28.08.2021

28 август куни Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик раҳбарияти, марказий аппарат ходимлари, адлия тизими фаҳрийлари ҳамда адлия орган ва муассасаларининг вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида Адлия вазири Русланбек Давлетов сўзга чиқиб, барчани қутлуғ айём билан самимий табриклади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда адлия тизимида сезиларли ўзгаришлар рўй берди, энг асосийси аҳоли билан ўзаро алоқа ва очиқ мулоқот ўрнатилди. Бугунги кунда барча адлия орган ва муассасаларида 3 та асосий тамойил: ўзгаришга тайёргарлик, очиқлик сиёсати, профессионал ва тизимли ёндашувга таяниб фаолият олиб борилмоқда.

Фуқароларни ўйлантираётган, жойларда соҳа билан боғлиқ ечимини кутаётган масалаларни ўз вақтида бартараф этиш, фуқароларни адлия идоралари фаолиятидан рози қилиш ва шу орқали  халққа янада яқин бўлиш мақсадида охирги 3-4 йил ичида қилинган  ва қилинадиган ишларнинг кўлами кенг эканлиги айтиб ўтилди.

Тадбир давомида Давлатимиз мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан Президент фармонига биноан давлат мукофотларига сазовор бўлган  бир гуруҳ давлат хизматчилари қаторида Адлия вазирлиги тизимида меҳнат қилиб келаётган ходимлар, шу жумладан, адлия фаҳрийларининг “Дўстлик” ордени, “Содиқ хизматлари учун” ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлиги эътироф этилиб, мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

Адлия вазирлиги тизимида ўз  самарали меҳнати, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда қўшиб келаётган ҳиссаси учун бир гуруҳ ходимлар “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.

Фурсатдан фойдаланиб, Адлия вазирлиги жамоаси ҳамюртларимизни Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан чин дилдан табриклайди. Уларга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ҳамда хонадонларига тинчлик - хотиржамлик, файзу - барака тилайди.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик
 билан алоқалар бўлими