03.02.2021

Собиқ нотариус А.Шербаев ва блогер Ш.Мусаевнинг судга ноқонуний таъсир қилиш йўлидаги уринишлари самара бермади: ҳақиқат қонун томонда

       Фуқароларга нотариуслар томонидан сифатли ва малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатилишидан адлия идоралари манфаатдор!

       Нотариуслар томонидан кўрсатилаётган хизматнинг сифатини янада ошириш ҳамда амалда бажарилаётган нотариал ҳаракатларда нотариусларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш мақсадида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ташкил қилинди. Ҳозирги кунда Андижон вилоятидаги давлат нотариуслари тўлиқ хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга айлантирилди ва бу билан “халқни рози қилиш” тамойилини амалда рўёбга чиқариш бош мақсад қилиб олинди.

       Лекин, айрим нотариуслар ўзининг мансабини пул ишлаш қуролига айлантириб олиб, турли хил ноқонуний ҳаракатлар қилиб, фуқароларга мулкий зарар етказмоқда ва ҳар-хил фуқаролик-ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқаришмоқда ва ушбу ҳолатлар фуқароларда нотариусларга нисбатан ишончсизлик ҳиссини уйғотмоқда.

       Энг ачинарлиси, нотариуслар томонидан ушбу ҳаракатларини қонунга зид эканлигини била туриб, ўзлари англаб ҳам турли хил “хизматлардан", яъни журналистлар, блогерларнинг ҳар-хил видеороликлар тайёрлаш хизматидан ҳамда ижтимоий тармоқдаги тролл аккаунтлар хизматидан фойдаланиб келишмоқда.

       Сўнгги вақтларда А.Шербаев (собиқ нотариус), Ш.Мусаев (блогер) ҳамда А.Нишоновлар (собиқ котиб) томонидан ноҳақ ишдан бўшатилганлигини ва компенсация тўловлари кам тўланганлигини иддао қилиб, ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари билан адлия идораларини обрўсизлантиришга уриниб келинаётганлигини кузатмоқдамиз.

      А.Шербаев узоқ йиллар давомида адлия тизимида ишлаб, ўзи ишлаган идорасини қадрламасдан, бирга елкама-елка ишлаган ҳамкасбларини шаъни ва қадр-қимматини қадрига етмасдан, турли ёлғон бўхтонлар билан иш жойи ва ҳамкасбларини ижтимоий тармоқларда обрўсизлантиришга ҳаракат қилиб келмоқда.

      Мазкур барча ҳолатларга суд органлари томонидан тўлиқлигича баҳо берилиб, адлия идоралари ҳар бир ҳолатда қонун доирасида ҳаракат қилганлиги тасдиқлаб берилди.

   

   

       Биринчи масала, А.Шербаевга компенсация тўловлари кам тўланганми?

       Суд томонидан ушбу масала холисона кўриб чиқилиб, суд жараёнида А.Шербаев адлия тизимида ишлаган даврида атиги икки ёки уч маротаба таътилга чиққанлиги, компенсация тўловлари кам ҳисобланганлигини таъкидласада, экспертиза хулосасига асосланган ҳолда суд томонидан А.Шербаевнинг важлари асоссиз эканлиги, 2006-2019 йиллардаги 13 йиллик узлуксиз меҳнат фаолияти давомида 10 маротаба таътилга чиққанлиги, қолаверса, компенсация тўловлари кам эмас, балки 243 минг сўмга кўп тўланганлиги аниқланди.

       Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, собиқ котиб А.Нишонов ҳам ишдан бўшатилиши ноқонуний бўлганлиги важлари билан судга мурожаат қилган ва унинг ҳам бу мазмундаги даъво аризаси суд томонидан кўриб чиқилиб, қаноатлантириш рад этилган.

       Албатта, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилиб судларга мурожаат қилиши - уларнинг қонуний ҳуқуқи ҳисобланади. Бироқ, суд томонидан якуний тўхтамга келингунга қадар “Қўрқоқ аввал мушт кўтаради” қабилида иш тутиб, ахборот майдонида суд ва адлия идораларига нисбатан жамоатчиликда нотўғри хулосалар пайдо қилишга, мазкур ҳаракатлар билан суд натижасига таъсир ўтказишга ҳаракат қилинишини ҳамда давлат органларини обрўсига путур етказишга уринишини оқлаб бўлмайди.

       Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз бўладики, қонунчиликда суд ишларини ҳал этишга аралашиш, ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида судларга ҳар қандай шаклда таъсир ўтказишга ҳаракат қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

       Бир саволга аниқлик киритиб олсак, А.Шербаев адлия тизимида ўзи қандай ишлаган?

