26.04.2021

Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов сессияни модератор сифатида очиб берар экан, қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш, коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш, мазкур жараёнда жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш, замонавий экспертиза турларини жорий этиш норма ижодкорлигининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини эътироф этиб ўтди.

Таъкидлангадек, давлат томонидан тартибга солишнинг самарадорлиги ва сифати амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муваффаққиятининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу боисдан норма ижодкорлиги фаолиятининг барча босқичларида юқори сифатни таъминлаш имконини берувчи тизимли ёндашувни белгилаш зарур.

Сифатсиз тартибга солиш жамият ва давлат фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади, тадбиркорлар ва фуқароларнинг ортиқча харажатларига сабаб бўлади, давлат бошқаруви жараёнларини янада мураккаблаштиради ҳамда коррупция даражасини оширади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жамиятнинг турли қатламлари манфаатларига таъсир кўрсатиши боис, уларни ишлаб чиқиш жараёнида мазкур ҳужжатларни қўллаш натижасида у ёки бу шахслар гуруҳи учун юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни, шунингдек, коррупцияга шароит яратадиган нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади.

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш халқаро амалиётга кенг жорий қилинган институт бўлиб, ҳужжатларни қабул қилиш босқичида асоссиз ва мақсадга мувофиқ бўлмаган қарорларга чек қўйиш, амалиётга татбиқ этилаётган тартибга солишнинг белгиланган мақсадга эришиш имкониятлари, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни аниқлашда ижобий самара беради.

Сессия доирасида маҳаллий ва хорижий етакчи экспертлар, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Беларусь Республикаси Бош прокуратураси, “Jacobs, Cordova & Associates” ҳалқаро консалтинг ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси экспертлари маърузалар билан иштирок этди.

Унда миллий ва хорижий экспертларнинг Европа иттифоқидаги “сифатли тартибга солиш” амалиёти, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мамлакатларида тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва ривожланаётган мамлакатлар учун юзага келиши мумкин бўлган мураккабликлар, бюрократик бошқарувдан смарт бошқарувга ўтишнинг афзалликлари, Ўзбекистоннинг янги тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг стратегик роли, ютуқлари ва мурракабликлари ҳамда бошқа долзарб масалаларга бағишланган мавзуларда чиқишлари иштирокчиларга манзур бўлди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими