тузиш учун.
  4. Расмий бланка учун тўлов.
Хизматни олиш муддати

Жисмоний шахслар учун 30 дақиқагача, Юридик шахслар учун 60 дақиқагача.

Муҳим: Депозитдаги кредиторларга берилиши лозим бўлган пул суммалари ва қимматли қоғозлар уч йил мобайнида сақланади. Ушбу муддатлар ўтгандан кейин талаб қилиб олинмаган пул суммалари ва қимматли қоғозлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.

Хизматни олишнинг якуний натижаси
Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш
Бошқа шартлар ва талаблар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ

249-модда. Қарзни депозитга қўйиш йўли билан мажбуриятни бажариш

Қарздор ўзи тўлаши лозим бўлган пул ёки қимматли қоғозларни нотариуснинг депозитига, қонунда белгиланган ҳолларда эса — суднинг депозитига қўйишга ҳақли, башарти мажбурият қарздор томонидан қуйидагилар туфайли бажарилиши мумкин бўлмаса:

1) мажбурият бажарилиши лозим бўлган жойда кредитор ёки ижрони қабул қилиб олиш учун у вакил қилган шахс бўлмаса;

2) кредитор муомалага лаёқатсиз бўлса ва унинг вакили бўлмаса ёки вакил рози бўлмаса;

3) мажбурият бўйича ким кредитор эканлиги хусусида аниқлик йўқлиги кўриниб турган бўлса, хусусан бу ҳақда кредитор билан бошқа шахслар ўртасида низо чиққанлиги муносабати билан;

4) кредиторнинг ижрони қабул қилишдан бўйин товлаши ёки унинг томонидан бошқача йўл билан кечиктирилиши муносабати билан.

Пул суммасини ёки қимматли қоғозларни нотариус ёхуд суднинг депозитига қўйиш мажбуриятни бажариш ҳисобланади.

Депозитига пул ёки қимматли қоғозлар қўйилган нотариус ёхуд суд кредиторни бундан хабардор қилади.

 

“НОТАРИАТ ТЎҒРИСИДА” ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

74-модда. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш

Нотариус қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилади.

Нотариус пул суммалари ва қимматли қоғозлар келиб тушганлиги ҳақида кредиторга хабар қилади ҳамда унинг талаби бўйича унга тегишли пул суммалари ва қимматли қоғозларни топширади.

Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга мажбурият бажариладиган жойдаги нотариус қабул қилади.

75-модда. Пул суммалари ва қимматли қоғозларнинг уларни депозитга топширган шахсга қайтарилиши

Пул суммалари ва қимматли қоғозларнинг уларни депозитга топширган шахсга қайтарилишига тўлов кимнинг фойдасига амалга оширилган бўлса, ўша шахснинг ёзма розилиги билан ёки суд қарорига биноан йўл қўйилади.

 

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги ЙЎРИҚНОМА

24-§. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш

177. Нотариус Қонуннинг 74-моддасига мувофиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилади.

178. Депозитга чет эл валютасидаги пул суммасини ҳам топшириш мумкин.

179. Нотариуслар пул суммалари ва қимматли қоғозларни ҳудудий адлия органи томонидан тегишли банкларда очилган депозитга қабул қилади.

180. Юридик шахслар томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилишда нотариус қуйидаги ҳужжатларни талаб қилади:

пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш ҳақида ёзма ариза;

юридик шахс ижро органи раҳбарининг тайинланганлиги ҳақидаги ҳужжат (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо);

тегишли инвестиция воситачиси ёки Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан берилган қимматли қоғозлар эгаларининг рўйхати;

умумий мажлисда қатнашмаган кредиторларга (таъсисчи ёки акциядорга) умумий мажлис томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича юборилган хабарномалар реестри;

кредитор жойлашган манзилни тасдиқловчи ҳужжат.

181. Жисмоний шахслар томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилишда нотариус қуйидаги ҳужжатларни талаб қилади:

пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида ёзма ариза;

пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш учун асослар (қарз шартномаси, суд ҳужжатлари ва бошқалар);

пул суммалари ва қимматли қоғозлар топшириладиган кредиторларнинг рўйхати;

кредитор жойлашган манзилни тасдиқловчи ҳужжат.

182. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида ёзма аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (юридик шахснинг номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи);

кредиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми (юридик шахснинг номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи);

мажбурият қандай сабабларга кўра бевосита бажарилмаганлиги.

183. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш ҳақидаги аризалар нотариал тартибда тасдиқланади.

Тасдиқлов ёзувида пул суммаларининг қабул қилинганлиги кўрсатилади.

Депозитга қимматли қоғозлар қабул қилинганда аризада қимматли қоғозларнинг тури, сони, уларнинг рақами, серияси ва номинал қиймати ёзилиши лозим.

184. Нотариус пул суммалари ва қимматли қоғозлар олинганлиги тўғрисида кредиторни хабардор қилади.

Қарздор кредиторнинг манзилини кўрсатмаса ва бу манзил нотариусга маълум бўлмаса, қарздор томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозлар топширилганлиги ҳақида кредиторга хабар қилиш мажбурияти унинг ўзига юклатилиши тўғрисида нотариус огоҳлантиради.

185. Нотариус қарздорга топширилган пул суммалари ва қимматли қоғозлар кредиторга ёки унинг вакилига топширганлиги тўғрисида маълумотнома беради.

186. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида нотариуснинг хабарномасини олган кредитор ушбу нотариусга ёзма ариза билан мурожаат этади. Аризадаги имзонинг ҳақиқийлиги нотариал тартибда шаҳодатлантирилади.

187. Нотариус кредитор ёки унинг вакилининг ёзма аризасига асосланиб, ҳудудий адлия органига кредиторларнинг рўйхатини илова қилган ҳолда пул суммалари ва қимматли қоғозларни топшириш ҳақида хат юборади.

188. Ҳудудий адлия органи нотариуснинг хати асосида пул суммалари ва қимматли қоғозларни топшириш учун депозит ҳисоб рақами очилган тегишли банкка тўлов топшириқномасини юборади. Тўлов топшириқномасига асосан кредитор ёки унинг вакилига тегишли банк томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозлар берилади.

189. Пул суммалари ва қимматли қоғозларнинг уларни депозитга топширган шахсга (қарздорга) қайтарилишига тўлов кимнинг фойдасига амалга оширилган бўлса, ўша шахснинг ёзма розилиги билан ёки суд қарорига биноан йўл қўйилади.

190. Депозитда сақланаётган пул суммалари ва қимматли қоғозлар ҳудудий адлия органларининг мулки ҳисобланмайди.

191. Депозитдаги кредиторларга берилиши лозим бўлган пул суммалари ва қимматли қоғозлар уч йил мобайнида сақланади. Ушбу муддатлар ўтгандан кейин талаб қилиб олинмаган пул суммалари ва қимматли қоғозлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.

Бошқа тегишли хизматларга ҳаволалар