       А.Шербаевнинг охирги уч йиллик фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, 2017-2018 йиллар ҳамда 2019 йилнинг июль ойига қадар ишлаган даврида фуқаролардан 21 маротаба шикоятлар келиб тушган бўлиб, иш фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари, меҳнат ва ижро интизомини бузганлиги учун 8 маротаба интизомий жазо чоралари қўлланилган.

       А.Шербаев штатдан ташқари шахсларни нотариал идорада ишлатганлиги учун интизомий жазо қўлланилган. У ўзига тегишли хулоса чиқармай бегона шахсларни такроран ноқонуний ишлатганлиги учун МКнинг 100-моддаси билан ишдан бўшатилган.

       А.Шербаев ушбу қарордан норози бўлиб бир неча бор судларга мурожаат қилган. Унинг ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни бекор қилиш ҳамда ишга тиклаш мазмунидаги даъво аризаси суд томонидан кўриб чиқилиб, ишдан бўшатилиши қонуний деб топилган ва бу қарор вилоят суди ва Олий судда ҳам ўз кучида қолдирилган.

       Шу ўринда таъкидлаш жоизки, турли идоралардан келиб тушган маълумотларга асосан А.Шербаевнинг фаолияти ўрганиб чиқилиши натижасида қуйидаги ҳолатлар аниқланди.

       Биринчи ҳолат, прокуратуранинг тақдимномасига асосан А.Шербаев томонидан амалга оширилган гаров шартномасининг қонунийлиги ўрганиб чиқилганида, гаровга олинган автомашинани тақиққа қўймаганлиги натижасида автомашинани бегоналашишига ҳамда олинган кредит маблағларининг қайтмаслигига сабабчи бўлиб, банк муассасасига 118,6 млн. сўм моддий зарар етказилган ҳолати юзасидан прокуратура томонидан А.Шербаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

       Иккинчи ҳолат, ИИБ тақдимномасига асосан А.Шербаев томонидан амалга оширилган автомашина олди-сотди шартномасининг қонунийлиги ўрганиб чиқилганида, ишончномадаги ваколатлар текширилмасдан ва мулкдорнинг турмуш ўртоғи розилиги олинмасдан тақиқда турган автомашинани олди-сотди шартномасини расмийлаштириб берганлиги оқибатида банк муассасасига 40 млн. сўм моддий зарар етказилишига ва автомашина эгасининг мулкий ҳуқуқларига зиён етишига сабабчи бўлганлиги масаласи ҳам мавжуд.

       Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирда терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

       Учинчи ҳолат, банк муассасаси хатига асосан А.Шербаев томонидан амалга оширилган гаров шартномасининг қонунийлиги ўрганиб чиқилганида, гаровга олинган 3 та автомашиналарни тақиққа қўйилмаганлиги оқибатида банк муассасасига 248,7 млн. сўмлик кредитнинг таъминотсиз қолишига олиб келган ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

       Тўртинчи ҳолат, бугунги кунда тергов органлари томонидан ЖКнинг 168-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида қарз шартномаси бўйича А.Шербаев томонидан расмийлаштирилган кўчмас мулк гаровга қўйилганлиги, бироқ ушбу кўчмас мулк расмийлаштирилган нотариал ҳаракат судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилганлиги натижасида қарз берувчига 50 минг АҚШ доллари миқдорида зарар етказилганлиги аниқланиб, мазкур ҳолат юзасидан ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

       Ҳозирда, юқоридаги тўртта ҳолатнинг барчаси юзасидан бир вақтнинг ўзида тегишли идоралар томонидан тергов ва терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

       Адлия бошқармаси огоҳлантиради!

       Ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини камситилишига ёки обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни ижтимоий тармоқларда тарқатиш қонунда белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.

      А.Шербаев ва Ш.Мусаевлар томонидан адлия органларини обрўсизлантиришга қаратилган тухмат, асоссиз ва ёлғон маълумотларни тарқатганликдан иборат ҳаракатларига қонуний бахо беришлик учун тўпланган материаллар тегишли идораларга тақдим қилинади.

       Шу ўринда, адлия органлари ҳар бир блогер ёки журналист билан тизимга тегишли масалалар юзасидан яқиндан ҳамкорлик қилишга ва долзарб масалаларни биргаликда ҳал қилишга тайёр эканлигини яна бир бор таъкидлайди. Шу билан бирга, блогерлар ва журналистлар ҳам амалдаги қонунларни ҳурмат қилиши, холислик ва бетарафлик тамойиллари остида ишлаши жуда катта аҳамиятга эга.


АНДИЖОН ВИЛОЯТ АДЛИЯ БОШҚАРМАСИ