Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази – O`zbekiston Respublikasi Adliya Vazirligi X.Sulaymonova nomidagi Respublika sud ekspertizasi markazi (рус. Республиканский центр судебной экспертизы имени Х. Сулеймановой при Министерстве юстиции Республики Узбекистан; инг. Republican Center of Forensic Expertise after H.Sulaymonova under the Ministry of Justice of the Republic of Uzbekistan) — фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш, жамоат тартибини, хавфсизликни таъминлаш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш масалаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларга махсус билимларни қўллаш йўли билан кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказига қуйидаги ҳуқуқлар берилган:

– суд экспертизасини ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш; суд-экспертлик амалиётига янги услубларни жорий этиш юзасидан бошқа суд экспертизаси муассасаларига тавсиялар бериш; илмий-тадқиқот ишларини бажариш мақсадида грант маблағлари олиш учун танлов ва тендерларда иштирок этиш; белгиланган тартибда бошқа давлатлар суд экспертизаси муассасалари билан тузилган шартномалар (келишув) асосида мутахассислар, илмий-техник ҳужжатлар, илмий-ишлаб чиқариш тажрибаси ва бошқа ахборотлар алмашинувини амалга ошириш;

– экспертларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, моддий ва ижтимоий таъминлаш чораларини кўриш; давлат суд эксперти сифатида аттестациядан ўтган ходимларга белгиланган тартибда гувоҳномалар, малака ва ҳуқуқий билимларни оширишдан ўтган ходимларга белгиланган тартибда сертификатлар бериш; ўз фаолиятини ривожлантириш мақсадида Марказни ривожлантириш жамғармасини ташкил қилиш; халқаро конференция, семинар ва бошқа анжуманларни ташкил қилиш ҳамда уларда иштирок этиш.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Устави Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125-сон қарорига[2] мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил “29” майдаги 171-ум-сон буйруғи билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг тарихи

Асосий саналар:

1950 йил 30 декабрь Тошкент илмий-тадқиқот криминалистика лабораторияси ташкил этилган ва 1951 йил 01 июнь кунидан фаолият юрита бошлаган. Дастлаб лабораторияда суд-хатшунослик ва техник-криминалистик экспертизаларнинг алоҳида турлари – трасологик, дактилоскопик ва суд баллистик экспертизалари бўйича тадқиқотлар ўтказилган.

1958 йил 24 январь – Академик Х.Сулаймонова ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 35-сонли қарорига кўра лаборатория негизида Марказий Осиёда биринчи Тошкент суд экспертиза илмий-тадқиқот институтига асос солинган ва институт ўз фаолиятини 1958 йилнинг 01 апрель кунидан бошлаган.

1995 йил 22 июнь – Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Республикада суд экспертизаси фаолиятини такомиллаштириш, бу соҳада илмий изланишларни ривожлантириш, одил судловни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг экспертиза хизматини ривожлантириш тўғрисида”ги 234-сонли қарорига асосан, Тошкент суд экспертиза илмий-тадқиқот институти Республика илмий-тадқиқот криминалистика марказига айлантирилди ва унга Республикада суд экспертиза масалалари бўйича илмий- услубий ҳамда мувофиқлаштирувчи идора мавқеи берилди.

2003 йил 27 август – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 370-сонли Қарорига мувофиқ Республика илмий-тадқиқот криминалистика марказига Республика суд экспертиза маркази этиб қайта ташкил қилинган.

2010 йил 01 июнь – суд экспертизаси соҳасининг ҳуқуқий асосларини яратиш ва қонуний асосларини таъминлаш мақсадида куни Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди, бу эса мамлакатда суд экспертизасининг аҳамияти нақадар долзарб эканлигини тасдиқлади ва ўз фаолиятини самарали амалга ошириш учун асос бўлди.

2011 йил 5 январь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 5-сонли “Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилот томонидан суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори[6] тасдиқланди ҳамда унинг асосида 2011 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги 53-мҳ-сон буйруғи қабул қилинди (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 2 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2202).

2012 йил 14 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 321-сон Қарори[4] асосида Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларнинг малакали эксперт тадқиқотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, суд экспертизаси соҳасидаги тадқиқотларнинг илмий асосланганлигини ошириш мақсадида 2012-2015 йиллар учун Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг ривожлантириш дастури белгиланди.

2017 йил 13 апрель – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда суд экспертларининг малакасини ошириш тизимини ташкил қилиш тўғрисида”ги 206-сон қарори[7] қабул қилинди ва унга асосан, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тизимини ташкил қилиш мақсадида Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази ҳамда, Марказнинг муқаддам мавжуд бўлмаган Бухоро, Жиззах, Навоий ва Наманган вилоятлари ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

2019 йил 17 январь – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини фаолиятининг ҳуқуқий асоси яратилди. 2019-2020 йилларда суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

2019 йил 20 апрель – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 338-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга асосан Республика суд экспертизаси марказининг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланди. Унга кўра Марказнинг штат бирликлари кўпайтирилди, бир қатор янги бўлимлар, жумладан: Сифат менеджменти бўлими, Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими, Ишлар бошқармаси ташкил этилди.

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг тузилиши

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган мустақил тузилмаси бўлиб, ўз фаолияти учун зарур барча белги ва реквизитларга эга.

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази бевосита Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига бўйсунади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказ фаолиятига раҳбарлик қилади.

Республика суд экспертизаси маркази ихтисослашган давлат суд экспертизаси муассасаси бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруқлари ва кўрсатмалари ҳамда ушбу Уставга асосан амалга оширади.

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази таркибига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган ҳудудий бўлимлар киради.

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи билан Президент администрацияси билан келишилган ҳолда тайинланадиган ва озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.

Республика суд экспертизаси маркази таркиби:

Марказий аппарат:

- Директор, Илмий Кенгаш;

- Директорнинг экспертлик фаолияти ва илмий ишлар бўйича ўринбосари;

- Директорнинг инновациялар, молия-хўжалик ва тижорат масалалари бўйича ўринбосари;

Бевосита суд-экспертлик фаолиятини амалга оширувчи лаборатория ва бўлимлар:

- Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси;

- Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияси;

- Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси;

- Суд-автотехника экспертизаси лабораторияси;

- Суд-фонография экспертизаси лабораторияси;

- Суд-баллистика ва изшунослик экспертизаси лабораторияси;

- Суд-товаршунослик экспертизаси лабораторияси;

- Ёнғин-техник экспертизаси лабораторияси;

- Суд-қурилиш-техник экспертизаси бўлими;

- Суд-иқтисодий экспертизаси бўлими;

- Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар бўлимлари;

Бошқа таркибий тузилмалар:

- Архив;

- Ахборот-ресурс маркази;

- Ахборот технологиялари ва инновацияларни жорий қилиш бўлими;

- Бош юрисконсульт;

- Бухгалтерия ҳисоби ва назорат бўлими;

- Девонхона;

- Ишлар бошқармаси;

- Кадрлар бўлими;

- Ташкилий назорат ва таҳлил бўлими;

- Сифат менеджменти бўлими;

- Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази;

- Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими.