26.04.2021

Икки йил аввал

2019 йилнинг 25—27 апрель кунлари Тошкентда илк бор “Tashkent Law Spring” – халқаро миқёсдаги юридик форуми бўлиб ўтган эди. Форум доирасида давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, Ўзбекистон ва дунёнинг етакчи юридик ҳамда консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция, халқаро алоқалар соҳасидаги таниқли олимлар, ОАВ вакиллари, мутахассислар, экспертлар, ҳуқуқ соҳасидаги энг сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиш, замонавий юридик фан ва амалиётнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашган эди.

Ушбу анъанавий  юридик форумни давом эттириш мақсадида, шу йилнинг 22–23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида иккинчи бор “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бўлиб ўтди.

Асосий мавзу

Форум Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида иккинчи маротаба ташкил этилиб, видеоанжуман шаклида ўтказилди.

Мазкур форум иши Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан биргаликда 23 апрель куни Адлия вазирлигининг мажлислар залида “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш шароитида адвокатурани ривожлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати асосида ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳамда халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар адвокатура институти билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида, жумладан; Хитой, Туркия, Россия, Беларусь, Озарбайжон Ҳамдўстлик мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари ва келишувлари 2019 йилнинг апрель ойида имзоланган эди.

Бугунги форум доирасидаги давра суҳбатининг асосий мавзуси ва мақсади нималардан иборат; давлатнинг ҳуқуқий сиёсати, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ тизими, Коронавирус чекловлари даврида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси,  судларнинг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб мавзулар жумладан, “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш шароитида адвокатурани ривожлантириш истиқболлари”  хусусидаги назария ва амалиётдаги муаммолар юзасидан қизиқарли баҳс ва мунозаралар, адвокатура институтини ривожлантириш масалаларининг муҳокамаси бўлди.

Давра суҳбатининг мавзуси изчиллик билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотида марказий ўринлардан бири адвокатура институтига тегишлидир. Ўзбекистон Республикасида бугунги адвокатура тизими миллий анъаналар ҳамда илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда фаолият юритиши талаб этилади.

Муҳокама доирасида

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва адвокатурани ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш ва мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этиш борасида ушбу халқаро форум доирасида хорижий ташкилот вакиллари ва Адвокатлар палатасининг масъул вакиллари билан биргаликда адвокатуранинг  энг долзарб масалалари ва келажакдаги истиқболлари муҳокама қилинди. Орттирилган халқаро миқёсдаги бой тажрибалар адвокатура институтининг янада жадал ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Тадбир давомида хорижий ташкилот вакиллари ҳамда адвокатлар сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими