24.08.2022

Жорий йилнинг 23 август куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов ҳамда Хельсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази директори Туия Бракс ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда адлия вазири ўринбосари М.Икрамов меҳмонларга вазирлик фаолияти ҳамда охирги йилларда республикамизда амалга оширилаётган ҳуқуқий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Хельсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази директори Т. Бракс ушбу йўналишда ўтказилаётаган ислоҳотларни ижобий баҳолади.

Томонлар БМТ Тараққиёт Дастури ҳамда Финляндиянинг Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган «Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» лойиҳаси доирасидаги тадбирларга Хельсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги марказининг иштироки масаласини муҳокама қилишди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистонда ҳуқуқий ва институционал асосларни мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаш орқали бепул юридик ёрдам ҳамда инсонга йўналтирилган ҳуқуқий ва давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш, юридик кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш масалалари бўйича ҳам фикр алмашишди.

Учрашув якунида томонлар ҳуқуқ ва адлия соҳасида ўзаро истиқболли ҳамкорликни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими