26.08.2020

Лицензия – лицензияланаётган фаолият тури билан шуғулланиш имконини берувчи ҳужжат. Ушбу ҳужжат, албатта, бекорга жорий этилмаган. У маълум соҳа фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш, назорат қилиш ва шу фаолият юзасидан фуқаролар, истеъмолчилар, фойдаланувчилар манфаатларини кўзлаган кафолатларни бериш деганидир.

Лекин бунда ҳам меъёр ва адолат мезонлари бўлиши лозимки, акс ҳолда ортиқча бюрократия ва бошқа тўсиқлар сабаб тадбиркорлик фаолияти ривожланмайди, бу иқтисодий ўсиш суръатига салбий таъси кўрсатади, турли суъистемолликлар, ортиқча босим юзага келади.

Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятига нисбатан эркинликларни кўпайтириш, иқтисодиётга давлат аралашувини минималлаштириш ва бу борада қонунчиликни либераллаштириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Куни кеча шу масала юзасидан “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон нимаси билан аҳамиятли?

Ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида тадбиркорлик субъектлари иштирокида 20 тадан ортиқ учрашувлар ва муҳокамалар ўтказилган, 10 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари билан аноним сўровлар олиб борилган ва жамоатчилик орасида муҳокама қилинганда 300 тага яқин таклифлар келиб тушган.

Лицензия ва рухсатномаларни бекор қилишда қуйидаги омилларга эътибор қаратилган:

1) фаолият турининг инсон соғлиғи ва жамиятга зиён етказилмаслиги;

2) фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ҳисобини юритиш имконияти мавжудлиги;

3) давлат идоралари томонидан қўшимча даромад манбаи яратиш мақсади кўзланганлиги.

Лицензия ва рухсатномаларнинг бекор қилиниши натижасида бож тўловларининг ўзидан 45 млрд сўмдан ортиқ маблағлар тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қолиши кутилмоқда.

Фармон билан нималар ўзгармоқда?

2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар белгиланмоқда:

- 53 та лицензияланадиган фаолият ва 21 та рухсатнома бекор қилинмоқда;

Хусусан, аудиторлик, баҳоловчи, риэлтор, юкларни автомобиль транспортида республика ҳудудида ташиш фаолияти учун лицензия ҳамда хорижий ишчини жалб қилишга рухсатномалар бекор бўляпти.

37 та лицензия ва 10 та рухсатнома тўлиқ бекор қилинмоқда ҳамда 16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бошқа ҳужжатлар билан бирлаштириш орқали қисқартирилмоқда.

Бу, албатта, тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштиришга катта ёрдам беради. Чунки бекор бўлаётган лицензияланадиган фаолият турлари билан 20 мингга яқин, хабардор этиш тартибига ўтказилаётган фаолият турлари билан 7 мингдан ортиқ тадбиркорлар шуғулланмоқда.

Бу бизга нима беради?

Қатор лицензия ва рухсатномаларнинг хабардор қилиш тартибига ўтказилиши қуйидаги қулайликларни яратади:

1)            фаолиятни бошлашдаги бюрократик тўсиқларнинг олди олинади;

Ўтказилган сўровларда лицензия ва рухсатномаларни бериш рад этилган ҳолатларнинг 43,5 фоизида оғзаки ва 16,4 фоизида асослантирилмаган жавоб берилганлиги, 10,6 фоизида эса умуман жавоб берилмаганлиги маълум қилинган.

2)            фаолиятни бошлашдаги вақт лицензиялар учун 30 кунгача, рухсатномалар учун 20 кунгача қисқаради;

3)            фаолиятни бошлашдаги бож тўловлари 35,2 млрд сўмга қисқаради;

Ломбард фаолиятини бошлаганлиги учун илгари 1,2 млн сўм тўлаган бўлса, энди хабарнома юбориш учун 111,5 минг сўм (11 баравар кам) тўлов амалга оширади.

4)            хуфёна иқтисодиётнинг камайишига хизмат қилади.

2019 йилда кадрлар малакасини ошириш учун келиб тушган аризаларнинг 67 фоизи рад этилган, чет тиллари ўқув курслари очиш учун умуман берилмаган. Бироқ жойларда ҳеч қандай лицензиясиз ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилмоқда ва мазкур фаолият бугунги кунда ўқитувчиларнинг асосий даромад манбаи ҳисобланади.

Автоматлаштириш, рақамлаштириш, шаффофлик ва коррупцияга қарши кураш

Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 1 январга қадар “Лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилиши ва ишга туширилиши белгиланмоқда.

“Лицензия” ахборот тизими БМТ тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқининг грант маблағларини жалб қилган ҳолда очиқ тендер асосида ишлаб чиқилади.

Амалдаги 80 фоиз лицензия ва рухсат бериш жараёнларига ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаган ва натижада соҳада қонунбузилишлар учрамоқда.

Улгуржи савдо учун лицензия 2019 йилдан бекор қилинган бўлса-да, Сурхондарёда 10 та ва Хоразмда 22 та ҳолатда тадбиркорлардан асоссиз йиғим ва давлат божлари ундирилган.

