19.03.2021

Давлат ҳокимиятининг жамият олдидаги энг асосий вазифаси сифатида аҳоли ҳаёти даражаси ва сифатини ошириш бўйича ислоҳотларнинг натижадорлиги бевосита уларни амалга оширишга қаратилган ҳужжатлар ва қарорларни ижро этиш бўйича интизомнинг қатъийлигига боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида айнан мана шу йўналишда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.

Фармон билан Давлат раҳбарининг ҳужжатлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши юзасидан назорат олиб бориш билан боғлиқ вазифалар Адлия вазирлигига юклатилди.

Таъкидлаш жоизки, вазирликда ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида 2007 йилдаёқ иш юритишнинг ички жараёнлари автоматлаштирилиб, электрон ҳужжат айланиши тизими тўлиқ жорий этилган.

Хусусан, адлия органлари ва муассасалари фаолиятига тааллуқли бўлган қарорлар ижросини ташкил қилиш бўйича ўзининг аниқ мақсадга йўналтирилган қарорларини қабул қилиш, уларни тегишли ходимларга муддатида ва тўлиқ етказиш ҳамда назорат картотекаларини юритиш тизими йўлга қўйилган.

Шунингдек, вазирлик марказий аппарати ҳамда ҳудудий бўлинмаларда ижро интизомининг ҳолати, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари, шунингдек, Ҳукумат қарорлари бажарилиши пухта таҳлил қилиниб, ҳар ҳафта раҳбар ҳузурида танқидий муҳокама ва амалий чора-тадбирлар кўриб келинади.

Ўз навбатида, вазирликнинг Президент ҳужжатлари ва топшириқлари бўйича назорат механизмининг бирламчи бўғинига айланиши тизимдаги барча раҳбарлар ва мутахассисларнинг касбий даражаси ва ишчанлик малакасини янада оширишни ҳамда юксак шахсий масъулиятни талаб этади.

ҲУЖЖАТ ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ МЕХАНИЗМЛАРИ ВА ШАКЛЛАРИ

Ҳар қандай ҳужжатнинг ижросини таъминлашда Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармонларида белгиланган амалий механизмлар, шакллар ва усуллардан самарали фойдаланиш зарур. Бу борада ҳужжатлар ижросини таъминлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир”нинг қуйидаги учта устувор бўғинига алоҳида эътибор қаратиш керак:

биринчидан, ҳужжатда унинг ижросини ташкил этиш учун масъул бўлган давлат органи ва ташкилоти олдида турган вазифаларни муваффақиятли ва мақбул йўл билан ижро қилиш механизмлари аниқ белгилаб берилиши лозим;

иккинчидан, ҳужжатда белгиланган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида ва натижадор ижросини таъминлаш учун имкон даражадаги самарали йўл танланиши зарур;

учинчидан, ҳужжат ижросини амалга ошириш учун энг кам маблағ, ресурс ва энергия сарфланиши зарурлиги инобатга олиниши лозим.

Умуман олганда, ушбу жиҳат янги сиёсат ва ислоҳотларни татбиқ этишда кўплаб давлатлар учун жуда долзарб масала, зеро мазкур жараёнга кўплаб омиллар таъсир ўтказади.

Президентимизнинг ушбу фармонлари юқоридаги тамойиллардан келиб чиққан ҳолда самарали ижро тизимини шакллантиришга қаратилган.

Фармонда давлат органлари ва ташкилотларида республика даражасида ҳам, ҳудудий даражада ҳам Президент ҳужжатлари ва топшириқлари амалга оширилиши бўйича назорат ва ҳисобдорликни ташкил этиш тартиби содда қилиб тушунтирилган, таъбир жоиз бўлса, “технологик занжир” ҳар бир ҳаракат кесимида очиб берилган.

Адлия вазирлиги томонидан ҳам қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, мазмун-моҳиятини тушунтириш, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини ташкил этишга доир тавсияларни ўз ичига олган ҳуқуқий-услубий қўлланма барча учун тушунарли бўлган ва содда тилда тайёрланди ҳамда барча давлат органи ва ташкилот раҳбарининг кундалик фойдаланиши учун юборилди.

