22.10.2020

Адлия вазириги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг материаллар, ашёлар ва буюмларнинг криминалистик экспертизаси лабораториясида бир қатор экспертиза турлари амалга оширилиб келинмоқда.

Мазкур экспертиза турини ўтказиш тартиблари бўйича жорий йил 22 октябрь куни  Адлия вазирлигининг "Адлия билан мулоқот" (https://www.facebook.com/groups/adliya/)  гуруҳида ҳамда ютубдаги каналида (https://www.youtube.com/embed/Own9Pt5evEQ) “On-line” мулоқот ўтказилди.

Унда Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ходимлари иштирок этиб, материаллар, ашёлар, буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториясида ўтказиладиган экспертиза турлари ва уларнинг имкониятлари, гиёҳванд воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари бўйича хал қилинадиган масалалар ҳақида тушунтириш беришди.

Мулоқот давомида мутахассислар “Материаллар, ашёлар, буюмлар криминалистик экспертизаси” лабораториясининг ISO 17025 ҳалқаро сертификатини қўлга киритганлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтишди.

Таъкидланишича лаборатория 1972 йилда ташкил қилган бўлиб, ҳозирги кунда 11 та суд экспертиза тури бўйича 19 та йўналишда, жумладан, гиёҳванд воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар ва кучли таъсир қилувчи дорилар, таркибида спирти бўлган суюқликлар ва қимматбаҳо металлар, қотишмалар ва улардан тайёрланган буюмлар бўйича тадқиқотлар ўтказилиб келинмоқда.

Мазкур йўналишлар ичида гиёҳванд воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар ва кучли таъсир қилувчи дорилар бўйича ўтказиладиган экспертизалар алоҳида аҳамият касб этиши, наша ва кўкнор ўсимликлари, улардан қўлда тайёрланган гиёхванд воситалар, дори ишлаб чиқариш саноатида тайёрланган наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар мазкур экспертиза тури объектлари ҳисобланиши таъкидланди.

Мулоқот давомида мутахассислар фуқаролар томонидан келган саволларга жавоблар беришди.

Адлия вазирлиги

 Жамоатчилик билан алоқалар бўлими