Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг илмий-тадқиқот фаолияти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 321-сон Қарори билан тасдиқланган 2012-2015 йиллар учун Республика суд экспертизаси марказининг ривожлантириш дастурига асосан, илмий тадқиқот ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, 13 та йўналишда – “Лотин графикаси асосида ўзбек тилида ёзилган қўлёзма матнларни бажарган шахснинг жинсини аниқлаш методикасини ишлаб чиқиш”, “Лотин графикаси асосида ўзбек тилида дастхати атайлаб ўзгартириб ёзилган қўлёзма матнларни текшириш”, “Босма воситалар ва принтер маркасини идентификация қилиш мақсадида турли принтерларда бажарилган босма матнлар чизиқларининг микро тузилишини текшириш”, “Янги русумдаги шиналар протекторлари кўринишининг альбомини яратиш”, “Суд-баллистика экспертизаси бўйича ўқ узган шахсни аниқлаш учун электрон микроскапиядан фойдаланиш”, “Изшунослик (трасология) экспертизаси бўйича маълумотлар фондини яратиш”, “Гиёҳвандлик воситалари, психатроп моддалар ва прекурсорларнинг микро миқдорларини текшириш усулларини такомиллаштириш”, “Ўсимлик мойи ва ҳайвонлар ёғини текшириш бўйича суд-экспертлик тадқиқоти методикаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш”, “Турли маркадаги кислотали бўёқлар билан турли даражада бўялган жун толаларни таққослаб текшириш учун спектрал усулнинг криминалистика экспертизаларини амалга оширишга жорий этиш”, “UzGM русумидаги автомобилларнинг тормоз хусусиятларини аниқлаш”, “Банк соҳасида иқтисодий жиноятларни содир этиш учун қўлланадиган ҳужжатларни текшириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш”, “Баҳолашнинг бозор усулларидан фойдаланган ҳолда объектлар қурилишини нархлаш бўйича методик тавсияларни ишлаб чиқиш”, “Рақамли манбалар ёрдамида ёзиб олинган ўзбек тилидаги фонограммаларда нутқ сигнали кўрсаткичларига тозалаш воситаларининг (фильтрларнинг) таъсирини ўрганиш” ва 1 та давлат гранти асосида “Ўзбекистон туб аҳолисининг одам ДНКсини Y-хромосомаси бўйича текшириш” мавзуларида илмий тадқиқот ишлари олиб борилган. Ўтказилган илмий тадқиқот ишлари натижасида 6 та янги экспертиза турлари – суд экология экспертизаси, суд политология ва лингвистик экспертиза, суд-филология экспертизаси, Ўзбекистон Республикасида норматив-бозор усуллари билан ер майдонларига бўлган фойдаланиш ҳуқуқининг қийматини аниқлаш экспертизаси, ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси, рақамли технологиялар асосидаги аудио ва видео ташувчилар, ҳамда электроакустик монтаж белгиларини комплекс тадқиқоти экспертиза турлари амалиётга тадбиқ этилди ва ҳозирги кунда мазкур йўналишларда экспертиза тадқиқотлари ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125-сон қарори билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида,” Суд-экспертлик амалиётига янги инновацион ишланмаларни жорий этиш, суд экспертизаларининг турларини кенгайтириш, уларнинг сифати ва ишончлилигини ошириш” йўналишида:

– Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Тошкент давлат аграр университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Тошкент кимё технологиялари институти, Тошкент фармацевтика институти, Ўзбекистон Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти, М.Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институти, Ўзбекистон Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти, Ўзбекистон Республикаси Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази, Тошкент Давлат иқтисодиёт университети, Банк-молия академияси, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Тошкент давлат техника университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтлари билан суд-экспертлик фаолиятининг энг долзарб муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳалар, шу жумладан миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш дастурлари тасдиқланди ва ижроси таъминланмоқда.

– Республика суд экспертизаси маркази Ахборот-ресурс маркази фондини ихтисослаштирилган ўқув, илмий ва бошқа адабиётлар билан янгиланиб борилмоқда, суд экспертизаси соҳасидаги хорижий ахборот-таҳлилий даврий нашрларга мунтазам обуна бўлишни таъминланди;

– Республика суд экспертизаси маркази «Электрон таълим» миллий тармоғи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг электрон ахборот-кутубхона фонди ва етакчи хорижий ахборот-кутубхона ресурслари фондларига уланди;

– Давлат суд экспертиза муассасалари ва тегишли давлат органлари эксперт бўлинмалари томонидан ўтказиладиган бир хилдаги суд экспертизалари аниқланди ва уларни ўтказиш бўйича ягона идоралараро услубиётлар ҳамда ягона реестри тасдиқланди.

Шу билан бирга белгиланган вазифаларнинг ижросига қаратилган Республика суд экспертизаси маркази фаолиятида мавжуд бўлган турли услубий қўлланмалар, адабиётлар янгиланди ва улар доимий тарзда замонавий экспертиза имкониятлари билан бойитиб борилмоқда.