Жойларда Фармоннинг мазмун-моҳиятини ҳамда ундан кўзланган мақсадларни “маҳаллабай” тамойили асосида, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда пресс релиз, инфографика, махсус видеодарслар, слайд ва бошқа визуал таништирув воситалари орқали кенг етказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Мисол учун, жорий йилнинг март ойида вазирликлар, идоралар ҳамда ҳудудлар кесимида Фармоннинг мазмун-моҳиятини тушунтириб бериш бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбар ва масъул ходимлари учун ўқув-амалий семинарлар ўтказилди. Ушбу семинарларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини “республика-вилоят-туман-маҳалла” тизими асосида ташкил этилиши аниқ соҳа ва ҳудудлар мисолида тушунтириб берилди.

Уларда иштирокчиларнинг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича ўз қарорларини тайёрлаш ва қабул қилиш, улар бўйича назорат юритиш, ҳудудий даражада назорат ва ҳисобдорликни ташкил этишга оид 50 дан ортиқ саволлари ҳамда “Ijro.gov.uz” тизимининг мобиль версиясини яратиш, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси мониторинги самарадорлигини ошириш билан боғлиқ бир қатор таклифлари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Шу ўринда, айтиб ўтишимиз керак, “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси Р.В. Абдуқодиров билан суҳбатдан Президентимизнинг давлат органлари ишини янгича ташкил қилиш борасидаги мазкур Фармони мазмун-моҳиятини англаб етишда ўзига хос қўлланма сифатида фойдаланишни тавсия этамиз.

Бинобарин, суҳбатда Фармон талаблари асосида ижро интизомини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари аниқ, равшан ёритилган, шунингдек, Президент ҳужжатлари ва топшириқлари билан ишлаш, ижро интизоми, назоратни ташкил этиш, бу борада раҳбарларнинг шахсий масъулияти қандай бўлиши кераклиги билан боғлиқ барча жиҳатлар очиб берилган.

Бундан буён барча ҳужжатлар ҳудди шу тартибда ижрочиларга ва жамоатчиликка тушунтириб борилади.

СИФАТЛИ ҲУЖЖАТ – САМАРАЛИ ИЖРО ПОЙДЕВОРИ

Таъкидлаш жоизки, Фармонда киритилаётган ҳужжатлар лойиҳалари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан етарлича иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаётганлиги туфайли ижро интизоми кутилган даражада эмаслиги қайд этилган.

Бу бежиз эмас, ўзимизнинг вазирлик мисолида айтсак, биргина ўтган 2020 йилда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган (2 259 та) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 739 таси ёки 32,7 фоизини қонунчилик ҳужжатлари нормаларига зид эканлиги, жиддий (концептуал) камчиликларнинг кўплиги сабабли ташаббускор вазирлик ва идораларга қайтаришга мажбур бўлганмиз.

Мисол учун, Молия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизага тақдим этилган 121 та лойиҳадан 43 тасига, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 43 та лойиҳасидан 20 тасига, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг 36 та лойиҳасидан 13 тасига, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 35 та лойиҳасидан 12 тасига лойиҳаларнинг қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берилган.

Аксарият лойиҳаларда қуйидаги тизимли камчиликлар кўп учрамоқда:

биринчидан, лойиҳаларда унда берилаётган топшириқларнинг ижросини ташкил этиш механизмлари (топшириқ – ижрочи – муддат) аниқ белгилаб берилмаган;

иккинчидан, лойиҳаларда кўтарилган муаммолар, жорий ҳолат пухта таҳлил қилинмаяпти ва таклиф этилаётган янги механизмлар амалиётга қандай таъсир қилиши баҳоланмаяпти, бу борадаги илғор хорижий тажриба етарлича ўрганилмаяпти;

учинчидан, амалда бирор соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати бўла туриб, айнан шу масалада зарурат бўлмасада, янги ҳужжатлар ишлаб чиқиляпти;

тўртинчидан, вазирлик ва идоралар бевосита ўзларининг ваколатлари доирасида ҳал қилса бўладиган масалалар бўйича ҳам юқори турувчи органларнинг ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишмоқда, бу эса, қарор қабул қилишда масъулиятни зиммасига олишдан қочиш сифатида баҳоланиши мумкин.

Жумладан, лойиҳа тегишли вазирлик ва идораларга келишиш учун тақдим этилганда улар томонидан ўзининг фаолият соҳаси ва ваколати бўйича экспертизадан ўтказиш ўрнига фақатгина қонунчилик техникасининг айрим қоидаларини бузилганлиги ҳолати юзасидан ҳамда лойиҳада назарда тутилган масалаларни ўзидан соқит қилиш бўйича эътирозлар билдириб келинмоқда.

