23.11.2019

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига кўра демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

Адлия органлари ҳам Конституциямизнинг мазкур нормалари талабларидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича самарали фаолият олиб бормоқда. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширмоқда. 

Фуқаро мурожаати – доимо эътиборда

Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида адлия органлари томонидан бу борада бир қанча ишлар амалга оширилди. Қуйида бу борадаги ишлар ва уларнинг натижалари хусусида сўз юритамиз.

Ўтган 9 ой мобайнида адлия органлари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида 13 700 та мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, шундан 2 215 таси “1008-Ишонч телефони” орқали қайд этилган.

Мурожаатлари кўриб чиқиш мобайнида аниқланган қонунбузилишлар ва уларни бартараф этиш бўйича бўйича давлат органлари ва идораларга 271 та тақдимнома киритилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди. Фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга 544 та 286 млрд. сўмлик даъво аризалари киритилди.

Қонунбузилишида айбдор бўлган  66 нафар мансабдор шахсларга нисабатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли қарор қабул қилиш учун маъмурий судларга юборилди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг 32 та ҳужжатлари бекор қилинди. Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган 6,8 млрд. сўмлик зарар судгача ундириб берилишига эришилди.

Сўз исботи билан деганларидек, бу бўйича айрим мисолларни келтиришни лозим деб топдик. Хусусан, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида яшовчи фуқаро Г.Г.нинг бузилган мол-мулки бозор нархида (162.196.362 сўм) баҳоланмаганлигидан норози бўлиб Адлия вазирлигига ёзган мурожаати юзасидан судга даъво ариза киритилиб, фуқаронинг кўчмас мулки бозор баҳосида қайта баҳоланиб (338.153.638 сўм), тўланмай қолган компенсация пули тўлиқ ундириб берилди.

Келиб тушаётган мурожаатларнинг таҳлили уларнинг аксарияти туман (шаҳар) ҳокимликлар томонидан фуқароларнинг мулк ҳуқуқи бузилаётганлиги, иш берувчилар меҳнат қонунчилигига риоя этилмаётганлиги, судларнинг қабул қилган қарорларидан ёки уларнинг ижроси ўз вақтида ва тўлиқ таъминланмаётганлиги юзасидан эканлигини кўрсатмоқда. 

Инсон ҳуқуқлари соҳасига оид қонун ҳужжатлари таҳлили ва уларни янада такомиллаштириш йўлида

Мазкур давр мобайнида Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси томонидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар тайёрланди.

Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйилиши ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга қаратилган Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа асосида жорий йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Шунингдек ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги ва шу муносабат билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун маъмурий
ва жиноий жавобгарлик белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам тайёрланган.

Бундан ташқари телерадиокомпаниялар зиммасига дастурларни ногиронлиги бўлган шахслар улардан фойдалана олишини таъминланган ҳолда (сурдо таржима билан) тайёрлаш вазифасини юклашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар устидан жисмоний ва юридик шахслар томонидан судларга шикоят қилиш учун имконият яратишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.         

    Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият

Жорий йилнинг 10 май – 30 июнь кунлари “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” лойиҳаси доирасида республика бўйлаб фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларига риоя этилишини ўрганиш бўйича акция ўтказилди.

Акция доирасида фуқаролар томонидан 2.586 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг кўп қисмини жойида ҳал қилиш ва қаноатлантириш чоралари кўрилди.

Акция доирасида адлия органлари томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида:

– тегишли ташкилотларга 236 та тақдимнома ва 100 та огоҳнома киритилди;

– судларга 30,3 млрд. сўмлик 360 та даъво аризаси киритилди;

– 17 та ҳолатда айбдор шахсларни маъмурий, 3 та ҳолатда эса жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар берилди;

– 3 та ҳоким қарори бекор қилинди.

Акция доирасида кўплаб фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Жумладан, Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳокимлиги томонидан фуқаро Р.И.нинг биноси бузилиб, унга компенсация берилмаётганлиги аниқланиб, Бахмал туман адлия бўлими томонидан фуқаро манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туман судига 195,8 млн. сўмлик компенсация тўлаш бўйича даъво ариза киритилди.

 

Давлат органлари инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши лозим

Адлия органлари томонидан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан доимий назорат амалга оширилмоқда. Шу мақсадда 298 та республика, вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларида ўрганишлар ўтказилиб, ўрганишлар давомида 62 050 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. 15 млрд. сўмлик пул маблағларининг фуқароларга қайтариб берилиши таъминланди.

 

            Ҳуқуқий саводхонлик – инсон ҳуқуқлари таъминланишининг кафолати

Инсон ҳуқуқлари йўналишида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш механизмлари, шунингдек қонунчиликдаги янгиликларни аҳолига етказиш мақсадида адлия органлари томонидан жами 17 716 та тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Хусусан, оммавий ахборот воситалари орқали 2 267 та (телевиденияда 456 та, радиода 407 та, газета ва журналларда 409 та, веб-сайт ва бошқа электрон ахборот воситаларда 995 та) ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди, шунингдек бевосита жойларга чиққан ҳолда 14 643 та меҳнат жамоаларида оғзаки ҳуқуқий тарғиботлар ўтказилди, 1000 га яқин турли мавзуларда 64 мингдан ортиқ нусхада кўргазмали материаллар тарқатилди.

Буларнинг барчаси аҳолининг ўз ҳуқуқларини билишига, бошқа шахслар ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлишига, уларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий билимларининг ошиши ва уларни қўллаш бўйича етарли кўникмаларнинг шаклланишига хизмат қилмоқда.           

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – устувор вазифамиз

Адлия органлари ўзининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолияти юқорида келтирилган натижалар билан кифояланиб қолмайди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этилишини таъминлаш борасидаги ишлар бундан кейин ҳам янада кенг қамровда давом эттирилади.