2021 йил 1 январдан қуйидаги тартиблар ўрнатилмоқда:

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўлиқ электрон тарзда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади;

  ваколатли органлар томонидан лицензиат фаолиятини назорат қилишнинг аниқ мезонлари белгиланган ҳолда
“хавфни таҳлил этиш” тизими жорий қилинади;

лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатлар QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштирилади ва уларни махсус бланкаларда бериш тартиби бекор қилинади;

қўшимча ҳужжатлар тадбиркорлик субъектининг иштирокисиз “Лицензия” ахборот тизими орқали мустақил равишда олинади;

ваколатли органлар ташаббуси билан лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни бекор қилиш фақат суд тартибида электрон тизим орқали амалга оширилади;

фаолиятни лицензиясиз, рухсатномасиз ёки хабарнома юбормасдан амалга оширганлик факти ҳақида хабар берган жисмоний шахслар ундириладиган жариманинг 10 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Жараёнларни рақамлаштириш бир қатор ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади, жумладан:

барча жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади;

давлатнинг маъмурий харажатлари қисқартирилади;

Лицензия ва рухсатномаларнинг махсус қоғоз бланкаларида берилиши учун 2019 йилда 13 млрд сўм маблағ сарфланган.

ваколатли органлар томонидан қонун ҳужжатларига риоя этилишининг самарали мониторинг тизими шаклланади;

Қурилиш вазирлиги 2019 йилда 454 та лицензия берган бўлса-да, мазкур йилда амалдаги лицензиатларнинг атиги 2 тасида лицензия талаб ва шартларининг бажарилиши текширилган.

  лицензиатлар фаолиятини назорат қилишнинг мутлақо янги ва юқори самарали бўлган усули – жамоатчилик назорати ўрнатилади;

  ваколатли органларнинг идоралараро электрон ҳамкорлиги йўлга қўйилади.

Солиқ, кадастр ҳужжати, бож тўловини амалга оширганлик тўғрисида маълумотларни қоғоз шаклида тақдим этилиши натижасида лицензияга ариза топширишдан олдинги ҳужжат йиғиш жараёнлари 20 кунгача чўзилиб кетмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ташкил этилган давлат унитар корхоналари ва нодавлат ташкилотларнинг тегишли лицензияни олмасдан фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи бекор қилинмоқда.

Мазкур тоифадаги ташкилотлар томонидан тегишли лицензияни олмасдан фаолиятни амалга ошириши бир қатор салбий ҳолатларга олиб келмоқда. Хусусан, рақобатда ушбу тоифадаги корхоналарга бошқа тадбиркорларга нисбатан устунлик бермоқда.

Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини лойиҳалаш соҳасида давлат корхоналари 30 тани ташкил этиб, улар 287 млн сўмдан ортиқ давлат божини тўламасдан ўз фаолиятини йўлга қўйган.

Қуйидагилар тақиқланмоқда:

   лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни шартномаларга алмаштириш;

лицензиялар беришда маиший коммунал хизматлардан қарздорлиги мавжудлиги сабабли давлат хизматларини кўрсатишни рад этиш;

  лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни беришда тадбиркорлик субъектини ҳақ эвазига бошқа турдаги хизматлардан фойдаланишга бевосита ёки билвосита мажбурлаш.

   лицензия талаб ва шартларини четлаб ўтиш имконияти.

Кўчма савдо билан шуғулланиш учун рухсатнома олиш бекор қилиниб, ўрнига маҳаллий ҳокимликлар билан шартнома тузиш тартиби жорий этилган бўлса-да, амалда бу ҳолат моҳиятан рухсат бериш тартибига айланиб қолган

Шунингдек, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтаётган тадбиркорлар айрим ҳолларда турли нашрларга обуна бўлиши, аксарият хусусий шахсларнинг “сервис” хизматларидан фойдаланиши лозимлиги талаб қилинмоқда.

Аноним сўровларда иштирок этганларнинг 12,3 фоизи лицензия ва рухсатномаларни олишда газета ва журналларга обуна бўлиш талаб қилинганлигини таъкидлашган.

Қонунчиликдаги тарқоқлик ва зиддиятларни бартараф этиш

Лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасида 130 тага яқин қонун ҳужжатлари мавжуд. Жумладан:

   қонунлар – 10 та;

   Олий Мажлис қарори – 1 та;

   Президент ҳужжатлари – 7 та;

   Вазирлар Маҳкамаси қарорлари – 100 тага яқин;

   идоравий қонун ҳужжатлари – 10 тадан ортиқ.

Масалан, такси фаолиятини лицензиялаш йўналиши 6 та норматив-ҳуқуқий хужжат билан тартибга солинган.

Ушбу қонун ҳужжатлари базасини ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатда акс эттириш келгусида ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хилда ва изчил бўлишига кўмаклашади.

Шуни эътиборга олиб “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларни бирлаштиривчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.

Таксилар масаласи кун тартибидан олиб ташланмаган

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда хусусий йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланишни лицензиялаш нима учун бекор қилинмади деган савол кўп муҳокама қилинмоқда.

Аввало, таъкидлаш жоизки, ушбу масала энг юқори даражада кун тартибига қўйилган ва эътибор марказида турибди. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг 2020 йилда амалга оширишга доир Давлат дастурида (https://lex.uz/docs/4751561) ҳам бу масала алоҳида қайд этилган.

Жумладан, Тарнспорт вазирлиги ва Адлия вазирлигига жисмоний шахсларга автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро йўналишлар бўйича ташиш ҳуқуқини бериш бўйича таклифларни киритиш вазифаси топширилган.

Гап шундаки, ушбу соҳа фуқароларнинг хавфсизлиги, саломатлиги, мулк ва бошқа ҳуқуқлари дахлсизлигига доир масалаларни чуқурроқ ўрганишни талаб қилади. Бироқ ҳозирда таҳлиллар ва ўрганишлар натижалари умумлаштириб, таклифлар тайёрланган. Яқин орада бу соҳада ҳам енгилликлар бўлиши кутилмоқда.

Шаҳноза Соатова,

Адлия вазирлиги масъул ходими