“Сифатли ҳужжат” ўзига хос интеграциялашган кўрсаткич сифатида самарали ижро пойдеворини белгилаб берадиган бир қатор муҳим таркибий қисмларни ўз ичига олади. Хусусан:

биринчи таркибий қисм қонунчилик ҳужжатларини амалий рўёбга чиқариш ҳамда қонун ҳужжатларини ижро этилмаслиги эҳтимоли лойиҳа босқичидаёқ экспертиза қилиниши лозим;

иккинчи таркибий қисм – ҳужжат лойиҳасида белгиланаётган вазифалар кўлами, муддати ва мураккаблилиги унинг ижроси юклатилаётган масъул ташкилотларнинг имкониятларига мос равишда белгиланганлиги баҳоланиши керак;

учинчи таркибий қисм – ҳужжат лойиҳасида белгиланган топшириқларни бажариш учун зарур молиявий ресурслар миқдори ва кафолатланган манбалар таҳлил қилиниши зарур;

тўртинчи таркибий қисм – ҳужжат лойиҳасида белгиланган вазифа ва топшириқларни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш учун иқтисодий-ижтимоий инфратузилма мавжудлиги ўрганилиши керак.

Бошқача айтганда, “сифатли ҳужжат” лойиҳаси қабул қилинган ҳужжатнинг ижроси ким томонидан, қачон ва қандай ташкил этилишини аниқ белгилаб бериши зарур. Ижро мониторинги барча иштирокчиларга ҳар қандай эҳтимолий тўсиқлардан, шунингдек, ишнинг кутилаётган ва кутилмаган оқибатларини прогноз қилиш имконини беради.

ИЖРОНИ ТАШКИЛ ЭТИШГА КОМПЛЕКС ЁНДАШИЛАДИ

Президент ҳужжатлари ва топшириқлари ижро қилиниши назоратини таъминловчи “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими энди янги форматда ишлайди.

Аслида ислоҳотлар жадаллашувининг дастлабки босқичи – 2017 йилдаёқ Президент ҳужжатлари ва топшириқларини вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро қилинишини назоратини йўлга қўйиш мақсадида мазкур тизим жорий қилинган эди.

Ўтган даврда “Ijro.gov.uz” тизимига 246 та вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимлик органлари ҳамда уларнинг 4 мингдан ортиқ бўлинмалари уланган, 28 мингдан ортиқ ходимларга тизим орқали маълумот алмашиш имконияти берилган.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 майдан бошлаб эса барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат “Ijro.gov.uz” тизимида амалга оширилади.

Янги тизимга кўра, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ҳаракати ҳақида, яъни уларнинг ижросини ташкил этиш қуйидагича 5 та босқичда амалга оширилади:

биринчи босқичда – қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг электрон нусхалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан “Ijro.gov.uz” тизими орқали Адлия вазирлигига юборилади;

иккинчи босқичда – Адлия вазирлиги келиб тушган ҳужжатлар юзасидан “Ijro.gov.uz” тизимида топшириқ муддатини ва масъулларни белгилайди;

учинчи босқичда – масъул ижрочилар ушбу топшириқлар ижросини ташкил этишда улар ўз вақтида, сифатли, самарали ҳамда натижадорлик билан ижро этилишини таъминлаш мақсадида ҳар бир топшириқ бўйича аниқ механизмларни белгилаган ҳолда “йўл харитаси” тайёрлайди, тасдиқлайди ва ижрога қаратади;

тўртинчи босқичда – масъул ижрочилар томонидан ҳужжат ижроси юзасидан натижаларни “Ijro.gov.uz” тизимига киритилади, Адлия вазирлиги натижаларни кўриб чиқади, ижро натижалари қониқарсиз бўлганда уларни қайта ишлашга жўнатади, ижро натижалари қониқарли бўлганда эса “Ijro.gov.uz” тизимида қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини тасдиқлайди;

бешинчи босқичда Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси томонидан топшириқ ижроси ўрганиб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади.

Бунда Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда уларнинг ижро муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш тўғрисида якуний қарорни қабул қилади.

Фармон асосида жорий этилган янги тизимни амалиётга тўлақонли татбиқ этилиши, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва натижали ижро этилишини таъминлашда, “Ijro.gov.uz” тизимида назоратни олиб бориш ва мазкур тизимни юритишда Адлия вазирлигининг масъулияти белгиланди.

