23.03.2021

I. Нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан диний ташкилотларни давлат (қайта) рўйхатидан ўтказиш, уларнинг рамзларини давлат рўйхатдан (қайта рўйхатдан), уларнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини (оила аъзоларини) аккредитациядан ўтказишни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

1. “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонун;

2. “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун;

3. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун;

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарор билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарор билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарор билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 409-сон “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори.

II. Талаб этиладиган ҳужжатлар

Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 13-бандига кўра ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) давлат тилидаги устав ёхуд юридик шахс ҳисобланадиган алоҳида бўлинма тўғрисидаги низом, икки нусхада Устав (низом) тартиб рақами қўйилган, ип ўтказиб тикилган ва таъсисчи(лар) вакил қилган шахс имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак;

б) таъсис шартномаси – ННТ ассоциациялари (уюшмалари) учун;

в) ННТни ташкил этиш тўғрисидаги таъсис съезди (конференцияси)нинг ёки умумий йиғилишнинг баённома ёхуд таъсисчининг қарори (республика ва вилоятлараро ННТ учун тегишли алоҳида бўлинмалар ташкил этиш тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади);

г) ННТнинг почта манзили сифатида фойдаланиш учун мўлжалланаётган кўчмас мулкка ёки ундан фойдаланишга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат;

д) сиёсий партиялардан ташқари, ННТни тузиш ташаббускорлари ёхуд таъсисчилари тўғрисидаги маълумотлар, уларда жисмоний шахслар учун – фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, яшаш жойи ҳамда юридик шахслар учун – номи, почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ва давлат рўйхатидан ўтказилган санаси кўрсатилади;

е) ташаббускор фуқаролар рўйхати:

камида уч минг кишининг рўйхати – касаба уюшмалари учун;

камида ўн кишининг рўйхати – бошқа жамоат бирлашмалари учун, сиёсий партиялардан ташқари;

ж) “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар – сиёсий партиялар учун, шу жумладан:

сиёсий партиянинг дастури;

мазкур партияга бирлашиш хоҳишини билдирган, камида саккизта ҳудудий субъектларда (вилоятларда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган камида йигирма минг нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўзлари имзо қўйган рўйхати, сайлаб қўйиладиган органларнинг аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, турар жойи ва иш жойи, телефон рақами), раҳбар орган аъзоларига ваколатлар, шу жумладан рўйхатдан ўтказиш жараёнида ёхуд мунозаралар келиб чиққан тақдирда судда партия номидан иштирок этиш ҳуқуқи берилганлиги тўғрисидаги партия олий органининг қарори;

з) бош ННТ давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси – алоҳида бўлинмалар учун;

и) дастлабки маблағларнинг шаклланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (вақтинча жамғариб бориладиган ҳисоб рақамларига пул маблағлари ўтказилганлиги тўғрисидаги банк маълумотномаси) – жамоат фондлари учун;

к) нотариал тасдиқланган васиятноманинг нусхаси – васиятнома бўйича ташкил этилаётган жамоат фондлари учун;

л) белгиланган миқдорда давлат божининг тўлангани тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати.

III. Давлат божи миқдорлари.

Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказишда ва ходимларини (уларнинг оила аъзоларини) аккредитациядан ўтказишда ундириладиган давлат божи миқдорлари:

халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларини, шунингдек халқаро ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиалларини – базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда – БҲМнинг) 12,5 баравари;

республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотларини – БҲМнинг 3 баравари;

фаолиятини вилоят ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини – БҲМнинг 1 баравари;

фаолиятини туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини – БҲМнинг 50 фоизи;

диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний ўқув юртларини – БҲМнинг 20 баравари;

бошқа диний ташкилотларни – БҲМнинг 10 баравари;

нодавлат нотижорат ташкилотларини, шунингдек диний ташкилотлар, халқаро ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари ходимлари, шу жумладан уларнинг қаромоғида бўлган оила аъзоларини аккредитациядан ўтказганлик учун – БҲМнинг 5 баравари;

нодавлат нотижорат ташкилотларини, шунингдек диний ташкилотлар, халқаро ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари ходимлари, шу жумладан уларнинг қаромоғида бўлган оила аъзоларини қайта аккредитациядан ўтказганлик учун – БҲМнинг 2,5 баравари.

Давлат божини тўлаш учун ҳисоб рақамлар: Сўм тўловлари учун:

Олувчининг номи: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги

Банк номи: Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Ҳисоб китоб касса Маркази, МФО: 00014, СТИР (ИНН): 201 122 919

Ягона ғазна ҳисобварағи: 23 402 000 300 100 001 010

Шахсий ҳисобварағ: 401 410 860 226 266 342 211 2009

Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш боғлиқ низолар бўйича судга шикоят қилиниши мумкин.

IV. Тугатиш тартиби.

“Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддасига асосан нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш унинг юқори органи қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг муассислари, қатнашчилари (аъзолари) ёки нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйхатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк ташкилот қатнашчилари (аъзолари), шунингдек раҳбар органларнинг аъзолари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ҳамда ундан белгиланган тартибда фойдаланилади.

V. Нодавлат нотижорат ташкилотларига рўйхатдан ўтказувчи орган билан ўзаро муносабатларини амалга ошириш тартиби

Белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига кўра:

– қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларига риоя этиши;

– ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиши, шу жумладан молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаши;

– рўйхатдан ўтказувчи орган билан тадбирлар ўтказишни келишиб олиши (сиёсий партиялар бундан мустасно) ва унинг вакилига ўтказилаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериши (Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3020, 01.06.2018 йил);

– нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларининг чет мамлакатларга нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ ташрифлари уюштирилиши ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилиши;

– чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиб олиши (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 октябрдаги 858-сон “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори);

– рўйхатдан ўтказувчи органга, давлат солиқ хизмати органларига ва давлат статистикаси органларига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиши шарт (Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан адлия органига тақдим этиладиган ҳисобот шаклини тасдиқлаш ҳақидаги адлия вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 3027, 27.06.2018 йил).

Ушбу мажбуриятларини бажаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари рўйхатдан ўтказувчи органга тегишли хат-ҳужжатларни қоғоз шаклида ёки e-ngo.uz портали орқали электрон шаклда йўллаши мумкин.

VI. Рўйхатдан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат реестри

Рўйхатдан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат реестри билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтиш керак https://www.minjust.uz/uz/interactive/reestr-nocommerce/

VII. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ва муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олишни амалга ошириш тартиби

“Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунга кўра Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари тегишли ҳудудларда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказишни ва муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олишни амалга оширадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 30 октябрдаги 235-сон қарори билан тасдиқланган Ҳакамлик судлари ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ва муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олишни амалга ошириш учун тўловлар ундирилмайди.

Шунингдек, ушбу Низомга мувофиқ доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ташкил этган юридик шахс унинг ҳисобини рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш учун доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида ҳакамлик судининг жойлашган жойи бўйича ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича адлия органига ариза юборади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ташкил қилган юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

юридик шахснинг ваколатли органи томонидан доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ташкил этиш тўғрисида қабул қилинган қарори нусхаси;

юридик шахснинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди низоми ва иш тартиби нусхаси;

ҳакамлик судьялари рўйхати;

ҳакамлик судьялари паспортларининг нусхалари;

ҳакамлик судьялари дипломлари (олий юридик маълумоти бўлганда). Ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш учун камида битта ҳакамлик судьясининг олий юридик маълумоти бўлиши керак;

ҳакамлик судьялари меҳнат дафтарчалари (мавжуд бўлганда).

Иккинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошиларда кўрсатилган ҳужжатлардан нусхалар олиниб, асли қайтариб берилади.

Ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган шахслар кўрсатиб ўтилган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда адлия органи доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказишни амалга оширади. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари реестрига киритилади.

Тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ўн беш кундан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.

Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш тўғрисида тегишли адлия органи Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари реестрига маълумотлар киритилган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида аризачига ҳакамлик суди ҳисоби рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради. Ҳакамлик суди ҳисобини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома шакли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

Муваққат ҳакамлик судлари ҳисобини амалга ошириш учун муваққат ҳакамлик судининг раислик қилувчиси (низо ҳайъатда кўриб чиқилаётганда) ёхуд ҳакамлик судьяси (низо якка кўриб чиқилаётганда) ҳакамлик муҳокамаси бошлангунга қадар ҳакамлик суди жойлашган жойдаги адлия органига ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича хабарнома юборади. Хабарномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ҳакамлик битими нусхаси;

ҳакамлик судьялари рўйхати (низо ҳайъатда кўриб чиқилаётганда);

ҳакамлик судьялари паспортлари нусхалари;

ҳакамлик судьялари дипломлари (олий юридик маълумоти бўлганда). Ҳисобга олиш учун камида битта ҳакамлик судьясининг олий юридик маълумоти бўлиши керак;

ҳакамлик судьялари меҳнат дафтарчалари (мавжуд бўлганда).

Бешинчи ва олтинчи хатбошиларда кўрсатилган ҳужжатлардан нусхалар олиниб, асли қайтариб берилади.

Адлия органи тақдим қилинган ҳужжатларга асосан белгиланган тартибда ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган шахсларнинг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади.

Ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган шахслар кўрсатиб ўтилган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда адлия органи муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олишни амалга оширади. Муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олиш тўғрисидаги маълумотлар ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шакл бўйича Муваққат ҳакамлик судлари реестрига киритилади.

Тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олиш беш кундан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.

Муваққат ҳакамлик судини ҳисобга олиш тўғрисида тегишли адлия органи Муваққат ҳакамлик судлари реестрига маълумотлар киритилган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида аризачига ва ҳакамлик битими томонларига ёзма хабарнома юборади.

Ҳакамлик судьялари белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган ёки зарур даражада расмийлаштирилмаган ёхуд тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар тақдим қилинган тақдирда адлия органи аниқланган камчиликларни ва аризачи тегишли ҳужжатларни тақдим қилиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда аризачига хабарнома юборади.

VIII. Доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судлари реестри

Доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судлари реестри билан танишиш учун ушбу ҳаволага https://www.minjust.uz/uz/interactive/reestr-tret-post/ ўтиш керак.