Хусусан, Адлия вазирлигига тизим фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича бир қатор жиддий қўшимча вазифалар, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан соҳалар, ҳудудлар ва идоралар кесимида манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишларни олиб бориш ва жойлардаги ҳолат мониторингини юритиш вазифалари юклатилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Адлия вазирлигига унинг зиммасига юклатилган янги вазифаларнинг самарали ижросини ташкил этиш учун бир қатор қўшимча ваколатлар ҳам берилди. Шу жумладан, вазирлик эндиликда “Ijro.gov.uz” тизимига киритилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текшириш, тизимга зарур маълумотларни ўз вақтида киритиш юзасидан кўрсатмалар бериш каби ваколатларга эга бўлди.

Таъкидлаш лозимки, ҳужжатлар қанчалик тез ижрочиларга етиб борса, уларнинг ижроси ҳам ўз вақтида ташкил этилади, энг муҳими қимматли вақт ресурси ҳужжат айланишига эмас, балки топшириқни сифатли адо этишга сарфланади.

Шунга кўра, давлат органлари ва ташкилотларида ҳужжатлар келиб тушгандан уч кун муддатда (агар ҳужжатнинг ўзида бошқа муддат кўрсатилмаган бўлса) улар бўйича аниқ ижрочилар, муддатлар ва бажариш механизми кўрсатилган топшириқларни тайёрлаш, уни имзолатиш ҳамда ижрочиларга етказиш чоралари кўрилиши лозим.

Биз қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни рўйхатга олишдан бошлаб, унинг ижро механизмларини белгилаш ва ижрога қаратиш, ижросини таъминлаб, ахборот киритишга қадар бўлган жараённи, шу жумладан, ижро ҳолати юзасидан муносабатни (таъсир чоралар, кўрсатма ва бошқа), яъни улар билан боғлиқ ҳар қандай жараённинг тўлиқ электрон платформа орқали автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилиши чораларини кўраяпмиз.

Ҳудудларда ишни ташкил этишда, агар ҳужжатларда ҳокимликлар, давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмаларининг ҳудудий бўлинмалари тўғридан-тўғри масъул ижрочи этиб белгиланган бўлса, уларнинг назорати ҳудудий миқёсда ҳам – горизонтал амалга оширилади.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмаларининг ҳудудий бўлинмаларида топшириқларнинг ижро қилиниши доимий равишда мониторинг ва таҳлил қилиб борилади.

Ҳудудий адлия органлари ҳужжатлар ижро натижаларини тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини, шу жумладан, амалий натижаларни кўздан кечириш мақсадида жойларга чиқиш орқали ўрганади, ижро муддати яқинлашган топшириқлар ижросини ўз вақтида таъминлаш бўйича зарур ҳолларда ҳудудда жойлашган идораларга ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш чораларини кўриб боради.

Янги тизимнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, муайян соҳадаги сиёсатни амалга ошириш бўйича ҳужжатларнинг барча ижрочилари ва барча даражада назорат қилинади, ҳар бир топшириқ ижросини таъминлаш учун Давлат раҳбарининг ҳужжатлари орқали тақдим этилган барча имкониятлар ишга солинганлигига комплекс баҳо берилади. Ана шунда якуний кўзланган мақсадга эришилади.

Комплекс баҳо беришга мисол сифатида келтирадиган бўлсак, сўнгги йилларда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган хотин-қизларни, ёшларни уй-жой билан таъминлаш, бандлик масаласини ҳал этиш, уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишларига аниқ имкониятлар яратиш мақсадида Давлат раҳбарининг 30 га яқин ҳужжатлари қабул қилинган.

Президентимиз ҳужжатлари билан аҳолининг ишчанлик фаоллигини оширишга қаратилган ишларни ақл билан ёндашув асосида – фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш йўли билан ушбу дафтарлардан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Демак, бу йўналишда олдимизда турган вазифа муайян ҳудудда шартли “дафтар”ларга киритилган аҳоли қатламларини ушбу рўйхатлардан чиқариш учун Давлатимиз раҳбарининг юқорида таъкидланган ҳужжатлари орқали яратилган имкониятлардан нақадар унумли фойдаланилганлиги, якунда яратилган иш ўринлари ва аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш орқали ҳудуднинг умумий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари қандай бўлганлигига баҳо беришдан иборат.

Мана шундай комплекс баҳолаш ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича янги киритилган тартиб ва натижадорликка эришиш учун жорий қилинган механизмларнинг пировард мақсадидир.

Зеро, ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга Мурожаатномаларида таъкидланганидек, “ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш лозим”.

ШАХСИЙ МАСЪУЛИЯТ ВА “ТЕМИР ИНТИЗОМ” – ИЖРО НАТИЖАДОРЛИГИ ГАРОВИ

Давлат органлари ва ташкилотлари ҳужжатлар ижро ҳолати тўғрисида маълумотларнинг ўз вақтида тақдим этилишини таъминлашлари шарт.

Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини самарали амалга оширилишига тўсқинлиқ қилаётган объектив, субъектив сабаблар, муаммолар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш бўйича тезкор таклифлар ишлаб чиқилиб, юқори туруви идорага ахборот киритилиши лозим. Яъни, ҳар битта ҳолатга нисбатан тезкор реакция кўрсатиш даркор, топшириқ ижросини якунига етказмаслик хавфи келиб чиқишига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиши керак.

Чунки, давлат органлари ва ташкилотлари тизимга топшириқлар ижроси бўйича зарур маълумотларни ўз вақтида киритмаса ёки нотўғри маълумотлар киритса, шунингдек, бу борада кўрсатмаларни ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаса, уларга қонунчиликка мувофиқ интизомий, маъмурий ва бошқа жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкин.

Шунга кўра, биз доимий равишда ҳужжатлар ижроси таҳлил қилиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари фаолиятини ўрганиш орқали мониторинг қилиб борамиз.

Таҳлил жараёнида топшириқлар ижро этилиши бўйича маълумотларга холис баҳо бериш мақсадида қуйидаги мезонларни белгилаб олаяпмиз:

биринчисиқонунийлик, яъни қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган қоидалар ва талабларга тўлиқ риоя этилганлиги;

иккинчиси – долзарблик, яъни қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларида белгиланаётган вазифа ва топшириқларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган давлат сиёсати ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига мослиги;

учинчиси – тўлиқлик, яъни ҳужжатларда кўзланган мақсадларга – кўрсаткичларга эришганлиги (сони, миқдори, ҳажми ва бошқа кўрсаткичлар);

тўртинчисиҳаққонийлик, яъни топшириқлар ижроси натижалари бўйича маълумотларнинг амалда қилинган ишлар билан ўзаро мувофиқлиги;

бешинчиситезкорлик, яъни топшириқ ижроси бўйича маълумотлар уни таҳлил қилиш учун етарли муддат қолганда киритилганлиги, масъул ижрочи томонидан ижро муддатларини узайтириш бўйича киритилган таклифларнинг амалий долзарблиги;

олтинчиси – масъулиятлилик, яъни ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш борасида масъул ижрочилар томонидан ўз ваколати доирасида кўрилган барча зарурий чоралар.

Чунки, масъул идоралар томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг аниқ амалий натижаларга эришилиши таъминланмасдан, юзаки бажарилиши ҳолатларига дуч келаяпмиз. Узоққа бормайлик, жорий йилнинг февраль ойида Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига сафари доирасида “Шодиёна” маҳалласига ташрифи чоғида атроф қаровсизлиги ва ободонлаштириш ишлари йўлга қўйилмаганлигининг гувоҳи бўлдик.

Бинобарин, мазкур ҳудуд масъуллари томонидан “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби дастурлар, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси имкониятларидан унумли фойдаланилмаганлиги аён бўлди.

Хусусан, “Шодиёна” маҳалласида 2018–2019 йилларда жамоат ишлари умуман ташкил этилмаганлиги, 2020 йилда ушбу ҳудудда жамоат ишларини ташкил этиш юзасидан атиги 4 та буюртма берилганлиги маълум бўлди. Ёки бўлмаса мазкур МФЙда жами 87 нафар фуқаро ишсиз сифатида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилган бўлсада, шундан фақатгина 29 нафари (33,3%) жамоат ишларига жалб этилган.

Амалга оширилган таҳлиллар жойларда қонунчилик ҳужатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этишда нотўғри ёндашувлар мавжудлигини ҳам кўрсатмоқда. Мисол учун, Президентимиз раҳбарлигида 2020 йил 20 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида туман (шаҳар) ҳокимлари учун камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлиги даражасини ошириш, “темир дафтар”га киритилган аҳоли, аёллар ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўқитишларни ташкил этиш вазифаси юклатилган бўлсада, аксарият ҳудудларда топшириқ мазмуни тўғри англаб етилмай, ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар ўқишга жалб этилган.

Шу билан бирга, эндиликда янги тизимга мувофиқ, ҳар ярим йилликда масъул ижрочиларнинг ижро интизомини тегишли кўрсаткичларга мувофиқ баҳоланади ва уларнинг рейтинги эълон қилиниб борилади.

Бу рейтинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида, сифатли, самарали ҳамда натижадорлик билан ижро этилганлиги, маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги, кўзланган мақсадларга – кўрсаткичларга эришилганлиги каби устувор индикаторлар асосида шакллантирилади.

Ўйлаймизки, бу амалиёт ҳам ҳужжатлар ижроси ҳолатини яхшилашда ўз самарасини кўрсатади.

ҲАР БИР ҲУЖЖАТ ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ ОСТИДА БЎЛАДИ

Президентимиз томонидан халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида илгари сурилган аниқ ғоялар, ташаббуслар ва таклифларни рўёбга чиқариш жараёнини назорат қилишга жамоатчиликни жалб қилиш долзарб вазифадир.

Шунга кўра, ҳар бир давлат органи ва ташкилоти томонидан ҳужжатлар ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратини ташкил этиш учун зарур шароитлар яратиш борасида самарали чоралар кўрилиши лозим.

Зеро, мамлакатимизда давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, фаолиятимиз шаффофлигини ошириш, жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини, ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш ишлари жадал амалга оширилмоқда.

Жумладан, мунтазам равишда давлат органлари ва ташкилотларининг ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасидаги фаолиятини “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” рукни остида жамоатчилик назорати воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт стратегияси” маркази иштирокида ёритиш ва муҳокама қилиш ишлари ташкил этилмоқда.

Бугунги кунга қадар ушбу рукн остида фармацевтика, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларида топшириқлар ижро ҳолати кенг жамоатчилик эътиборига етказилди.

Умуман олганда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги принципини тўла рўёбга чиқариш учун биз бундай институтлардан кенг фойдаланишимиз зарур, мунтазам равишда жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик эшитувларини ўтказишимиз, ушбу институтни “пастдан тепага” – вертикал асосда ишлаш тизимида олиб боришимиз керак.

Жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этишда биз жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари қамраб олишга ҳаракат қиламиз, ушбу жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотлар, экспертлар, мутахассислар ва кўнгилли фуқароларимизни жалб этамиз.

Чунки жамоатчилик назорати бизга қонунчилик ҳужжати ва топшириқлар ижросини муайян ҳудудда ёки соҳада натижадорлиги юзасидан давлат ҳокимияти органлари фаолиятига баҳо бериш билан бирга, зарур бўлган ҳолларда уларни коррекция қилиш, яъни тўғрилаш, тузатиш имконини ҳам беради.

Биз жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш тартиби тўғрисида низом ишлаб чиқаяпмиз. Бу ҳужжат ҳам давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда жамоатчилик назорати субъектлари учун ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий жиҳатдан фойдали бўлади, деб ҳисоблаймиз.

* * *

Таъкидлаш жоизки, Фармон билан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этиш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизими яратилди. Раҳбарлар ва ходимларнинг масъулиятсизлик, ўзининг тўғридан-тўғри функционал вазифаларини бажаришга юзаки муносабатда бўлишнинг ҳар қандай ҳолатларига йўл қўймаслик ва олдинга қўйилган мақсадлар ва вазифаларга эришиш сўзсиз таъминланиши учун шахсий жавобгарлиги чоралари янада кучайтирилди, эндиликда улар фаолияти натижадорлиги баҳолаб борилади.

Албатта, булардан кўзланган пировард мақсад, юқорида таъкидлаганимиздай, “Ижро интизоми – ислоҳотлар гарови” тамойили асосида жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий, иқтисодий муносабатларни тубдан яхшилаш, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш, халқимизни рози қилишдир.

Қадим шарқ давлатчилиги тараққиётига муҳим ҳисса қўшган Низом-ул Мулк унвонига сазовор бўлган ат-Тусийнинг бундан салкам минг йил олдин ёзган Сиёсатнома китобида ижро интизоми ҳақида қуйидаги фикр келтирилган: “Фармоннинг ҳурмати ва куч-қуввати шундай бўлиши керакки, ижро этилмагунча уни ҳеч ким қўлидан қўйиши керак эмас”. Буни қарангки, бу фикрлар баён қилинганига ўн аср ўтсада ўзининг қийматини заррача ҳам йўқотган эмас.

Русланбек Давлетов,

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири